Марказий Осиёда олий даражадаги келишувларни одамлар ҳаётига яқинлаштиришда парламент дипломатиясининг ўрни
МАҚОЛА

Амирулло ТУХЛИБОЕВ
Парламент тадқиқотлари институти бўлими бошлиғи
Саммитлар якунланади, баёнотлар қабул қилинади, ҳужжатлар имзоланади. Аммо чегара постида навбат кутаётган ҳайдовчи, қўшни мамлакат бозорига маҳсулот олиб чиқмоқчи бўлган тадбиркор ёки дипломи нариги томонда ҳам тан олинишини истаган ёш мутахассис учун асосий савол эртаси куни туғилади. Хўш, менинг ҳаётимда нима ўзгаради?
Минтақавий ҳамкорликнинг ҳақиқий баҳоси ана шу саволга бериладиган жавоб билан ўлчанади. Олий даражада эришилган келишув билан оддий инсон ҳаёти ўртасида қонун, бюджет ва назорат босқичлари бор, уларнинг барчаси парламентдан ўтади. Шу боис парламент дипломатиясининг бугунги вазифаси давлатлараро мулоқотни протокол учрашувларидан аниқ муаммолар ечимига олиб келишдир.
Ўн йилда шаклланган минтақавий ҳамкорлик
Бугунги минтақавий кун тартиби сўнгги йилларда ташқи сиёсатда амалга оширилган ислоҳотларнинг натижасидир. Минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил ноябрда Самарқандда БМТ шафелигида ўтган халқаро конференцияда илгари сурган ташаббуси билан бошланган. Биринчи учрашув 2018 йил 15 мартда Остонада бўлиб ўтди. Ўшандан бери бу формат минтақа муаммоларини минтақа давлатларининг ўзи муҳокама қиладиган доимий майдонга айланди.
Бу сиёсатнинг натижаси рақамларда ҳам кўринади. 2017-2025 йилларда Марказий Осиё давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 3,1 баравар ошиб, 8,3 миллиард долларга етди. Минтақа давлатлари сармояси иштирокидаги корхоналар сони етти баравардан зиёд кўпайиб, 2026 йил июнь ҳолатига 2 384 тага етди. 2017 йилда минтақа давлатларидан 2,1 миллион доллар инвестиция кирган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 1,3 миллиард долларни ташкил этди. Президентимиз 28 августда давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик алоқаларини кенгайтиришда тарихий ютуқларга эришилганини таъкидлади.
Минтақавий кун тартиби Ўзбекистоннинг ўз тараққиёт мақсадлари билан ҳам ҳамоҳанг. Давлатимиз раҳбари ўша маросимда келгуси ўн йилликни миллий юксалиш даври деб атаб, еттита миллий дастурни эълон қилди. Уларнинг еттинчиси Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтиришга қаратилган. 2026 йил 16 февралдаги Фармон билан янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг бешинчи йўналиши “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттиришга бағишланган. Янгиланган стратегияда кейинги беш йилда қўшни мамлакатлар билан савдо айланмасини 1,5 баравар ошириш кўзда тутилган.
Ҳамкорликнинг парламент йўналиши ҳам шаклланди. 2023 йил 10 февралда Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг биринчи Парламентлараро форуми ўтказилиб, Туркистон декларацияси қабул қилинди. 2025 йил 16 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган еттинчи Маслаҳат учрашувида Озарбайжоннинг бу форматга тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилиши бир овоздан қўллаб-қувватланди. Президентимиз ўшанда Маслаҳат учрашувларини “Марказий Осиё ҳамжамияти” деган стратегик платформага айлантиришни ва 2035 йилгача мўлжалланган минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини қабул қилишни таклиф этган эди.
Авазада илгари сурилган ташаббуслар
2026 йил 8 октябрда Туркманистоннинг «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Озарбайжон бу учрашувда илк бор тўлақонли иштирокчи сифатида қатнашди ва Маслаҳат учрашувларида раисликни қабул қилиб олди. Якунда Қўшма баёнот қабул қилинди, бир қатор кўп томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Президентимиз саммитда савдодаги тўсиқларни изчил бартараф этиш, саноат кооперациясини кенгайтириш, йирик транспорт лойиҳаларини мувофиқлаштириш, энергетика, сув ва экология соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларни илгари сурди. Давлатимиз раҳбари келтирган «Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот» формуласи бу ташаббусларнинг ўзагини ташкил этади. Бир неча мамлакат корхоналари якуний маҳсулотни биргаликда яратса, оддий савдога қараганда мустаҳкамроқ иқтисодий алоқалар вужудга келади.
Шу мақсадда 2027 йилда қадимий Хивада Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форумини ўтказиш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник кузатиб бориш платформасини яратиш таклиф қилинди. Платформа масаласини Савдо ва инвестициялар вазирлари кенгаши Ашхободдаги навбатдаги йиғилишида кўриб чиқади. Тошкентда таклиф этилган 2035 йилгача мўлжалланган кенг қамровли минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастури эса, Президентимиз таъкидлаганидек, ишчи воситага айланиши керак.
Давлатимиз раҳбари Маслаҳат учрашувлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришни ҳам таклиф қилди ва Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани тузиш тартиб-таомиллари якунланганини қайд этди. Халқаро шартномаларни ратификация қилиш эса Конституциямизга кўра Олий Мажлис палаталарининг ваколатидир.
Авазада илгари сурилган ташаббусларнинг ҳеч бири ўз-ўзидан амалга ошмайди. Қўшма ишлаб чиқариш учун техник талаблар бир-бирига мос келиши, божхона тартиблари соддалашиши, инвестор ҳуқуқлари чегаранинг ҳар икки томонида бирдек ҳимояланиши зарур. Буларнинг барчаси қонунчилик масаласидир.
Келишувларни рўёбга чиқаришда парламентларнинг роли
Парламент дипломатиясининг кучи унинг вакиллик табиатида. Депутат ва сенатор сайловчи, тадбиркор, маҳалла билан доимий мулоқотда бўлади ва ҳамкорликка тўсиқ бўлаётган муаммони биринчилардан бўлиб эшитади. Қўшни мамлакатдаги ҳамкасби билан мунтазам алоқа эса масаланинг нариги томондан қандай кўринишини англашга ёрдам беради. Бир томонда оддий маъмурий талаб саналган тартиб иккинчи томондаги фуқаро ёки корхона учун жиддий тўсиққа айланиши мумкин.
Тасаввур қилайлик, икки мамлакат ўртасида маҳсулот ташиётган корхона бир хил мазмундаги ҳужжатни чегаранинг ҳар икки томонида алоҳида-алоҳида расмийлаштиришга мажбур. Бундай масала саммит кун тартибига чиқмайди, лекин корхона учун ҳамкорликнинг «нархи»ни айнан у белгилайди. Икки парламентнинг тегишли қўмиталари тадбиркорлар, божхона ходимлари ва мутахассислар иштирокида муаммони ўрганса, манзара ойдинлашади. Тўсиқ қонун нормасидан келиб чиқаётган бўлса, нормани ўзгартириш таклифи тайёрланади. Гап ҳуқуқни қўллаш амалиётида бўлса, масъул идоранинг ахбороти эшитилади ва тузатиш чоралари белгиланади.
Конституциямизнинг 93-моддаси Олий Мажлис палаталарига қонунлар қабул қилиш, халқаро шартномаларни ратификация қилиш, ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларини белгилаш, Давлат бюджетини қабул қилиш ваколатларини берган. Демак, парламент ташқи сиёсатни белгилашда ҳам, уни амалга оширишда ҳам бевосита иштирок этади. Аваза ҳужжатларидаги ҳар бир вазифага шу нуқтаи назардан қараш ўринли. Қайси масала қонунчиликни такомиллаштиришни, қайсиси бюджет муҳокамасини, қайсиси масъул идоралар ахборотини эшитишни талаб қилади? Янги ташаббусларнинг фуқаролар, тадбиркорлик ва давлат харажатларига таъсири ҳам олдиндан баҳоланиши лозим.
Душанбеда билдирилган таклифлар
2026 йил 29 октябрда Душанбеда “Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва фаровонлик йўлида бирдамлик” мавзусида Марказий Осиё давлатларининг тўртинчи Парламентлараро форуми бўлиб ўтди ва Душанбе декларацияси қабул қилинди. Форумда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева давлат раҳбарлари эришган келишувлар ижросини ҳуқуқий таъминлаш ва назорат қилишни, маҳаллий кенгашлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди. Форумда савдо тўсиқларини камайтириш, қўшма ишлаб чиқариш ва транспорт йўлакларини ривожлантириш, сувдан оқилона фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, «яшил» ўзгаришлар ва сувни тежашнинг ҳуқуқий механизмлари бўйича қўшма парламент муҳокамасини ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Форум доирасида Сенат Раисининг Қозоғистоннинг бир палатали парламенти Қурултой Раиси Айбек Дадебай билан учрашуви ҳам эътиборга молик. Унда қўшма парламентлараро комиссия тузиш имкониятини кўриб чиқиш, 2027-2028 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, қўмиталар ўртасидаги алоқаларни жонлантириш ва давлат раҳбарлари келишувларининг ижросини мунтазам муҳокама қилиб бориш таклифлари илгари сурилди. Сунъий интеллектни тартибга солиш ва шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича тажриба алмашиш ҳам кўзда тутилди.
Хорижий тажриба нимани кўрсатади?
Бундай ишни қандай ташкил этиш мумкин? Дунёдаги парламентлараро тузилмалар тажрибаси бу саволга тайёр андаза бермаса-да, синовдан ўтган усулларни кўрсатади.
Шимолий Кенгашда депутатлар киритган ҳар бир таклиф аввал тегишли қўмитага юборилади. Қўмита миллий идоралардан фикр сўраши, экспертлар иштирокида эшитув ўтказиши, зарурат бўлса ишчи гуруҳ тузиши мумкин. Шундан кейин қўмита ўз тавсиясини Президиум ёки сессия муҳокамасига киритади, улар эса уни ҳукуматларга ёки Шимолий Вазирлар Кенгашига йўллайди. Қўмиталар миллий парламентлардаги тегишли қўмиталар билан ҳам ҳамкорлик қилади. Бу тажрибадан чиқадиган хулоса оддий. Тавсия эшитилиши учун унинг ортида далил туриши керак.
Марказий Осиёда ҳам, айтайлик, транспорт тартибларини соддалаштириш бўйича қўшма тавсия тайёрлашдан олдин амалдаги қоидаларни таққослаш, харажатларни ҳисоблаш ва ташувчиларнинг фикрини эшитиш лозим. Шунда тавсия муаммони, унинг сабабини ва таклиф этилаётган ечимни бирдек қамраб олади.
АСЕАН Парламентлараро ассамблеяси (АИПА) тажрибаси бошқа саволга жавоб беради. Қабул қилинган қарорнинг кейинги тақдири нима бўлади? АИПАнинг 2007 йилдаги 28-Бош ассамблеяси қарори билан тузилган АИПА Кокуси доирасида аъзо парламентлар резолюциялар ижросини кузатиб боради ва қонунчиликни уйғунлаштириш бўйича умумий ташаббуслар тайёрлайди. АИПА Котибияти маълумотига кўра, 2026 йил июль ҳолатига 2017-2026 йилларда қабул қилинган 273 та резолюциянинг 85,53 фоизи бажарилган. АСЕАН саммитлари чоғида давлат раҳбарлари ва АИПА вакиллари ўртасида мулоқот ўтказиб келинади.
Аниқ режа ва очиқ ҳисобот
Хорижий тажрибадан Марказий Осиё шароитига мосини танлаб олиш мумкин. Назаримизда, бунда икки амалий қадам самара беради.
Биринчиси, манфаатдор парламент қўмиталари ўртасида олий даражадаги келишувлар бўйича келишилган иш режасини ишлаб чиқишни доимий амалиётга айлантириш фойдали. Унда ҳар бир муҳокаманинг мавзуси, кутилаётган натижа ва масалага қайтиш муддати кўрсатилиши лозим. Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасида 2027-2028 йилларга мўлжаллаб ишлаб чиқилиши таклиф этилган “йўл харитаси” бундай режанинг амалий кўринишидан бири.
Иккинчиси, ҳар бир қўшма тадбир аввалги тавсиялар бўйича нима қилингани ҳақидаги ахборотдан бошланса, ваъда билан натижа ўртасидаги фарқ дарҳол кўзга ташланади. АИПА тажрибасидаги каби тавсиялар ижроси фоизда ўлчаб борилса, бу фарқни жамоатчилик ҳам кўра олади.
Навбатдаги Маслаҳат учрашувлари арафасида парламент қўмиталари аниқлаган ҳуқуқий тўсиқлар ва уларнинг ечимлари юзасидан умумлаштирилган таклифлар тайёрлаши мумкин.
❝ Табиийки, ҳар бир мамлакат бундай таклифларни ўз конституциявий ваколатлари ва миллий тартиб-таомиллари доирасида кўриб чиқади. ❞
Амирулло ТУХЛИБОЕВ,
Парламент тадқиқотлари институти бўлими бошлиғи



















