Миллий парламент — Президент сиёсий ислоҳотларининг фаол иштирокчиси

Юртимиз ҳаётидаги қутлуғ сана – Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида турибмиз. Бу йил ушбу тарихий кун янги Ўзбекистоннинг бугунги улкан салоҳияти ва жаҳон майдонидаги нуфузига мувофиқ «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» деган бош ғоя асосида кенг нишонланмоқда.
Тарих – улуғ мураббий. У давлатлар ва халқлар асрлар давомида босиб ўтган мураккаб йўлни холис баҳолайди. Шундай тарихий бурилишлар бўладики, улар вақт билан эмас, балки инсон тақдири ва миллат келажагини белгилаб берган азму шижоат, қатъий сиёсий ирода, оқилона қарорлар ҳамда халқ манфаати йўлида амалга оширилган ислоҳотлар билан ўлчанади.
Кейинги ўн йилда Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат давлат бошқарувини, балки халқимиз тафаккурини, ҳаётимиз фалсафасини, қонун устуворлигига бўлган қарашларни ҳамда энг асосийси инсон қадрига муносабатни тубдан ўзгартирди.
Давлатимиз раҳбарининг халқни севиш ва Ватанга сидқидилдан хизмат қилишдек олий саодатга йўғрилган шахсий намунаси янги Ўзбекистон руҳига айланди.
Давлатчилик тарихимиз шундан далолат берадики, тамаддуннинг энг ёрқин даврлари юксак сиёсий ирода ва тарихий масъулият эгалари бўлган Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек сингари буюк аждодларимиз шахсияти билан чамбарчас боғлиқ. Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган стратегик сиёсати, қатъий сиёсий иродаси ва тинимсиз амалий саъй-ҳаракатлари туфайли эришилган халқ бирлиги, умуммиллий ҳамжиҳатлик ҳамда Ватан тақдири учун муштарак масъулият Янги Ўзбекистон тараққиётининг сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичидаги дадил қадамларини таъминлаб бермоқда.
Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсиб бормоқда. Охирги 10 йилликка назар соладиган бўлсак, мамлакатимизда валюта бозори либераллаштирилиб, тадбиркорлик ва хорижий инвестициялар учун кенг имкониятлар яратилди. Иқтисодиётимиз ҳажми 50 миллиард доллардан қарийб 3 баробарга ошди, мамлакатимиз ўрта даромадли давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Электрон давлат хизматлари кенгайиб, ижтимоий ҳимоя тизими янги босқичга кўтарилди. Бу ўзгаришлар натижалари халқимизнинг кундалик ҳаёти ва турмуш тарзида яққол намоён бўлмоқда.
Биргина, 2025 йилда иқтисодиётга 43 миллиард доллар инвестиция жалб этилди, қурилган уй-жойлар сони эса 238 мингта хонадонга етди.
Президентимизнинг нуфузли халқаро минбарлардан илгари сурган глобал ва минтақавий аҳамиятга эга ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Энг муҳими, бу ислоҳотларнинг марказида инсон қадри, унинг фаровонлиги ва муносиб ҳаёт кечириши учун шароит яратиш мақсади турибди. Янги Ўзбекистоннинг сўнгги ўн йиллиги миллий тарихимиздаги шундай ноёб даврдир.
Шу маънода кейинги йиллардаги ислоҳотлар моҳиятини чуқур англаш учун парламент тизимида кечган ўзгаришларга ҳам эътибор қаратиш муҳимдир.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2017 йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқоти мамлакатимиз ҳуқуқий сиёсатида, миллий парламент ва маҳаллий Кенгашлар ҳамда сиёсий партиялар фаолиятида туб бурилиш даврини бошлаб берди. Шу кундан эътиборан барча вакиллик органлари мутлақо янги ривожланиш босқичига қадам қўйди. Парламент том маънода ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилди.
Илгари парламент деганда асосан, қонун лойиҳаларини кўриб чиқадиган ва тасдиқлайдиган институт тушунилган бўлса, бугун у мутлақо бошқа мазмунга эга бўлди. Миллий парламентимиз халқ билан давлат ўртасидаги ишонч кўприги, ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, ижро ҳокимияти устидан таъсирчан назорат олиб борадиган, жамиятдаги энг долзарб масалалар очиқ муҳокама қилинадиган миллий минбар, Президентимиз таъбири билан айтганда, чинакам «Халқ уйи»га айланди.
Давлатимиз раҳбарининг миллий парламентаризм тараққиётига қаратган доимий эътибори ушбу тарихий трансформациянинг бош омили ва ҳаракатлантирувчи кучи бўлди.
Президент ва парламент мулоқотининг ноёб модели
Янги Ўзбекистонда Президент ва парламент ўртасидаги мутлақо янги муносабатлар тизими мустаҳкам сиёсий ва аниқ стратегик ёндашув асосида шаклланди. Бу жараён 2016 йил 8 сентябрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги чиқишдан бошланди. Шу йилнинг 14 декабрида эса Президентнинг лавозимга киришишига бағишланган тантанали маросим айнан парламент минбарида бўлиб ўтди. Унда Давлатимиз раҳбари ўзининг сиёсий дастурини халқ вакиллари ҳузурида эълон қилди. Бу теран рамзий маънога эга танлов бўлиб, янги сиёсий йўл халқ вакиллиги институтининг бевосита иштироки билан бошланаётганининг ифодаси эди.
Ана шу илк қадамлардан бошлаб Президент ва парламент ўртасида мунтазам, тизимли ва мазмунли мулоқот анъанаси қарор топди. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис билан турли форматларда – қўшма мажлислар, сиёсий партиялар раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар, Мурожаатномалар, янги шаклланган парламент билан дастурий мулоқотлар орқали доимий алоқада бўлди.
Президент ва парламент муносабатларининг Ўзбекистонда шаклланган модели демократик давлатчилик талабларига тўла мос амалга оширилди. Давлат раҳбари вакиллик органини давлат бошқаруви самарадорлигининг муҳим омили, ислоҳотларнинг ишончли ҳамкори ва халқ билан мулоқотнинг бош воситаси деб билди.
Айнан шунинг учун ҳам Президентимизнинг ташаббуси билан парламентнинг Ҳукумат аъзоларини маъқуллашдан Давлат бюджети назоратигача, «ҳукумат соати»дан давлат дастури бажарилишининг боришини кўриб чиқишгача бўлган ваколатлари кенгайтириб борилди. Дунё тажрибасида ҳокимият ваколатларини ихтиёрий равишда вакиллик институти фойдасига кенгайтириб бориш ҳодисаси камдан-кам учрайди. Бу ўз халқига ва ўзи танлаган йўлнинг тўғрилигига ишонган Етакчигагина хос бўлган стратегик танловдир.
Ўз навбатида, кейинги ўн йилликдаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдеворини яратишда парламент бош сиёсий-ҳуқуқий майдон вазифасини ўтади. Президент ғоялари айнан парламент минбари орқали қонунларга, қонунлар эса халқ ҳаётидаги ўзгаришларга айланди.
Мурожаатнома – халқ ишончига асосланган мулоқотнинг янги модели
Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллаш институти миллий парламентаризм тараққиётида муҳим феноменга айланди ва мамлакатимиз сиёсий ҳаётига мутлақо янги мазмун олиб кирди, Давлат раҳбарининг халқ билан мулоқотининг янги модели сифатида тан олинди.
Мурожаатнома нафақат парламентга, балки халқимизга ҳам йўллана бошлангани ушбу институтнинг қамрови мамлакатимиздаги ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда кенгайганлигини ҳамда ҳар бир фуқаронинг мамлакат тараққиётига нисбатан дахлдорлигини оширишга хизмат қилаётганлигини кўрсатмоқда.
Илгари мамлакат олдида турган энг долзарб вазифалар асосан давлат идоралари доирасида муҳокама қилинган бўлса, энди бу жараён халқимиз иштирокида, унинг кенг қўллаб-қувватлови асосида кечадиган бўлди.
Шу боис, Мурожаатнома халқимиз интиқлик билан кутадиган энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеликка айланди. Унда нафақат ўтган йил сарҳисоб қилинади, балки мамлакатнинг эртанги куни учун устувор вазифалар белгилаб берилади. Яъни, ҳар бир Мурожаатнома Янги Ўзбекистон тараққиётининг ўзига хос йўл харитасига айланиб, ўз даврининг саволига жавоб бермоқда. Парламент кун тартибини ҳам янги мазмун билан бойитмоқда.
Конституциявий ислоҳотларда парламентнинг тарихий иштироки
Янги Ўзбекистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар миллий давлатчилигимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очди.
Давлатимиз раҳбари ушбу муҳим сиёсий жараённинг бош ташаббускори бўлди, унинг барча босқичларида фаол иштирок этди ҳамда Асосий қонунимизда мамлакатимиз узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, халқимиз орзу-интилишлари ва янги давр мақсадларини тўлақонли акс эттириш бўйича муҳим таклифлар ҳамда ташаббусларни илгари сурди. Бунда икки принципиал масала – Конституциявий қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйиш ҳамда янги таҳрирдаги Конституцияни референдум орқали қабул қилиш ташаббусини кўрсатди.
Ушбу тарихий жараёнда парламент ҳам алоҳида ўрин тутди. Хусусан, Қонунчилик палатасидаги икки етакчи сиёсий куч – Ўзбекистон Либерал–демократик партияси ва «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциялари томонидан конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди.
Шунингдек, Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори билан Конституциявий комиссия тузилгани конституциявий ислоҳотлар парламент, сиёсий партиялар, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, олимлар, экспертлар ва кенг жамоатчилик иштирок этган умуммиллий жараён сифатида кечишига хизмат қилди.
«Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатасига киритилди.
Конституциявий ислоҳотларда парламент иштирокининг учта жиҳатини алоҳида таъкидлаш мумкин. Биринчидан, парламент конституциявий янгиланишга қаратилган сиёсий ва ҳуқуқий ташаббус иштирокчиси бўлди. Иккинчидан, парламент халқ, давлат органлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти, илм-фан ва экспертлар ҳамжамияти ўртасида очиқ мулоқот майдонини шакллантирди. Учинчидан, парламент Конституцияни ўзи қабул қилиш ваколатига эга бўла туриб, ҳал қилувчи қарорни халқнинг бевосита хоҳиш-иродасига ҳавола этди.
Шу тариқа янги таҳрирдаги Конституция халқ иродаси, Президентимизнинг сиёсий ташаббуслари, қатъий иродаси ва парламентнинг тарихий масъулияти уйғунлигида яратилди.
Қонун ижодкорлиги: халқчиллик ва ҳаётийлик принциплари устувор
Қонун нафақат жамиятдаги муносабатларни тартибга солувчи ҳужжат, балки инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати, давлат сиёсатининг ҳуқуқий ифодаси, халқнинг орзу-интилишларини амалий натижага айлантирадиган таъсирчан воситадир.
Шу маънода, Давлатимиз раҳбари ўз фаолиятининг дастлабки йилларида ҳуқуқ ҳаётдан ортда қолмаслиги кераклиги тўғрисидаги қоида асосида шаклланган миллий ҳуқуқ тизимини Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида мазмунан янги даражага олиб чиқди.
Президентимизнинг 2018 йил 8 августдаги Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепцияси қонун ижодкорлиги соҳасидаги туб ислоҳотлар йўлидаги дастлабки муҳим қадам сифатида янги даврни бошлаб берди.
Бу даврнинг ўзига хос хусусиятлари қатор жиҳатларда намоён бўлади. Хусусан, қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларининг шакли ҳамда уларни расмийлаштириш тартиби такомиллаштирилди. Уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига содда тилда тушунтиришга қаратилган муҳим қоидалар белгиланди.
Бугунги кунда парламент томонидан 2025–2029 йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги дастури амалга оширилмоқда. Ушбу Дастур, аввало, қонун ижодкорлигида стратегик режалаштириш маданиятини мустаҳкамлашга қаратилган.
Дастурнинг ижроси дастлабки натижаларни бермоқда: 2025 йил якунларига кўра, дастур доирасида Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси, «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги, «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги, «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги, «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.
Стратегик режалаштириш ва тизимли ёндашув самараси қонун ижодкорлиги кўламининг сезиларли даражада кенгайишида ҳам яққол намоён бўлмоқда. 2015 йилда 19 та Қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилган бўлса, 2025 йилда мазкур кўрсаткич 133 тага етиб, етти баробар ўсди.
Шунингдек Қонунчилик палатаси томонидан қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини ўтказишни ташкил этиш тартиби ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди. Қуйи палатанинг расмий веб-сайтида «Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари» махсус рукни ташкил этилиб, унда қонун лойиҳалари аҳоли муҳокамаси учун жойлаштирилмоқда. Бундан ташқари депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти давомида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари бўйича сиёсий партиялар билан биргаликда жойларда муҳокамалар ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилди. Шу тариқа, «Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт» деган тамойил бугунги кунда қонун ижодкорлиги амалиётида тўлақонли тарзда рўёбга чиқмоқда.
Бугун норма ижодкорлиги нафақат парламент ва давлат органларининг иши, балки сайловчилар, фуқаролик жамияти институтлари, экспертлар, олимлар, ёшлар ва тадбиркорлик субъектлари, умуман ҳар бир фуқаро иштирок этадиган очиқ жараёнга айланди. Эндиликда миллий қонунчилик ҳаёт нафаси билан яшайдиган, халқ эҳтиёжини англайдиган, ислоҳотларни олдинга бошлайдиган ва миллат келажагини белгилайдиган юксак ҳуқуқий тафаккурнинг ҳамда давлатчилик маданиятининг ажралмас қисмига айланди. Айнан Президентимиз томонидан шакллантирилган янги қонун ижодкорлиги маданиятида нафақат ҳуқуқий аниқлик ва институционал мантиқ, балки амалий натижа ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Парламентнинг қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ва қабул қилиш амалиётига жорий этилган демократик тартиб-қоидаларда ҳам ушбу ёндашувни яққол кўриш мумкин.
Барча соҳада амалга оширилаётган туб ўзгаришлар натижасида фуқароларнинг ҳуқуқий эҳтиёжлари йилдан-йилга кенгаймоқда. Ана шундан келиб чиқиб, миллий қонунчилигимизда илгари мавжуд бўлмаган кўплаб янги қонунлар қабул қилинди. Хусусан, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги, «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги ҳамда «Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида»ги Конституциявий қонунлар, «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги, «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги, «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги, «Транспорт тўғрисида»ги каби ҳажман йирик ва бутун бир соҳани тартибга соладиган яхлит қонунлар қабул қилинди.
Депутатлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан самарали фойдаланиб келмоқда. Хусусан, 2015–2025 йилларда депутатлар томонидан жами 182 та қонун лойиҳаси қуйи палатага киритилди. Бу барча ташаббускорлар томонидан киритилган қонун лойиҳаларининг 13,8 фоизини ташкил этади.
Депутатлар ташаббуси билан киритилаётган қонун лойиҳалари айнан сайловчилар кўтарган масалалар, фуқароларнинг мурожаатларига асосан ва сайлов округларидаги учрашувлар давомида аниқланган муаммоларга ҳуқуқий ечим топишга қаратилганлиги билан алоҳида қимматлидир. Зеро, депутат ташаббуси сайловчи овозининг қонунга айланиши демакдир.
Халқчил қонунлар – ислоҳотлар ортга қайтмаслигининг ишончли кафолати
Президентимизнинг «қонун ижодкорлиги жараёни, аввало, жамиятимиздаги долзарб муаммолар ечимига, халқимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилиши керак» деган концептуал ғояси ҳуқуқий ислоҳотларнинг бош мезонига айланди.
Айнан халқчил ва ҳаётий қонунлар туфайли фуқаролар ўз ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини, тадбиркорлар ўз фаолиятининг барқарор кафолатларини, жамиятимиз эса адолатли тараққиётнинг мустаҳкам замини яратилаётганлигини ҳис этмоқда.
Жумладан, айнан Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонун билан ер участкаси ва унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқни, шунингдек якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этишнинг аниқ тартиби белгиланди.
Таъкидлаш жоизки, одамларнинг тилида «ер амнистияси» деб ном олган ушбу Қонунни халқимиз интиқлик билан кутаётганди. Чунки, қонун одамлар орасида энг кўп муҳокама қилинган ҳаётий масалалардан бирига ечим берди. Бу халқимизнинг узоқ йиллар давомида тўпланиб келган ҳаётий муаммоси, ўз уй-жойига қонуний ҳужжат ололмаган миллионлаб оилаларнинг дарди эди.
Ушбу Қонун Давлатимиз раҳбарининг инсон манфаати устуворлигини таъминлаш ва халқнинг ҳаётий муаммоларига адолатли ҳуқуқий ечим топишга қаратилган сиёсатининг амалий ифодаси бўлди.
Яна бир мисол. «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши халқимиз кутган ҳуқуқий ечимлардан бири бўлди. Чунки, шу вақтга қадар аҳолининг шахсий ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, томорқадан фойдаланишга оид муносабатлар асосан тарқоқ қонуности ҳужжатлари асосида тартибга солиб келинган эди.
Томорқа одамларимиз учун қўшимча даромад, ризқ-рўз ва тўкис дастурхон, аҳоли бандлигини таъминлаш деганидир. Қолаверса, ушбу қонун Давлатимиз раҳбарининг аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган сиёсатининг амалий ифодаси бўлди.
Парламент ва жамият мулоқотининг янгича ҳуқуқий майдони
Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар, Сенат, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Марказий сайлов комиссиясига қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи берилди. Бу парламент билан жамият ўртасидаги мулоқотнинг мутлақо янги ҳуқуқий майдонини шакллантирди.
Ўтган даврда қуйи палатага жами 10 та қонунчилик таклифи киритилди. Уларда фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш, жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тартибини инсонпарварлаштириш, сиёсий партиялар фаолиятини такомиллаштириш, маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда парламент назорати фаолияти асосларини янада мустаҳкамлаш каби жамият ҳаётининг долзарб масалалари қамраб олинди.
Фуқаролик жамияти институтлари билан мулоқотни кучайтириш, уларнинг парламент фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида қўмиталар ҳузурида жамоатчилик кенгашлари тузилди. Экспертлар, мутахассислар ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат ушбу кенгашлар қонун лойиҳаларини муҳокамадан ўтказишда, соҳага доир муаммоларни аниқлашда фаол иштирок этиб, қўмиталар ишига янгича мазмун-моҳият олиб кирмоқда.
Илмий ҳамжамият билан ҳамкорликнинг мустаҳкам институционал асослари яратилди. Қонунчилик палатаси қўмиталари ва илмий-тадқиқот муассасалари, таҳлил марказлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиб, улар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Бу орқали қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда илмий асосланган хулосалар, соҳавий тадқиқотлар, таҳлилий маълумотлар ва экспертлик салоҳиятидан кенг фойдаланиш учун имконият яратилди.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси ҳузурида Парламент тадқиқотлари институтининг ташкил этилиши қонунчилик фаолиятини илмий-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг яна бир бўғинига айланди.
Парламент назорати – ислоҳотлар натижадорлигининг муҳим омили
Янги Ўзбекистонда парламент назоратини амалга оширишнинг замонавий механизмлари шакллантирилди. Мамлакатимиз Президенти парламент назоратининг янги шаклларини таклиф қилиб, бу назоратни расмиятчиликдан натижадорлик сари йўналтирди.
Илгари асосан қонун қабул қилувчи институт сифатида қаралган миллий парламентнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки кенгайиб, бугун у ислоҳотларнинг сифати ҳамда самарадорлигини таъминлаш, жойларда аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топишда фаол қатнашмоқда. Бу борада Давлатимиз раҳбарининг «Парламент назорати – бу, аввало, халқ назорати, халқ сўрови», деган концептуал ғоялари дастуриламал бўлмоқда.
Парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан бири «Ҳукумат соати» институти 2018 йилда Президентимиз ташаббуси билан амалиётга киритилди. «Ҳукумат соати»нинг энг муҳим хусусияти шундаки, парламент минбаридан янграётган ҳар бир савол ортида муайян ҳудуддаги муаммо, сайловчининг мурожаати ёки аҳолини ўйлантираётган масала туради. Ўтган даврда жами 67 та «Ҳукумат соати» ўтказилди. Ушбу институт Ҳукумат ва халқ вакиллари ўртасида мунтазам, очиқ, тўғридан-тўғри мулоқот майдонини шакллантирди.
Тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш парламент назоратининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўтган даврда Қонунчилик палатасида Вазирлар Маҳкамасининг давлат дастурлари бажарилиши юзасидан ҳисоботлари 23 маротаба кўриб чиқилди. Ушбу амалиёт Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашда парламент ҳамда Ҳукумат ўзаро ҳамкорлигининг самарали усулига айланди.
Айни пайтда парламент назоратининг мазкур шакли фуқароларга депутатлик корпуси орқали Давлат дастурлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш имконини бермоқда. Яъни, халқ вакиллари Ҳукумат ҳисоботини кўриб чиқиш жараёнида сайлов округлари ва ҳудудлардаги ўрганишлар давомида аҳоли томонидан кўтарилаётган долзарб масалаларни мутасаддилар олдига қўймоқда.
Парламент ҳамда депутат сўрови ҳуқуқий табиати жиҳатидан бир-биридан фарқ қилса-да, уларни ягона мақсад – мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш ва жамиятдаги долзарб масалаларга ечим топиш вазифаси бирлаштиради.
Кейинги йилларда парламент сўровидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2020 – 2024 йилларда мансабдор шахсларга 72 та парламент сўрови юборилди. Ваҳоланки, 2015 – 2019 йилларда мазкур кўрсаткич бор-йўғи 28 тани ташкил этган эди. Албатта, бундай ўсиш динамикаси парламент сўровлари ислоҳотлар натижадорлигини оширишда таъсирчан воситага айланиб бораётганини ифода этади.
Депутат сўрови – парламент назоратини амалга оширишнинг тезкор ва самарали усулларидан бири саналади. Мамлакатимиз Президентининг «депутатга беписандлик – халққа беписандлик» деган позицияси мазкур институтнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини янада оширди. Жумладан, 2025 йилда ва жорий йил биринчи ярим йиллигида халқ ноиблари томонидан мансабдор шахсларга жами 210 та депутат сўрови юборилган. Бу депутатлар томонидан сайлов округларида ўтказилаётган учрашувлар, жойларда олиб борилаётган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларга мутасаддилар эътиборини жалб этишга устувор аҳамият қаратилаётганини кўрсатади.
Халқ билан мулоқот: сайлов округидан парламент минбарига
Депутат билан сайловчи муносабатлари тубдан ўзгарди. Илгари парламент аъзоларининг аҳоли билан учрашувлари кўпинча муайян масала ёки алоҳида мурожаат доирасида ўтказилар эди. Эндиликда эса сайловчи депутатни излаб бориши эмас, халқ вакилининг ўзи фуқаролар ҳузурига бориши устувор мезонга айланди.
Депутатлар ҳар ойнинг охирги ҳафтасида сайлов округларига чиқиши тизимли амалиёт сифатида йўлга қўйилди. Бу вақтда халқ вакиллари маҳаллаларга, хонадонларга, тадбиркорлик субъектларига, фермер хўжаликларига, таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда бошқа ижтимоий соҳа объектларига бориб, сайловчилар билан юзма-юз мулоқот қилмоқда.
Жумладан, 2025 йил ва 2026 йилнинг биринчи ярмида халқ вакиллари 23 мингдан зиёд хонадонга, 14 мингга яқин ижтимоий соҳа объектларига ва маҳаллаларга борди. Депутатлар томонидан сайлов округларидаги фаолият давомида ташкил этилган фуқаролар қабулларида 26,6 минг нафардан ортиқ фуқаро қамраб олинди.
Мазкур амалиётнинг аҳамияти шундаки, депутат жойидаги вазиятни одамларнинг кундалик ҳаёти, фикр-мулоҳазалари ва амалий тажрибаси орқали ўрганади.
Таъкидлаш жоизки, 2024 йилги парламент сайловларида Қонунчилик палатаси депутатлари аралаш – мажоритар ва пропорционал тизим асосида шаклланди. Бу партиялар рўйхати асосида сайланган депутатларнинг электорат билан доимий алоқасини таъминлайдиган янги механизмни йўлга қўйишни тақозо этди.
Шу мақсадда ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг ҳудудлардаги фаолиятини ташкил этиш концепцияси ишлаб чиқилди ҳамда пропорционал тизим асосида сайланган депутатлар ҳудудларга бириктирилиб, уларнинг сайловчилар билан узвий мулоқоти йўлга қўйилди.
Халқ билан мулоқотнинг ҳақиқий қиймати жойларда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва муаммоларнинг кейинги тақдирида намоён бўлади. Шу боис депутатларнинг сайлов округларидаги учрашувлари якунлари дастлаб сиёсий партиялар фракцияларида, кейин Қонунчилик палатаси Кенгашида кўриб чиқилмоқда. Ҳар бир фракция жойларда аниқланган масалаларни ўз партиясининг дастурий мақсадларидан ва электорати манфаатларидан келиб чиқиб таҳлил қилмоқда ва уларни ҳал этиш бўйича парламент назорати шаклларидан унумли фойдаланмоқда.
Кейинги йилларда депутатлар корпусининг сайловчилар олдидаги масъулияти янада оширилиб, сайлов округларидаги ижтимоий масалаларни ҳал этишдаги иштироки кенгайтирилди.
Президентимизнинг ташаббуси билан депутатларга ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан аҳолининг кундалик ҳаётига ва ҳудудни ривожлантиришга бевосита таъсир қиладиган лойиҳаларни сайловчилар манфаатини инобатга олган ҳолда «Очиқ бюджет» ахборот порталида танлаш, уларни ғолиб деб топиш ваколати берилди.
Депутатлар жорий йилда ушбу ваколатдан илк бор фойдаланиб, 150 та лойиҳани танлаб олди ҳамда қўшимча ғолиб деб эълон қилди.
Бундан ташқари, етарлича овоз тўплай олмаган «Менинг боғим» лойиҳалари ҳудуднинг экологик ҳолати ва шароитларига мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда депутатлар томонидан ғолиб деб эълон қилиниши амалиёти йўлга қўйилди.
Булар депутат ва сайловчи муносабатларига янги амалий мазмун олиб кириб, ташаббусли бюджет жараёнларидаги халқ ноибларининг ролини кучайтирди.
Фракциялар: ғоялар рақобати, электорат манфаати ва парламент масъулияти
Парламентнинг кучи фақат кўпчилик овоз билан белгиланмайди. Унинг ҳақиқий қудрати жамиятдаги турли қарашлар, манфаатлар ва сиёсий дастурларнинг очиқ муҳокама қилиниши, ўзаро рақобатга киришиши ва пировардида халқ манфаатига хизмат қиладиган энг мақбул қарорга айланишида намоён бўлади. Парламентда ана шундай сиёсий хилма-хилликни ҳаракатга келтирадиган асосий институт сиёсий партиялар фракцияларидир.
Сўнгги пайтларда Қонунчилик палатасида қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича фракциялараро рақобат муҳити кескин кучайди. Парламент минбари чинакам баҳс-мунозара, принципиал тортишувлар майдонига айланиб бормоқда. Бунда сиёсий партиялар фракцияларининг қиёфаси ва позицияси намоён бўлмоқда.
Масалан, 2020 – 2024 йилларда Қонунчилик палатаси мажлисларида фракциялар билдирган қатъий позициялар ва таклифларга асосан 26 та қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига, 35 та қонун лойиҳаси эса қайта ишланиши ва улардаги нормалар янада такомиллаштирилиши учун масъул қўмиталарга қайтарилди. Ушбу рақамлар фракцияларнинг қонун лойиҳаларини халқ манфаатидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқаётганини, парламентдаги муҳокамаларда фракциялараро рақобат кескин кучайганини ифода этади.
Парламентдаги баҳс-мунозаралар, ғоя ва қарашлар муштарак партияларнинг фракциялари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш заруратини юзага келтирди.
Шу боис, қуйи палатадаги ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» ДП фракцияси томонидан «Тараққиёт блоки» тузилди. Парламентдаги кўпчиликни ташкил этувчи ушбу блок икки фракциянинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш орқали дастурий мақсад ва вазифаларини самарали амалга ошириш имкониятини кенгайтирди.
Партия электорати овозини парламент ва ҳукуматга етказиш, уларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда мамлакатда кучли ижтимоий сиёсатни давом эттириш мақсадида Халқ демократик партияси фракцияси ўзини парламентдаги мухолифат фракцияси, деб эълон қилди.
Натижада фракциялар ўртасидаги ғоявий курашлар, конструктив баҳс-мунозара ва ўзаро рақобат муҳити янада жонланди. Энг муҳими, парламент тобора турли ғоялар эркин тўқнашадиган, нуқтаи назарлар очиқ ифодаланадиган ҳақиқий сиёсий мулоқот майдони сифатида шаклланиб бормоқда.
Қўмиталар – парламент фаолиятининг профессионал таянчи
Парламент минбарида янграйдиган ҳар бир маъруза, ўртага ташланадиган ҳар бир савол ва овозга қўйиладиган ҳар бир қонун ортида катта тайёргарлик, чуқур таҳлил ва қизғин профессионал муҳокама туради. Бу жараёнларнинг асосий қисми Қонунчилик палатаси қўмиталарида кечади.
Кейинги йилларда қўмиталар фаолияти ҳам Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар суръати ва мазмунига мос равишда тубдан янгиланди. Соғлиқни сақлаш, коррупцияга қарши курашиш, суд-ҳуқуқ, ахборот технологиялари, тадбиркорлик, саноат, фан-таълим, маданият, спорт ва ёшлар, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби жамият учун ғоят долзарб соҳалар парламент қўмиталарининг алоҳида эътибор марказига олинди. Ихтисослашув натижасида ҳар бир қўмита ўз соҳасининг парламентдаги доимий институционал манзилига айланмоқда.
Қўмиталар ишига янги институтлар ва амалиётлар, жумладан, давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш, бюджет маблағларидан фойдаланиш натижадорлигини баҳолаш, тематик учрашувлар ўтказиш, Жамоатчилик кенгашлари ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан тизимли ҳамкорлик қилиш механизмлари жорий этилди.
Парламент ва ҳукумат ҳамкорлигининг мутлақо янгича тизими йўлга қўйилди. Вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, инспекциялар ва бошқа ташкилотлар Қонунчилик палатасининг қўмиталарига бириктирилиб, вазирликлар ва идораларнинг раҳбар ўринбосари қуйи палата қўмиталари билан доимий ҳамкорлик учун масъул этиб белгиланди. Бу механизм парламент ва ҳукумат муносабатларини фақат қонун лойиҳаси юзасидан фикр алмашишдан – муаммони биргаликда аниқлаш, ҳуқуқий ечим ишлаб чиқиш ва унинг амалдаги натижасини баҳолашга асосланган доимий мулоқот даражасига олиб чиқди.
Қонунчилик палатаси қўмиталарига Ҳукумат аъзолари ҳисоботларини ва давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи берилганлиги тегишли соҳалардаги долзарб масалаларни тезкор равишда парламент назоратига олиш имкониятини кенгайтирди.
Парламентнинг кучи: халқнинг ишончи ва очиқлик
Мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқлик сиёсати, кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишларга ҳамоҳанг тарзда парламент фаолиятида ҳам очиқлик ва шаффофлик бош мезонга айланди.
Қонунчилик палатаси фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини, фракциялараро баҳс-мунозаралар ҳамда электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ёндашувларни фуқароларга жонли тарзда кўрсатиш амалиётига ўтилди.
Хусусан, Қонунчилик палатасининг барча ялпи мажлислари, «Ҳукумат соати» ҳамда парламент назорати тадбирлари палатанинг расмий веб-сайти орқали тўғридан-тўғри ёритилмоқда.
Ушбу амалиёт депутатлар корпусининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти тўғрисида халқимизни ўз вақтида, ишончли ва тезкор тарзда хабардор қилиш ҳамда парламентдаги мунозараларни аҳолига очиқ етказишга хизмат қилмоқда. Қолаверса, жонли эфир орқали сайловчи ўз вакилининг фаолиятини бевосита кузатиб, унга холис баҳо бериш имконига эга бўлди.
Парламент дипломатияси: миллий манфаат ва халқаро ҳамкорлик
Сўнгги йилларда мамлакатимиз глобал мулоқотда ўз мавқеини янада мустаҳкамлаган ҳолда халқаро майдонга дадил кириб келди. Ўзбекистон олиб бораётган очиқ, прагматик ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсат Олий Мажлиснинг халқаро алоқаларини ҳам янги босқичга олиб чиқди.
Юртимизда нуфузли халқаро парламент тадбирлари, хусусан, 2025 йилда Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси, Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши ҳамда 2026 йилда Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи парламентлараро ҳамкорлик форуми кабилар юқори савияда ўтказилди. Бу тадбирлар мамлакатимизни турли минтақалар ўртасида мулоқот, ишонч ва умумий ташаббуслар шаклланадиган халқаро майдон сифатида намоён этди.
Ўзбекистоннинг Парламентлараро Иттифоқ, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Осиё парламент ассамблеяси, Туркий давлатлар Парламент ассамблеяси каби халқаро парламент тузилмаларидаги фаоллиги ошди.
Олий Мажлиснинг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича гуруҳлари парламентлараро мулоқотни янада ривожлантиришнинг муҳим институти саналади. Улар нафақат парламентлар ўртасида тажриба алмашмоқда, балки мамлакатимизнинг халқаро ташаббуслари ва миллий манфаатларини ҳам фаол илгари суриб келмоқда. Қонунчилик палатасида
2015 – 2019 йилларда 27 та парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи фаолият олиб борган бўлса, 2026 йилга келиб уларнинг сони қарийб икки ярим бараварга ошиб, 70 тага етди.
Парламентлараро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш мақсадида дўстлик гуруҳларининг вазифа ва ваколатлари кенгайтирилиб, уларнинг мақоми оширилди. Жумладан, Қозоғистон Республикаси парламенти билан парламентлараро ҳамкорлик кенгаши, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси ва Қирғизистон Республикаси парламентлари билан парламентлараро комиссиялар тузилди.
Таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистон тараққиётининг кейинги ўн йиллиги миллий парламентаризм тарихида туб янгиланишлар даври бўлди. Бу жараён парламентнинг фақат ташкилий тузилиши ёки ваколатлари кенгайиши билан чекланмади. Энг катта ўзгариш унинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни, халқ олдидаги масъулияти ҳамда фаолият натижаларини баҳолаш мезонларида юз берди.
Энг аввало, парламент Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг четдан кузатувчиси эмас, балки фаол иштирокчисига айланди. Миллий парламентимиз мамлакатдаги ислоҳотларнинг суръати ва халқчиллигини қонунчилик ҳамда назорат ваколатлари орқали таъминлайдиган муҳим сиёсий институт сифатида майдонга чиқди.
Айни пайтда, шиддат билан ўзгараётган дунё, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг ривожланиши, янги иқтисодий муносабатлар, экологик ва ижтимоий чақириқлар парламентдан тезкорлик билан бирга узоқни кўра билишни, сиёсий принципиаллик билан бирга профессионал билимни талаб этмоқда.
Олдинда янада улуғвор марралар, янада масъулиятли синовлар турибди. Ишончимиз комилки, халқ ишончидан куч олган миллий парламентимиз Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратишдек улуғ мақсад йўлида ўз тарихий вазифасини бундан буён ҳам шараф билан адо этади. Зеро, халқ ишончи – энг олий мукофот, унга садоқат билан хизмат қилиш – энг шарафли бурчдир.
Нуриддин ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Спикери


















