Давлат байроғи — халқ бирлиги ва миллий ифтихор тимсоли
МАҚОЛА

Лазиза НИЁЗОВА
Парламент тадқиқотлари институти Суд-ҳуқуқ соҳасида тадқиқотлар бўлими ходими
Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинганига 35 йил тўлди. Бугунги кунда у нафақат давлат суверенитети, балки халқ бирлиги ва миллий ғурур тимсоли сифатида ҳар бир хонадонга кириб бормоқда.
Давлат байроғи — халқ бирлиги ва миллий ифтихор тимсоли
Халқаро мусобақада юртдошимиз шоҳсупага кўтарилганида, аввало, унинг юзидаги қувончни кўрамиз. Байроғимиз кўтарилиб, мадҳиямиз янграганда эса бу қувончга бутун юрт шерик бўлади. Ўша лаҳзада минглаб хонадонларда бир сўз янграйди — «Ютдик!»
«Ютди» билан «ютдик» ўртасидага фарқ биргина ҳарфда. Аммо шу бир ҳарфда бутун бир юртнинг ғалабага дахлдорлик туйғуси мужассам. Шоҳсупада бир инсон турибди. Унинг шарафига кўтарилган байроқни эса ҳар биримиз ўзимизники деб биламиз.
Бугун, 18 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинганига 35 йил тўлди. 1991 йилнинг шу куни Олий Кенгаш «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги 407-XII-сон Қонунни қабул қилди. Ўшандан буён мустақил Ўзбекистонни дунёга танитиб келаётган байроқ остида бутун бир авлод улғайди.
«Биз» сўзининг конституциявий маъноси
Конституциямиз «Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи…» деган сўзлар билан бошланади. Муқаддимадаги шу «биз»нинг мазмуни кейинги моддаларда очилади. 7-модда халқни давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи сифатида эътироф этади. 8-моддага кўра эса, Ўзбекистон халқини миллати қандай бўлишидан қатъи назар, мамлакатимизнинг барча фуқаролари ташкил этади. Демак, шоҳсупага қараб турган ҳар бир юртдошимиз Конституциядаги шу «биз»нинг бир қисмидир.
«Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддаси байроқни давлат суверенитетининг рамзи, 3-моддаси эса халқаро муносабатларда Ўзбекистоннинг тимсоли сифатида белгилайди. Тақдирлаш маросимида бу қоидаларнинг маъносини яққол кўрамиз. Ғолибнинг исми айтилганда унинг шахсий меҳнати эътироф этилади. Байроқ кўтарилганда эса дунё бу инсон қайси мамлакат номидан майдонга чиққанини кўради. Биз «Ютдик!» деганда айнан шу боғлиқликни ҳис қиламиз.
Байроқни ўзимизники деб билиш унга эҳтиром билан муносабатда бўлиш масъулиятини ҳам англатади. Конституциянинг 5-моддасига кўра, Ўзбекистоннинг давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳияси қонун билан тасдиқланади ҳамда давлат ҳимоясида бўлади. Давлат байроғи тўғрисидаги Қонуннинг 13-моддаси эса бу ҳимоянинг шахсга тааллуқли жиҳатини аниқ белгилайди. Байроқни ҳурмат қилиш Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам, мамлакатимиз ҳудудида турган бошқа шахслар учун ҳам мажбурийдир. Байроқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Хонадондаги байроқ — ифтихор ва масъулият
«Ютдик!» деган қувончни шоҳсупадан олисда, ўз хонадонимизда ҳам ҳис қиламиз. Шундай пайтда экранда кўтарилган байроқни ўзимиз ҳам қўлга олгимиз келади. Давлат байроғи тўғрисидаги Қонуннинг аввалги таҳририда байроқ расмий маросимларда қаерда ва қачон кўтарилиши батафсил белгиланган эди. Фуқаро байроқдан кундалик ҳаётда, хусусан, ўз уйида ёки иш жойида қандай фойдаланиши мумкинлиги эса аниқ ифодаланмаган эди.
2023 йил 7 июлда имзоланган ЎРҚ-853-сон Қонун шу масалага аниқлик киритди. Давлат байроғи тўғрисидаги Қонун 5-моддасининг иккинчи қисми янги таҳрирда баён этилиб, байроқдан фойдаланиш мумкин бўлган ҳолатлар қаторида оилавий байрамлар, хотира саналари, спорт мусобақалари ва маданий тадбирлар ҳам кўрсатилди. Моддага қўшилган учинчи қисм эса фуқарога байроқни ўз хонадонида, иш жойида, уларга туташ ҳудудларда, жамоат жойларида ва транспорт воситаси салонида ҳам намойиш этиш имконини бевосита белгилади.
Қонунда Олий Мажлис палаталари биноларида Давлат байроғи доимий равишда кўтарилиши белгиланган. Хонадон пештоқига байроқ илишни эса ҳар бир оила ўз ихтиёри билан ҳал қилади. 2023 йилги ўзгартиришлар фуқаронинг ана шу танловига аниқ ҳуқуқий асос берди. Энди юртдошининг ғалабасидан қувониб «Ютдик!» деган оила ўз хонадонида ҳам байроқ кўтариб, шу ютуққа дахлдорлигини ифода этиши мумкин.
Хонадонга байроқ илиш — фуқаронинг ихтиёри, давлат рамзига ҳурмат билан муносабатда бўлиш эса қонун талабидир. Қонун бу талабнинг амалда нимани англатишини ҳам аниқ белгилайди. Оилавий тантанада уй пештоқига илинган байроқ шу оиланинг Ватанга дахлдорлик туйғусини ифодалайди. Бироқ, байроқни дастурхон сифатида ишлатишга ёки унинг тасвирини бир марта фойдаланиб, ташлаб юбориладиган буюмларга туширишга йўл қўйилмайди. Бу қоидалар замирида байроқнинг қадрини у ҳилпираган ҳар бир жойда — давлат идорасида ҳам, хонадонда ҳам — асраш мақсади бор.
Эҳтиром оиладан бошланади
Бола байроғимизни рангларидан, ярим ой ва ўн икки юлдуз тасвиридан танийди. Уни нега авайлаш кераклигини эса кўпинча катталарнинг муносабатидан англайди. Байрам арафасида ота-онаси билан бирга хонадонга байроқ илиш ҳам шундай тарбия учун бир фурсат. Бола байроқни ўз қўли билан тутганида, унга нима учун муносиб жой танланаётганини сўраганида, Ватан ҳақидаги суҳбат табиий бошланади.
Бу борада оила, давлат ва жамиятнинг вазифалари Конституцияда ўз ифодасини топган. 77-модда ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига фарзандларининг тарбияси ва ҳар томонлама камол топиши ҳақида ғамхўрлик қилиш мажбуриятини юклайди. 78-моддага кўра, давлат ва жамият болалар ҳамда ёшларда ватанпарварлик, ўз мамлакатидан фахрланиш ва Ватанга меҳр туйғуларини шакллантириш ҳақида ғамхўрлик қилади. Мактаб ва маҳаллада оиладаги ибратни давом эттиришнинг энг тушунарли йўли — болаларни бундай ишларга бевосита жалб этиш.
2023 йил 7 июлдаги ЎРҚ-853-сон Қонуннинг 2-моддасида Вазирлар Маҳкамасига қонуннинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтиришни таъминлаш вазифаси юклатилган. Масалан, мактаб пештоқидаги байроқ ҳали бутун бўлса ҳам, ранги офтобда ўчгани учун янгисига алмаштирилади. Бунинг сабабини ўқувчига содда қилиб тушунтириш мумкин. Давлат байроғи тўғрисидаги Қонуннинг 11-моддаси байроқдан фойдаланаётган шахсга уни бутун, тоза ва ранги ўчмаган ҳолда тутиш масъулиятини юклайди. Шунда бола ҳар куни кўриб юрган байроғи мисолида қонун талабининг маъносини англайди.
1991 йил 18 ноябрда Олий Кенгаш Давлат байроғини тасдиқлаганида, мустақил Ўзбекистон ўзини дунёга қайси тимсол билан танитишини белгилаган эди. 2023 йилги ўзгартиришлар эса байроқнинг фуқаролар ҳаётидаги ўрнини янада аниқ ифодалади. Инсоннинг ўз хонадонида байроқ кўтариш истаги қонунда инобатга олинди, ундан эҳтиром билан фойдаланиш талаблари белгиланди.
Ўттиз беш йил аввал байроғимиз қабул қилинганига гувоҳ бўлганлар бугун ўша кунларни фарзандлари ва набираларига сўзлаб бермоқда. Катта авлод учун у мустақилликнинг илк кунларини ёдга солади. Бугунги бола учун эса у — ўз уйида, мактабида, юртдоши шарафига ўтказилган маросимда бир қарашда танийдиган Ватан тимсоли.
❝ Улоқтирмай, авайлаб қўлга олишдан тортиб, унинг тарихини кейинги авлодга сўзлаб беришгача — байроққа эҳтиром ана шундай оддий ва мазмунли ишлар билан яшайди. ❞
Лазиза НИЁЗОВА,
Парламент тадқиқотлари институти Суд-ҳуқуқ соҳасида тадқиқотлар бўлими ходими
Манба: ЎзА




















