Қизиқарли фактлар

ТАҲЛИЛ
Шиша гумбаз, тескари қубба ва оролдаги парламент: дунёнинг энг қизиқарли парламент бинолари
Парламент биноси, шунчаки депутатлар йиғиладиган жой эмас. Унинг шакли, материали, ҳатто қаерга қурилгани ҳам давлат ўз парламентини қандай тасаввур қилишини кўрсатади. Баъзи бинолар шаффофликни, бошқалари халқ ҳокимият устида туришини, яна бирлари эса миллий ғурурни ифодалайди.
Қуйида ана шундай ўнта бино ҳақида ҳикоя қиламиз, сўнгида эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биносига тўхталамиз. Ҳар бир бинога оид маълумотлар шу парламентнинг ўз расмий манбаларидан олинган, ҳаволалар мақола охирида келтирилган.
1. Германия. Рейхстаг биноси: халқ депутатлар устидан юради
Рейхстаг биносининг шиша гумбази ва том терраси. Фото: © Деутсчер Бундестаг. Манба: бундестаг.де
Берлиндаги Рейхстаг биноси XIX аср охирида қурилган ва 1894-йил декабрда очилган. Унинг пештоқига “Дем Деутсчен Волке” — “Немис халқига” деган ёзув битилган. Бино мураккаб тарихни бошдан кечирган. 1933-йил февралидаги ёнғин Германияда парламент демократиясининг тугашига ишора бўлган.
Германия бирлашгач, 1991-йилда Бундестаг 338 га қарши 320 овоз билан ўз қароргоҳини Бонндан Берлинга кўчиришга қарор қилди. Халқаро танлов натижасида британиялик меъмор Норман Фостер бинони қайта қурди ва унинг устига замонавий шиша гумбаз ўрнатди. Янгиланган бино 1999-йил 19-апрелда тантанали равишда топширилди.
Қизиқ факт. Гумбазнинг баландлиги 23,5 метр, диаметри 40 метр. Уни қуришга 800 тонна пўлат ва 3 000 кв. метр шиша ишлатилган. Ташриф буюрувчилар гумбаз ичидаги айланма йўлаклар бўйлаб юқорига кўтарилиб, пастдаги мажлислар залини кузатиши мумкин. Гумбаз марказидаги ойнали конус эса залга табиий ёруғлик ва ҳаво етказиб беради.
Нимани англатади? Бундестагнинг ўзи гумбазни парламент ислоҳоти, шаффофлик ва очиқлик рамзи деб атайди. Айнан шу гумбаз туфайли Бундестаг дунёдаги энг кўп ташриф буюриладиган парламентга айланган.
2. Венгрия. Будапештдаги Мамлакат уйи: 40 килограмм олтин ва икки тенг зал
Будапештдаги Венгрия парламенти биноси (Орсзáгҳáз).
Дунай бўйидаги бу бино 17 йил давомида (1885–1902-йилларда) қурилган ва бугун Венгрия ҳамда Будапештнинг рамзига айланган. Лойиҳа муаллифи — меъмор Имре Стеиндл. Қурилишда асосан венгер материалларидан фойдаланиш ва маҳаллий ҳунармандларни жалб қилиш мақсад қилинган, безакларда эса Карпат ҳавзаси ўсимликлари акс эттирилган.
Бино ўлчамлари ҳам ҳайратланарли. Умумий майдони қарийб 18 минг кв. метр, ҳажми 473 минг куб метр. Расмий маълумотга кўра, бу ҳажмга элликта олти қаватли турар жой биноси сиғади. Қурилишга 40 миллионга яқин ғишт ишлатилган, фасадни Венгрия тарихидаги буюк шахсларни тасвирловчи 90 та ҳайкал безаб туради. Бино Дунай соҳили панорамасининг асосий унсури сифатида YuNESKO Бутунжаҳон мероси таркибига киритилган.
Қизиқ факт. Безак учун 22–23 каратли 40 килограммга яқин олтин сарфланган.
Нимани англатади? Гумбазнинг икки томонида қурилиш давридаги қуйи ва юқори палата заллари жойлашган. Иккала зал ҳажми ва шакли жиҳатидан бир хил — бу икки палатанинг тенг ҳуқуқлилигини билдиради. Улар ўртасидаги гумбаз эса қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг бирлигини ифодалайди.
3. Бразилия. Миллий Конгресс: бири очиқ, бири тескари қубба
Бразилиядаги Миллий Конгресс биноси: чапда Сенатнинг пастга қараган гумбази, ўнгда Депутатлар палатасининг очиқ “косаси”. Манба: Бразилия Миллий Конгресси расмий сайти (congressonacional.лег.бр)
Бу бино Бразилиянинг янги пойтахти билан бир кунда (1960-йил 21-апрелда) очилган. Уни меъмор Оскар Нимеер лойиҳалаган. Горизонтал асосий бино устида иккита гумбаз туради: кичиги пастга қараган, унинг остида Федерал Сенатнинг мажлислар зали жойлашган; каттаси юқорига очилган, бу Депутатлар палатасининг зали. Уларнинг орқасида 28 қаватли иккита минора қад ростлаган. Бири палатага, иккинчиси Сенатга тегишли.
Нимеер бу лойиҳа устида 1957-йилда камида беш ой ишлаган, ўша даврдан 130 варақ турли эскиз сақланиб қолган. Баъзи вариантларда гумбазлар умуман бўлмаган, баъзиларида эса улар пастга қараган. Меъмор Конгресс биносини Бразилиядаги энг севимли иши деб атаган.
Қизиқ факт. Халқ орасидаги машҳур талқинга кўра, палата гумбази каттароқ, чунки депутатлар сони кўп, юқорига очилгани эса халқ вакиллари халқ тилакларини тинглашга очиқ эканини билдиради. Нимеернинг ўзи эса гумбазларнинг жойлашуви “фақат эстетика” эканини айтган.
Нимани англатади? Икки хил шакл бу ерда иккита алоҳида палата борлигини кўрсатади, лекин иккаласи ҳам битта умумий асосга таянади.
4. Австралия. Канберрадаги Парламент уйи: халқ ҳукуматдан юқорида
Австралия Парламент уйининг ҳаводан кўриниши: икки эгри девор ва майса билан қопланган том. Фото: ДПС Auspic. Манба: Австралия парламентининг Таълим бошқармаси (пео.гов.ау)
Австралия парламенти биноси тепалик устига эмас, тепалик ичига қурилган. Қурилиш жараёнида бир миллион куб метр тупроқ ва тош олиб ташланган. Бино қуриб бўлингач, тупроқ қайта том устига ётқизилган, тепалик шакли тикланган ва устига майса экилган. Лойиҳа 28 мамлакатдан келган 329 та таклиф орасидан танланган. Бино 1988-йил 9-майда очилган ва қурилиши 1,1 миллиард Австралия долларига тушган.
Меъмор Ромалдо Жургола ғояни шундай изоҳлаган: агар бино тепалик устига қурилса, бу ҳукуматнинг халққа мажбурлаб юкланишини англатар эди. Шунинг учун у тепалик билан уйғунлашиб, худди ҳақиқий демократия каби ер бағридан ўсиб чиқиши керак эди.
Қизиқ факт. Бинода 4 500 та хона ва 22 километр йўлак бор, устидаги байроқ устунининг баландлиги 81 метр. Бино 200 йил хизмат қилишга мўлжалланган.
Нимани англатади? Ташриф буюрувчилар бинонинг майсали томида юра олади. Австралия парламентининг Таълим бошқармаси буни шундай изоҳлайди: бу халқ ҳукуматдан юқорида туришини рамзий ифодалайди.
5. Бангладеш. Жатия Сангсад Бҳабан: ёруғлик ва сув меъморчилиги
Даккадаги Бангладеш Миллий парламенти биноси (Жатия Сангсад Бҳабан).
Даккадаги Бангладеш парламенти биносини америкалик меъмор Луис Кан лойиҳалаган, у 1962–1982-йилларда қурилган. Мажмуа 215 акр (тахминан 87 гектар) ҳудудни эгаллайди ва дунёдаги энг йирик қонунчилик мажмуаларидан бири ҳисобланади. Бинони уч томондан кўл ўраб туради. Расмий сайтда бу Бангладешнинг дарёларга бой табиатини акс эттириши таъкидланган.
Меъмор жазирама қуёш ва табиат инжиқликларидан ҳимояланиш учун оддий деразалар ўрнига фасадда чуқур айвонлар ва улкан, тўғри геометрик шаклдаги очиқликлар яратган. Айнан шу очиқликлар бинонинг энг таниш қиёфасига айланган.
Қизиқ факт. Мажлислар залининг баландлиги 117 фут (тахминан 36 метр). Параболик том остидаги тирқишдан тушган кундузги ёруғлик деворлардан қайтиб, залга таралади. Сунъий ёритиш эса кундузги ёруғликка тўсқинлик қилмайдиган қилиб ўйланган. Бино 1989-йилда Огахон меъморчилик мукофотига сазовор бўлган.
Нимани англатади? Луис Кан учун асосий унсур ёруғлик бўлган. Унинг ўз сўзлари билан айтганда, у йиғилиш залига “ёруғлик берувчи унсур” киритган.
6. Шри-ланка. Котте: кўл ўртасидаги оролдаги парламент
Дияванна кўли ўртасидаги оролда жойлашган Шри-ланка парламенти. Фото: © Парлиамент оф Сри Ланка. Манба: парлиамент.лк
Коломбодаги эски парламент биносига жой етишмай қолгач, Шри-жаяварденепура-котте шаҳрида, Дияванна кўли ўртасидаги 16 акрлик кичик оролда янги парламент мажмуаси қурилди. Қурилиш 1979-йилда бошланган, бино 1982-йил 29-апрелда тантанали равишда очилган.
Бош меъмор шриланкалик Жеффри Бава, қурилишни эса икки Митсуи компаниясидан иборат япон консорсиуми 26 ойда бажарган. Расмий маълумотга кўра, бинонинг барча меъморий ечимларида Шри-ланка анъаналарига устуворлик берилган.
Қизиқ факт. Мажлислар залининг кириш эшиги мисдан ясалиб, кумуш билан қопланган. Залда Шри-ланка Конституциясининг муқаддимаси уч тилда — синҳал, тамил ва инглиз тилларида ўйиб ёзилган.
Нимани англатади? Мажмуа атрофида анъанавий услубдаги “амбалам”лар — дам олиш айвончалари қурилган. Улар сиёсатчилар ва сайловчиларни бир-бирига яқинлаштириш, суҳбат учун жой яратиш мақсадида барпо этилган.
7. Буюк Британия. Вестминстер саройи: ёнғиндан кейин қайта туғилган рамз
Лондондаги Вестминстер саройи — Британия парламентининг қароргоҳи.
1834-йилда тасодифий ёнғин эски Вестминстер саройини деярли бутунлай ёқиб юборди. Фақат бир неча қисм, жумладан, Вестминстер зали омон қолди, у бугун ҳам парламентнинг энг қадимий биноси ҳисобланади. Янги бино учун эълон қилинган танловда меъмор Чарлз Барри ғолиб чиқди. Ички безакларни (ўймакор панеллар, гулқоғозлар, сопол пол плиткалари, мебел ва ҳатто эшик тутқичларигача) готика уйғониши услубининг устаси Огастес Пюжин яратди.
Пойдевор тоши 1840-йилда қўйилди. Лордлар палатаси янги залга 1847-йилда, Жамоалар палатаси эса 1852-йилда кўчиб ўтди, бино асосан 1870-йилда ниҳоясига етди. 1941-йил май ойида ҳаво ҳужуми Жамоалар палатаси залини вайрон қилди, уни меъмор Жайлс Гилберт Скотт қайта тиклади.
Қизиқ факт. Саройдаги Виктория минораси 1860-йилда қуриб битказилганда дунёдаги энг баланд ва энг катта тўртбурчак минора деб эълон қилинган. Байроқ устуни асосигача баландлиги 98 метр. Машҳур соат минораси бугун Елизавета минораси деб аталади, “Биг Бен” эса унинг ичидаги қўнғироқнинг номи.
Нимани англатади? Сарой 1987-йилда YuNESKO Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Парламентнинг Вестминстер саройи бўйича қўшма қўмитаси уни кўпчилик Британия демократиясининг рамзи деб биладиган бино сифатида таърифлайди.
8. Руминия. Бухарестдаги Парламент саройи: рекордлар биноси
Бухарестдаги Парламент саройи (Палатул Парламентулуи).
Бухарестдаги Парламент саройи Николаэ Чаушеску ҳукмронлиги даврида, мамлакат оғир иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечираётган пайтда қурилган. Мақсад барча марказий давлат органларини битта бинога жамлаш эди. Бош меъмор — 28 ёшида бино учун ўтказилган танловларда ғолиб чиққан Анка Петреску.
1980-йилдан бошлаб қурилиш учун Бухарест ҳудудининг бешдан бир қисми бузиб ташланган. Энг қизғин даврда 20 мингга яқин ишчи кеча-кундуз уч сменада меҳнат қилган, қурилишда жами 100 мингдан ортиқ киши қатнашган. 1989-йил инқилоби пайтида бино 60 фоизга тайёр эди, ишлар 1992–1996-йилларда секинроқ суръатда давом эттирилган.
Қизиқ факт. Бинонинг умумий майдони 365 минг кв. метр. Депутатлар палатаси сайтига кўра, бино фуқаролик мақсадидаги маъмурий бинолар орасида дунёда биринчи, ҳажми бўйича эса учинчи ўринда туради. Узунлиги 270 метр, кенглиги 245 метр, баландлиги 84 метр, ер остига яна 16 метр чуқурликка тушади. Қурилишга бир миллион куб метр мармар ишлатилган.
Нимани англатади? Тоталитаризмни улуғлаш учун қурилган бу бино бугун Депутатлар палатаси, Сенат, Конституциявий суд ва Қонунчилик кенгашига қароргоҳ бўлиб хизмат қилади. Расмий сайтда таъкидланганидек, у шу институтлар орқали демократия рамзига айланган.
9. Уэлс. Сенедд: шиша деворлар ва форс “шамолгир”и
Кардифф кўрфази соҳилидаги Сенедд биноси. Манба: Уэлс парламентининг расмий сайти (сенедд.wales)
Уэлс парламентининг биноси Кардифф кўрфази соҳилида жойлашган. Уни лорд Ричард Рожерс ва Айван Харбор лойиҳалаган, бино 2006-йил 1-мартда Уэлснинг ҳомийси Авлиё Девид кунида очилган. Қизиғи шундаки, бино учун ер 150 йилга рамзий 1 фунт стерлингга ижарага олинган.
Бинонинг деворлари шишадан қилинган. Расмий сайтдаги изоҳга кўра, бу ичкарида олиб борилаётган ишнинг шаффофлигини билдиради. Жамоатчилик сиёсатчиларнинг ишини кўра олади, депутатлар эса ташқи дунёга қараб ишлайди.
Қизиқ факт. Мажлислар зали устидаги улкан воронка залга кундузги ёруғлик ва тоза ҳаво олиб киради. Унинг тепасидаги, шамол йўналишига қараб буриладиган қалпоқ қадимги форс технологиясидан илҳомланиб яратилган. Бу бизнинг минтақамизга ҳам таниш бўлган анъанавий бадгир (шамолгир) услубини эслатади. Бино 100 метр чуқурликдаги 27 та қудуқли ер иссиқлик насоси, биомасса қозони ва ёмғир сувини йиғиш тизими билан жиҳозланган. У Уэлсда БРЕЭАМ тизими бўйича “аъло” экологик баҳони олган биринчи бино бўлган.
Нимани англатади? Расмий сайтда бинонинг асосий тамойиллари сифатида очиқлик, шаффофлик ва экологик барқарорлик кўрсатилган.
10. Европа парламенти: битта парламент, учта шаҳар
Страсбургдаги Луи Вейс биноси — Европа парламентининг расмий қароргоҳи. Фото: Фред Марваух. © Эуропеан Унион 2017 – Source: ЭП. Манба: Европа парламентининг Мултимедиа маркази
Европа парламентининг расмий қароргоҳи Франсиянинг Страсбург шаҳрида жойлашган. Бироқ қўмиталар Брюсселда йиғилади, парламент котибияти эса Люксембургда ишлайди. Бу тартибни 1992-йилда аъзо давлатлар ҳукуматлари бир овоздан белгилаган, 1997-йилда эса у Европа Иттифоқи шартномасига киритилган.
Натижада 720 нафар депутат ҳар ой (августдан ташқари) тўрт кунлик ялпи сессия учун Страсбургга йўл олади, қўшимча сессиялар эса Брюсселда ўтказилади. Масалан, 2026-йилга 15 та ялпи сессия режалаштирилган: 12 таси Страсбургда, 3 таси Брюсселда.
Қизиқ факт. Парламентнинг 2009-йилдаги расмий маълумотига кўра, ишни Брюссел ва Страсбург ўртасида тақсимлаш ҳар бир асосий ялпи сессия учун қўшимча 10 миллион еврога яқин харажат талаб қилган. Бу тартибни ўзгартириш учун барча аъзо давлатлар бир овоздан янги шартнома қабул қилиши ва уни ўз парламентларида ратификация қилиши керак.
Нимани англатади? Страсбург 1952-йилдан бери Европа парламентчиларининг йиғилиш жойи бўлиб келган ва Франция билан Германия ярашувининг рамзи ҳисобланади. Шу билан бирга, 2012-йилда парламент депутатларининг 78 фоизи аъзо давлатларни бу масалага оид позициясини қайта кўриб чиқишга чақирган.
Бизда-чи? Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Тошкентдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биноси.
Тошкентдаги Олий Мажлис биноси 1997-йилда шиша ва бетондан қурилган, қимматбаҳо мармар турлари билан қопланган. Бугун унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолият юритади. Лойиҳа муаллифи — меъмор Валерий Акопжанян. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий сайтида қайд этилишича, лойиҳа устида ишлаган жамоа турли мамлакатларнинг парламент биноларини ўрганган ва Шарқ меъморчилигининг анъанавий композиция усулларини қўллаган.
Бино томонлари 86 метрлик куб шаклида. Оқ куб ва унинг қора тусли ойналари устида диаметри 35 метр, баландлиги 11,5 метр бўлган феруза ранг гумбаз қад ростлаган. Баландлиги 32 метр бўлган мажлислар зали 350 нафар депутатга мўлжалланган, иккинчи қаватда журналистлар ва дипломатлар учун жойлар ажратилган. Бино ёнида Адиблар хиёбони жойлашган “Миллий богʻ” ва халқ ҳунармандлари устахоналари жойлашган Абулқосим мадрасаси бор.
Олий Мажлис Сенати 2021-йил ноябрь ойидан Ислом Каримов кўчасидаги янги бинода ишламоқда. Президентнинг расмий сайтида маълум қилинишича, бунинг учун олти қаватли эски бино тубдан реконструксия қилинган ва қўшимча объектлар қурилган. Бинода Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлислари учун миллий нақшлар билан безатилган, 280 ўринли зал ташкил этилган.
Қизиқ факт. Қонунчилик палатаси биносини 36 та устунга таянган, ҳар бири 18 метр баландликдаги соябонли айвонлар ўраб туради. Одатда бино ичида бўладиган айвон бу ерда ташқарига чиқарилган: бу бинонинг тантанаворлигини кучайтиради ва унга енгиллик бахш этади. Бино рамзий аҳамиятга ҳам эга: 1998-йилда Марказий банк “ОЛИЙ МАЖЛИС БИНОСИ” ёзуви туширилган 100 сўмлик кумуш эсдалик танга чиқарган.
Нимани англатади? Олий Мажлис биноси жаҳон парламент меъморчилиги тажрибасини миллий анъаналар — айвон, гумбаз ва нақш билан уйғунлаштиради. Сенатнинг янги биносини кўздан кечириш чоғида Президент Шавкат Мирзиёев залга қуёш нури тушиб туриши иштирокчиларнинг кайфияти ва ишига яхши таъсир қилишини таъкидлаган.
Бир қарашда
Хулоса ўрнида
Бу биноларнинг барчасини битта умумий жиҳат бирлаштиради: уларнинг ҳар бири ўз даврида парламент ва жамият ўртасидаги муносабат қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги тасаввурни акс эттиради.
XIX асрда қурилган Вестминстер ва Будапешт бинолари миллат қудрати ва ғурурини намоён этишга интилган. XX аср охири ва XXI аср бинолари — Берлин гумбази, Канберранинг майсали томи, Кардиффнинг шиша деворлари — бошқа ғояни илгари суради: парламент халққа очиқ ва шаффоф бўлиши, фуқаро эса унинг ишини ўз кўзи билан кўра олиши керак.
Манбалар
Бундестаг — Фром тҳе Парлиаментарй Council то тҳе мост виситед парлиамент ин тҳе world.
Бундестаг — Реичстаг доме: виситор регистратион (гумбаз расми манбаси).
Бундестаг (архив) — Реичстаг, рооф, доме.
Бундестаг (архив) — Тҳе conversion: лоокинг то тҳе футуре.
Бундестаг (архив) — Тҳе Бундестаг ат а glance (ПДФ).
Орсзáггйűлéс — Абоут тҳе Ҳоусе оф Парлиамент.
Орсзáггйűлéс — Аз Орсзáгҳáз леíрáса.
Congresso Nacional — Арқуитетура (расм манбаси).
Câмара дос Депутадос — Палácio до Congresso Nacional completa 65 анос.
Сенадо Нотícias — Rascunhos до Congresso десмонтам идеиа де қуэ обрас nasciam сем эсфорчо.
Câмара дос Депутадос — Виситинг тҳе Чамбер.
Парлиамент оф Аустралиа — Таке ин соме ҳисторй.
Парлиаментарй Education Office — Why ис тҳере грасс он тҳе рооф оф Парлиамент Ҳоусе? (расм манбаси).
Парлиаментарй Education Office — How лонг дид ит таке то буилд тҳе Парлиамент Ҳоусе?.
Парлиаментарй Education Office — Аустралиан Парлиамент Ҳоусе опенед.
Парлиамент оф Аустралиа — Аппендих 1: Facts анд statistics.
Бангладеш Парлиамент — Бангладеш Парлиамент Буилдинг.
Бангладеш Парлиамент — Architect анд Парлиамент.
Бангладеш Парлиамент — Ҳисторй анд Буилдинг.
Бангладеш Парлиамент (50 йиллик) — Architecture Парлиамент.
Парлиамент оф Сри Ланка — Парлиамент Буилдинг ат Diyawanna completes 40 еарс (расм манбаси).
Парлиамент оф Сри Ланка — Эволутион оф тҳе Парлиаментарй Сйстем.
УК Парлиамент — Десигнинг а New Palace оф Westminster.
УК Парлиамент — Ҳоусе оф Лордс буилдинг.
УК Парлиамент — А пурпосе-буилт ҳоме (Victoria Tower).
УК Парлиамент — Ресторатион анд Renewal оф тҳе Palace оф Westminster (Жоинт Committee репорт).
УК Парлиамент Ҳеритаге Collections — Тҳе Architects: Баррй, Пугин анд Scott.
Camera Депутаțилор (CIC) — Clăдиреа Палатулуи Парламентулуи.
Сенедд Cymru — Тҳе Сенедд: а ландмарк буилдинг.
Сенедд Cymru — Сенедд ат 15 (расм манбаси).
Сенедд Cymru — Фиве сурприсинг facts абоут тҳе Сенедд.
Эуропеан Парлиамент — Why доэс Парлиамент мове between Брусселс анд Страсбоург?.
Эуропеан Парлиамент — Тҳе Эуропеан Парлиамент: органисатион анд оператион.
Эуропеан Парлиамент — Парлиамент адоптс итс calendar фор 2026.
Эуропеан Парлиамент — ФАҚ абоут Мепс анд тҳе Эуропеан Парлиамент, 2009 (ПДФ).
Эуропеан Парлиамент — Репорт он тҳе location оф тҳе сеатс оф тҳе EU Институтионс (2013).
Эуропеан Парлиамент Мултимедиа Centre — Лоуисе Weiss буилдинг (расм манбаси).
Тошкент шаҳар ҳокимлиги — Легислативе Чамбер оф тҳе Олий Мажлис Буилдинг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий сайти — Сенатнинг янги биноси қурилиши кўздан кечирилди (15.01.2021).
Кун.уз — Қонунчилар қароргоҳи: Ўзбекистон Сенатининг янги биносига фотосаёҳат (17.02.2022).
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки — “Олий Мажлис биноси” эсдалик тангаси (1998).
💬 Расмлар тегишли парламентларнинг расмий сайтларидан олинган, муаллифлик ҳуқуқи уларнинг эгаларига тегишли. Европа парламенти расмидан фойдаланиш шарти: манбани кўрсатиш мажбурий.




















