Сунъий интеллект устидан парламент назорати – янги давр талаби
МАҚОЛА

Зафар МУҲАММАДОВ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти Стратегик режалаштириш ва йиғма ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи
Сунъий интеллект давлат бошқарувининг турли соҳаларига тобора кенг жорий этиляпти. Бугунги кунда ушбу технологиялар катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, эҳтимолий хавф-хатарларни прогнозлаш, давлат хизматларини кўрсатиш ва бошқарув қарорларини тайёрлашда қўлланилмоқда. Бу давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, иш жараёнларини соддалаштириш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш учун янги имкониятлар очади. Шу билан бирга, сунъий интеллектдан фойдаланиш кўлами кенгайгани сари унинг хавфсизлиги, қонунийлиги ва қўллаш натижалари учун жавобгарликни белгилаш масалалари ҳам тобора муҳим аҳамият касб этяпти.
Сунъий интеллект давлат бошқарувида тобора муҳим ўрин эгаллаётган бир шароитда парламентимиз ушбу технологияларнинг хавфсизлиги, қонуний қўлланилиши ва инсон ҳуқуқларига таъсири устидан самарали назоратни қандай таъминлаши мумкин?
Масалан, сунъий интеллект тизими хато хулоса чиқариши оқибатида фуқаронинг ҳуқуқлари бузилса, бунга ким жавоб беради? Давлат органлари фойдаланаётган алгоритмларнинг ишончлилиги қандай текширилади? Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилувчи алгоритмик қарорлар юзасидан тушунтириш олиш ва улар устидан эътироз билдириш имкониятига эгами?
Бу саволлар сунъий интеллектни қўллашнинг техник жиҳатларидан анча кенг масалаларни қамраб олади. Гап, аввало, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, шунингдек, давлат қарорлари устидан жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш ҳақида бормоқда.
Шу сабабли сунъий интеллектдан фойдаланиш устидан парламент назоратининг ҳуқуқий ва ташкилий механизмларини такомиллаштириш бугунги парламент фаолиятининг муҳим вазифаларидан бирига айланмоқда.
Янги технологиялар – янги назорат масалалари
Сунъий интеллект имкониятларининг кенгайиши дунё парламентлари олдига янги вазифаларни қўймоқда. Хусусан, илғор технологиялардан фойдаланиш билан боғлиқ эҳтимолий хавфларни аниқлаш, уларнинг оқибатларини баҳолаш ва самарали демократик назорат механизмларини шакллантириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Парламентлараро иттифоқ (IPU)нинг 2026 йил октябрь ойида эълон қилинган тадқиқотида ҳам ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, сунъий интеллектдан йирик кўламдаги киберҳужумларда фойдаланиш, биологик ва кимёвий таҳдидларнинг кучайиши, демократик жараёнларга манипулятив таъсир ўтказиш ҳамда юқори даражада автоном тизимлар устидан инсон назоратининг заифлашиши каби эҳтимолий хавфлар таҳлил қилинган.
Албатта, бу хавфларнинг барчаси юз бериши муқаррар эмас. Уларнинг айримлари бўйича илмий баҳслар ва ноаниқликлар ҳам мавжуд. Бироқ эҳтимолий оқибатлари жиддий бўлган технологияларни олдиндан ўрганиш, хавфларни баҳолаш ва зарур назорат чораларини белгилаш муҳим аҳамиятга эга.
Бунда парламент зиммасидаги асосий вазифа инновациялар ривожига шароит яратиш, жамият хавфсизлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўртасидаги мувозанатни сақлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришдан иборат.
Сунъий интеллект тизимининг жорий этилгани ёки ундан фойдаланилаётгани, унинг хавфсиз ва ишончли ишлашини ўз-ўзидан кафолатламайди. Бунинг учун тизим қандай маълумотларга таянаётгани, натижалари қай даражада аниқ ва ишончли экани, инсон назорати қандай ташкил этилгани ҳамда хатолар аниқланганда уларни бартараф этиш механизмлари мавжудлиги баҳоланиши зарур.
Айниқса, бундай технологияларнинг фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларига таъсири, ушбу тизимлар фаолиятининг қонунчилик талабларига мувофиқлиги ҳамда юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатлар учун жавобгарлик масалалари парламент назоратининг алоҳида эътибор талаб қиладиган йўналишларига айланиши мумкин.
Парламент назорати нимани қамраб олиши керак?
Парламент назоратининг асосий йўналишлари давлат органлари томонидан қонунчилик талабларига риоя этилиши, давлат дастурларининг бажарилиши, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда қабул қилинган қарорлар ижросини ўрганиш билан боғлиқ.
Сунъий интеллект технологияларининг давлат бошқарувига кириб келиши эса ушбу назоратнинг мазмунини янги масалалар билан бойитмоқда. Чунки алгоритмик тизимлар фаолиятини фақат маъмурий ҳужжатлар, статистик кўрсаткичлар ёки бажарилган ишлар ҳақидаги ҳисоботлар асосида тўлиқ баҳолаш ҳар доим ҳам мумкин эмас.
Масалан, давлат органида фуқароларнинг мурожаатларини саралаш учун сунъий интеллектдан фойдаланилаётган бўлса, тизим қайта ишлаган мурожаатлар сонининг ўзи унинг самарадорлигини кўрсатмайди. Мурожаатлар тўғри таснифланганми, фуқаролар учун муҳим масалалар эътибордан четда қолмаганми, алгоритм хатоларини аниқлаш ва уларни инсон томонидан тузатиш имконияти яратилганми? Ана шу жиҳатлар ҳам баҳоланиши керак.
Шу нуқтаи назардан, парламент назорати доирасида сунъий интеллект тизимларининг нафақат иқтисодий самарадорлиги, балки қонунчилик талабларига мувофиқлиги, хавфсизлиги, натижаларининг ишончлилиги ва инсон ҳуқуқларига таъсири ҳам ўрганилиши муҳим.
Бироқ бу парламент ҳар бир алгоритмнинг ишлашини бевосита техник жиҳатдан текшириши кераклигини англатмайди. Унинг вазифаси тегишли давлат органларининг сунъий интеллектдан фойдаланиш борасидаги фаолияти юзасидан ҳисобдорлигини таъминлаш, ваколатли назорат институтлари хулосаларини ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган ҳуқуқий ва ташкилий чораларни ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқишдан иборат.
Ўзбекистонда парламент назоратининг қандай ҳуқуқий имкониятлари мавжуд?
Мамлакатимизда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш, улардан фойдаланишни ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий асослар босқичма-босқич шаклланмоқда.
Хусусан, Президентнинг 2024 йил 14 октябрдаги ПҚ-358-сон қарори билан Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Мазкур ҳужжатда сунъий интеллектни ривожлантириш, зарур инфратузилмани шакллантириш, технологияларни турли соҳаларга жорий этиш ва мутахассислар салоҳиятини оширишнинг устувор йўналишлари белгиланди.
2026 йил 21 январдаги ЎРҚ-1115-сон Қонун билан эса сунъий интеллектдан фойдаланишга оид муҳим ҳуқуқий нормалар мустаҳкамланди. Жумладан, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига алоқадор юридик аҳамиятга эга қарорларни фақат сунъий интеллект тизимлари хулосаларига таяниб қабул қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Ушбу қоида сунъий интеллектдан фойдаланишда инсоннинг қарор қабул қилишдаги ролини сақлаб қолиш ва фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Бироқ сунъий интеллект устидан самарали назоратни таъминлаш фақат махсус қонунчилик нормаларини ишлаб чиқиш билан чекланмайди. Бунинг учун парламентнинг амалдаги назорат ваколатларидан ҳам фойдаланиш имкониятлари мавжуд.
Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунида давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш, парламент ва депутат сўровларини юбориш, қонунчилик ижросини ўрганиш ҳамда белгиланган тартибда парламент текширувини ўтказиш каби назорат шакллари назарда тутилган.
Мазкур механизмлар сунъий интеллект технологияларининг давлат бошқарувида қўлланилиши билан боғлиқ масалаларни ҳам қонунчиликда белгиланган ваколатлар доирасида ўрганиш имконини беради.
Масалан, парламентнинг тегишли қўмитаси давлат органларида сунъий интеллект тизимлари қандай мақсадларда жорий этилаётгани, уларнинг фаолиятида қандай хавфлар аниқлангани, фуқаролар ҳуқуқларига таъсири қандай баҳоланаётгани ва эҳтимолий салбий оқибатларнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилаётгани юзасидан масъул раҳбарларнинг ахборотини эшитиши мумкин.
Бундай назоратда асосий мезон сунъий интеллект тизимлари сони ёки автоматлаштирилган жараёнлар кўлами бўлмаслиги керак. Энг муҳими, уларнинг амалда қанчалик самарали ишлаётгани, қонунчилик талабларига мувофиқлиги, хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқларига таъсирини баҳолашдир.
Шу тариқа парламентнинг мавжуд назорат механизмларини сунъий интеллект билан боғлиқ янги вазифаларга мослаштириш давлат органларининг ҳисобдорлигини кучайтириш ва технологиялардан масъулият билан фойдаланишни таъминлашга хизмат қилиши мумкин.
Давлат аудитида янги босқич
Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш устидан назоратни такомиллаштиришда Президентнинг 2026 йил 6 июлдаги ПФ-123-сон фармони алоҳида аҳамиятга эга.
Мазкур фармонга мувофиқ, 2027 йилдан бошлаб Ҳисоб палатасининг давлат ташқи аудити фаолиятида давлат органлари ва ташкилотларида жорий этилаётган сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш бўйича аудитни йўлга қўйиш белгиланган.
Шунингдек, Ҳисоб палатаси молиявий, мувофиқлик ва самарадорлик аудити доирасида ахборот технологиялари аудитини ўтказишга масъул ваколатли орган этиб белгиланган.
Ушбу янгилик давлат бошқарувида қўлланилаётган сунъий интеллект тизимларининг самарадорлигини баҳолаш, уларнинг фаолиятидаги камчиликларни аниқлаш ва давлат ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашнинг институционал асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.
Шу ўринда давлат аудити ва парламент назоратининг вазифаларини фарқлаш муҳим. Ҳисоб палатаси ўз ваколатлари доирасида аудит текширувларини амалга оширса, парламент қонунчиликда белгиланган тартибда унинг ҳисоботларини кўриб чиқиш, аниқланган тизимли муаммолар юзасидан масъул давлат органларининг ахборотини эшитиш ҳамда зарур ҳолларда қонунчиликни такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқиш имкониятига эга.
Бинобарин, Ҳисоб палатаси томонидан ўтказиладиган аудит натижалари сунъий интеллект тизимларининг амалий самарадорлиги ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларни парламент даражасида муҳокама қилиш учун муҳим таҳлилий асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Айни пайтда аудитни жорий этиш бўйича ҳуқуқий вазифаларнинг белгиланиши ушбу механизм амалда тўлиқ шаклланганини англатмайди. Унинг самарадорлигини баҳолаш учун аудит тартиб-таомиллари, текширув мезонлари ва олинган натижаларнинг амалий қўлланилишини изчил ўрганиб бориш зарур.
Парламент назоратини кучайтиришнинг амалий йўналишлари
Мамлакатимизда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш устидан парламент назоратини такомиллаштириш учун мавжуд ҳуқуқий механизмлардан самарали фойдаланиш ва уларни янги технологик хавфларга мослаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада бир неча устувор йўналишга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.
Биринчидан, парламент эшитувларида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг хавфсизлиги ва қонунийлигини алоҳида муҳокама қилиш. Бундай эшитувларда давлат органлари раҳбарларининг ахборотлари билан бир қаторда мустақил экспертлар, ҳуқуқшунослар ва ахборот технологиялари мутахассисларининг хулосаларини ҳам ўрганиш зарур. Бу технологияларни жорий этиш натижаларини турли нуқтаи назарлардан баҳолаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга доир асосли тавсиялар ишлаб чиқиш имконини беради.
Иккинчидан, давлат органларининг ҳисоботларида сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ хавфлар ва уларни бошқариш натижаларини акс эттириш. Жумладан, сунъий интеллект тизимларида аниқланган жиддий хатолар ва уларнинг оқибатлари, камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар, фуқаролардан келиб тушган шикоятлар, шунингдек, инсон назоратининг самарадорлиги ҳақидаги умумлаштирилган маълумотларни тегишли ҳисоботларда акс эттириш тартибини жорий этиш мумкин. Бу парламент назорати доирасида сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиш кўлами билан бир қаторда, уларнинг амалдаги самарадорлиги ва жамият учун келтираётган натижаларини ҳам баҳолаш имконини беради.
Учинчидан, юқори хавфли сунъий интеллект тизимларини мустақил экспертизадан ўтказиш механизмларини ривожлантириш. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, муҳим давлат хизматларига ёки ахборот хавфсизлигига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган тизимларни баҳолашда фақат уларни ишлаб чиқувчи ёки улардан фойдаланувчи ташкилотнинг хулосаси билан чекланиб қолмаслик лозим. Бунинг учун мустақил экспертизанинг ҳуқуқий асослари, баҳолаш мезонлари, уни ўтказувчи субъектларнинг ваколатлари ва хулосалардан фойдаланиш тартибини аниқ белгилаш муҳим.
Тўртинчидан, алгоритмик аудит натижаларидан парламент назоратида фойдаланиш амалиётини шакллантириш. Бунда давлат аудитини амалга оширувчи ваколатли органлар билан парламентнинг вазифалари аниқ чегараланиши керак. Тегишли аудит давомида аниқланган тизимли камчиликлар, ҳуқуқий номувофиқликлар ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар парламент муҳокамаларида кўриб чиқилиши, зарур ҳолларда эса қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишига асос бўлиши мумкин.
Бешинчидан, парламент назорати натижасида белгиланган чораларнинг амалий ижросини кузатиб бориш. Парламент назорати самарадорлигини баҳолашда ўтказилган эшитувлар ёки кўриб чиқилган ҳисоботлар сонидан кўра, уларнинг амалий натижалари муҳим аҳамиятга эга. Бунда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича қандай чоралар кўрилгани, улар қай даражада самара бергани ва шу каби муаммоларнинг такрорланиш хавфи қанчалик камайганига эътибор қаратиш лозим. Шу боис парламент назорати якунлари бўйича қабул қилинган қарорлар ва берилган тавсиялар ижросини қонунчиликда белгиланган тартибда мунтазам мониторинг қилиб бориш зарур.
Мазкур таклифлар сунъий интеллект устидан парламент назоратининг мутлақо янги тизимини яратишни кўзда тутмайди. Асосий эътибор мавжуд назорат механизмларини замонавий технологик тараққиёт талабларига мослаштиришга қаратилади. Бундай ёндашув давлат органларининг ҳисобдорлигини ошириш, эҳтимолий хавфларни барвақт аниқлаш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.
Самарали парламент назорати янги билим ва малакани талаб этади
Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш устидан самарали назоратни амалга ошириш ҳуқуқий, техник ва ташкилий билимларни биргаликда қўллашни талаб этади. Чунки алгоритмик тизимларнинг ишлаш тамойиллари, имкониятлари ва чекловларини етарлича тушунмасдан уларнинг хавфсизлиги ҳамда ишончлилигини холис баҳолаш мушкул.
Шу билан бирга, техник жиҳатдан тўғри ишлаётган сунъий интеллект тизими ҳам айрим ҳолларда инсон ҳуқуқларига зид ёки ижтимоий жиҳатдан номақбул натижаларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли бундай технологияларни баҳолашда уларнинг функционал имкониятлари билан бир қаторда ҳуқуқий оқибатлари, ахборот хавфсизлиги ва инсон манфаатларига таъсири ҳам ҳисобга олиниши зарур.
Бу эса парламент назоратининг самарадорлиги депутатлар ва парламент қўмиталарининг зарур ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминланиши, мутахассисларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда мустақил экспертиза имкониятларига бевосита боғлиқлигини кўрсатади.
Мазкур жараёнда Парламент тадқиқотлари институти каби илмий-экспертлик муассасалари муҳим ўрин тутиши мумкин. Хусусан, хорижий парламентлар тажрибасини ўрганиш, сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқий ва институционал хавфларни таҳлил қилиш, шунингдек, парламент қўмиталари учун илмий асосланган ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш назорат фаолиятининг сифатини оширишга хизмат қилади.
Айниқса, сунъий интеллект соҳасидаги технологик ўзгаришларни мунтазам кузатиш, амалдаги қонунчиликнинг янги ижтимоий муносабатларга мувофиқлигини баҳолаш ҳамда эҳтимолий ҳуқуқий бўшлиқларни барвақт аниқлаш муҳим аҳамиятга эга.
Бундай ёндашув парламент назоратини фақат юзага келган муаммоларни аниқлаш ва уларга муносабат билдириш билан чекламасдан, эҳтимолий хавфларни олдиндан баҳолаш ва уларнинг олдини олишга йўналтирилган тизимли фаолият сифатида ривожлантириш имконини беради.
Асосий мезон – инсон манфаатлари
Сунъий интеллект давлат бошқарувини такомиллаштириш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини ошириш учун янги имкониятлар яратмоқда. Бироқ бу имкониятлардан фойдаланишда технологик тараққиётнинг инсон ва жамият манфаатларига хизмат қилиши асосий мезон бўлиши лозим.
Сунъий интеллект самарадорлигини баҳолашда иш жараёнларининг тезлашиши, иқтисодий тежамкорлик ёки автоматлаштирилган вазифалар сони каби кўрсаткичлар билан чекланиш тўғри бўлмайди. Бунда унинг қонунчилик талабларига мувофиқлиги, хавфсизлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига таъсири, шунингдек, алгоритмлар асосида қабул қилинаётган қарорларнинг шаффофлиги ва улар учун жавобгарликнинг аниқ белгилангани ҳам муҳим мезонлар сифатида инобатга олиниши лозим.
Бу жараёнда парламентнинг вазифаси сунъий интеллект тизимларини бевосита бошқариш ёки уларнинг техник фаолиятига аралашишдан иборат эмас. Парламент ўзининг қонунчиликда белгиланган ваколатлари доирасида ушбу технологиялардан фойдаланаётган давлат органлари фаолиятини назорат қилиши, мавжуд муаммоларни ўрганиши ҳамда зарур ҳуқуқий кафолатларни такомиллаштиришга кўмаклашиши лозим.
Ўзбекистонда бу борада ҳуқуқий ва институционал асослар шаклланмоқда. Навбатдаги муҳим вазифа мавжуд парламент назорати механизмларини сунъий интеллект билан боғлиқ янги хавф ва эҳтиёжларга мослаштириш, уларнинг амалий самарадорлигини ошириш ҳамда давлат органларининг ҳисобдорлигини кучайтиришдан иборат.
❝ Зеро, сунъий интеллект даврида давлат бошқарувининг сифати технологияларнинг ривожланиш даражаси билангина белгиланмайди. У, шунингдек, технологиялардан фойдаланиш жараёнида инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилиниши, қабул қилинаётган қарорлар учун жавобгарликнинг таъминланиши ва демократик назорат механизмларининг самарали ишлаши билан ҳам чамбарчас боғлиқ. ❞
Зафар МУҲАММАДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти Стратегик режалаштириш ва йиғма ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи





















