Рақамли маконда ёшлар онги учун кураш
МАҚОЛА

Валишер ДАВЛЯТОВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти директори ўринбосари, юридик фанлари доктори, профессор
Яқинда Самарқанд шаҳрида 24 давлат ҳамда 5 та халқаро ташкилот вакиллари иштирокида бўлиб ўтган “Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс” биринчи экспертлар мулоқотида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Унда ҳозирги кескин ва мураккаб замонда жамият равнақи ва хавфсизлигига таҳдид солаётган ҳолатлар келтирилди. Таъкидланганидек, бугун геосиёсий кескинлик кучаймоқда, қуролли можаролар авж олмоқда. Ахборот хавфсизлиги, муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилиш ва давлатнинг янгича шакллардаги бузғунчи таъсирларга нисбатан барқарорлиги тобора долзарблашмоқда. Рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва глобал коммуникация воситалари тараққиёт учун кенг имконият очиш билан бирга мутлақо янги муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Айниқса, кибермакон жамоатчилик онгини бошқариш ва ёлғон ахборот тарқатиш каби воситалар тобора фаол қўлланаётган асосий тўқнашувлар майдонига айлангани таассуфли.
КАФТИМИЗДАГИ “ХАТАР”
Илгари хавфсизлик деганда кўпчилик чегараларни қўриқлаш ва ҳарбий кучларни тасаввур қилар эди. Бугун эса таҳдид уйимизга эшикдан эмас, қўлимиздаги смартфон орқали кириб келмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-август ойларида мамлакатимизда 10 ёш ва ундан катта аҳолининг 97,3 фоизи интернетдан фойдаланган. Ваҳоланки, беш йил олдин бу рақам 76,6 фоиз бўлган. Жорий йил бошида мобиль интернет абонентлари сони 33,3 миллионга етган, фойдаланувчиларнинг ўртача ёши эса 29,5 ёшни ташкил этган. Бошқача айтганда, аҳолимизнинг аксарияти кунининг катта қисмини рақамли маконда ўтказмоқда.
Президентимиз айнан шу маконда террорчи ташкилотлар фаоллашаётганидан жиддий ташвиш билдирди. Интернет платформалари радикал ғояларни тарғиб қилиш, янги тарафдорларни оғдириш, маблағ тўплаш ва давлат чегараларини тан олмайдиган экстремистик бирлашмаларни шакллантириш воситасига айланиб бормоқда. Бундай шароитда эса, табиийки, аҳолининг энг кўп хавф остидаги қатлами ёшлар бўлиб қоляпти.
Ҳеч ким бир кунда радикалга айланмайди. Бу жараён кўпинча қизиқарли кўринган видео, ўзини ғамхўр қилиб кўрсатган «дўст» ёки адолатсизликдан норози кайфиятга ҳамдардлик билдирувчи гуруҳдан бошланади. Аста-секин ёш йигит-қиз ёхуд ўсмир оиласидан, маҳалласидан, тенгдошларидан узоқлаша боради. Радикаллашув мураккаб ижтимоий жараён, унинг олдини фақат контентни блоклаш билан олиб бўлмайди. Президентимиз ҳам ҳодисаларга кейин муносабат билдириш билан чекланмасдан, хавф-хатарларнинг олдини олиш, ахборот алмашиш ва миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратди.
ЭНГ КАТТА БОЙЛИГИМИЗ
Биринчи экспертлар мулоқотида маълум қилинишича, фақат 2026 йилнинг ўзида экстремистик ва террорчилик хусусиятига эга 49 мингдан зиёд интернет-ресурс аниқланган. Бу 2025 йилдаги кўрсаткичдан 14 фоизга кўп. Сунъий интеллект ҳам вазиятни ўзгартирмоқда. Генератив технологиялар радикал тарғиботни автоматлаштириш имконини бермоқда. Таниқли инсонларнинг қиёфаси ва овозидан фойдаланиб, сохта видеоларни яратиш ҳам тобора осонлашиб бормоқда. Шу маънода 2026 йил 21 январдаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов берганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача жарима белгилангани муҳим ҳимоя чорасидир.
Яна бир жиҳат. 2026 йилги Глобал терроризм индексида Ўзбекистон 96-ўринни эгаллаб, терроризм таъсири паст бўлган давлатлар қаторидан жой олган. Бинобарин, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик энг катта бойлигимиздир. Бироқ юқоридаги рақамлар бу бойликни ҳар куни асраш кераклигини, таҳдид эса тобора рақамли маконга кўчаётганини кўрсатмоқда. Кўп миллатли ва кўп конфессияли жамиятимиз учун миллатлараро ва динлараро тотувлик тараққиёт пойдевори ҳисобланади. Уни ичкаридан емиришга уриниш эса бугунги таҳдидларнинг энг хавфли кўринишидир.
ХАВФСИЗЛИК ҲАР БИР ХОНАДОНДАН БОШЛАНАДИ
Оилада фарзанд нимани кўраётгани ва ким билан ёзишаётгани билан қизиқиш, тақиқлашдан кўра суҳбатлашиш, бола бегона одам билан мулоқотини ота-онасига бемалол айта оладиган ишончли муҳитни яратиш бугунги кунда жуда муҳим. Мактаб ва олийгоҳларда медиасаводхонлик ва танқидий фикрлаш, яъни ахборот манбасини текшириш, ундан ким манфаатдор эканини ўйлаш кўникмаси ўргатилиши лозим. Маҳалла ва ёшлар ташкилотлари оғир аҳволдаги, иш ёки эътибор излаётган ёшлар билан манзилли ишлаши, блогерлар ва журналистлар эса ёшлар тилида "гапирадиган" мазмунли контент яратиши керак.
Парламент учун ҳам вазифалар аниқ. Давлатимиз раҳбари 2 ноябрда экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонунни имзолади. Унга кўра, тақиқланган экстремистик ташкилотларда иштирок этиш беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, Адлия вазирлиги экстремистик ташкилот ва материалларнинг очиқ электрон реестрини юритади. Жазони ўтаб бўлганлар учун бир йилгача муддатга якка тартибдаги ижтимоий мослаштириш дастури жорий этилади. Бу нормаларни амалга ошириш учун зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида қабул қилиниши ва уларнинг ижроси парламент назоратида бўлиши лозим. Янги қонунга кўра, экстремизмнинг олдини олиш давлат дастурини Давлат хавфсизлик хизмати бошқа идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиқади, уни Президент тасдиқлайди. Ана шу дастурда онлайн радикаллашув, сунъий интеллект билан боғлиқ хатарлар ва ёшлар ўртасида рақамли профилактика устувор йўналиш бўлиши мақсадга мувофиқ.
Рақамли дунёда ёшлар онгу тафаккури учун жиддий кураш кечмоқда.
❝ Шубҳасиз, бу курашда ғалаба тақиқ билан эмас, маърифат, оилавий меҳр, жамиятнинг ҳамжиҳатлиги ва давлатлар ўртасидаги ишончли ҳамкорлик билан қўлга киритилади. ❞
Валишер ДАВЛЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти директори ўринбосари, юридик фанлари доктори, профессор





















