Top.Mail.Ru
PARLIAMENT AIТест – тест режимида
Парламент тадқиқотлари институти
ПТИ » Институт Низоми

Меъёрий ҳужжат

Институт Низоми

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти тўғрисидаги Низом

Тасдиқланган
Кенгашнинг 2023 йил 2 майдаги 3129–⁠IV-сон қарори
Амалдаги таҳрир
Кенгашнинг 2026 йил 13 апрелдаги 1941–⁠V-сон қарори

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Кенгашининг
2023 йил 2 майда қабул қилинган
3129–IV-сонли Қарорига
2-илова

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти тўғрисидаги
НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти (бундан буён матнда Институт деб юритилади) давлат илмий-тадқиқот эксперт муассасаси бўлиб, у ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) Кенгашига ҳисобдордир.

2. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Қонунчилик палатасининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, ва қарорларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.

3. Институт юридик шахс бўлиб, ўз мол-мулкига, мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ғазначилигида ғазначилик ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи кўрсатилган бланкаларга, штампга ҳамда ўз фаолияти учун зарур бўлган бошқа хизмат белгиларига ҳамда реквизитларга эга бўлади.

Институт ўз номидан шартномалар тузиши, мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши, мажбуриятларга эга бўлиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

4. Институтнинг расмий номи:

а) давлат тилидаги:

тўлиқ номи – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти; қисқартирилган номи – Парламент тадқиқотлари институти;

б) рус тилидаги:

тўлиқ номи – Институт парламентских исследований при Законодательной палате Олий Мажлиса Республики Узбекистан; қисқартирилган номи – Институт парламентских исследований;

в) инглиз тилидаги:

тўлиқ номи – Parliamentary Research Institute under the Legislative Chamber of Oliy Majlis of the Republic of Uzbekistan; қисқартирилган номи – Parliamentary Research Institute.

2-боб. Институтнинг асосий вазифалари ва функциялари

5. Институтнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Қонунчилик палатаси ва депутатлар фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, уларнинг қонун ижодкорлиги борасидаги фаолиятига кўмаклашиш;

парламентаризм муаммоларини тадқиқ этиш, ҳуқуқ, сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда илмий тадқиқотлар ўтказиш, давлат дастурлари ҳамда стратегияларининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ парламентаризмни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни илгари суриш, олий таълимдан кейинги таълимни ташкил этиш;

хорижий парламентлар ва халқаро парламентлараро ташкилотлар фаолиятини ўрганиш натижалари асосида парламент фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш, уларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳамда халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқлигини ўрганиш;

қонун ижодкорлигини демократлаштириш, унинг илмий асосларини такомиллаштириш ҳамда халқаро нормалар ва стандартларни қонунларга имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Қонунчилик палатасига парламент назорати шаклларини ривожлантиришга ва вакиллик функцияларини амалга оширишга кўмаклашиш, Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари, комиссиялари, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари (бундан буён матнда фракциялар деб юритилади) ва депутатлар томонидан амалга ошириладиган назорат тадбирларини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;

қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга оширишда иштирок этиш;

ривожланган хорижий давлатлар амалиётини ўрганиш асосида Қонунчилик палатаси фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини яратиш бўйича таклифлар тайёрлаш, бу борада ягона техник сиёсатни ва стратегияларни ишлаб чиқиш, қонун ижодкорлиги, парламент назорати ҳамда сайловчилар билан ишлаш жараёнларига сунъий интеллект лойиҳаларини татбиқ этишни эксперт ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда депутатлик корпуси ва кадрлар учун сунъий интеллект бўйича экспертлик, услубий ва ўқув тадбирларини тизимли равишда ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари бажарилишини ўрганиб бориш.

6. Институт ўз зиммасига юклатилган вазифаларни қуйидаги функцияларни амалга ошириш йўли билан бажаради:

а) Қонунчилик палатаси ва депутатлар фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, уларнинг қонун ижодкорлиги борасидаги фаолиятига кўмаклашиш соҳасида:

Қонунчилик палатасининг, унинг қўмиталари, комиссиялари, фракциялар ва депутатларининг қонун лойиҳалари ва қонунлар юзасидан буюртмалари бўйича қонунчиликнинг, ҳуқуқни қўллашнинг долзарб масалалари ва хорижий тажриба бўйича илмий, ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлайди, қонун лойиҳаларини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни ишлаб чиқади, бу борада уларга кўмаклашади;

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаларининг ва қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган қонунчилик таклифларининг муҳокамаси юзасидан ўтказиладиган мажлисларда ва ишчи гуруҳлари йиғилишларида иштирок этади, қонун лойиҳаларини маромига етказишга кўмаклашади;

депутатлар учун семинарлар ва «давра суҳбатлари»ни, ўқув тренингларини, шунингдек қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро конференциялар ва бошқа тадбирларни ташкил этади, шундай тадбирларда, шу жумладан, хорижий мамлакатларда ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этади;

Қонунчилик палатаси фаолиятининг жорий ва истиқболга мўлжалланган режаларини тайёрлашда иштирок этади;

Қонунчилик палатаси фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган илғор илмий-техникавий воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини, ишларни ташкил этишнинг замонавий шакллари ва усулларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Қонунчилик палатаси қўмиталари, комиссиялари ва фракциялар ва депутатлар фаолиятини тизимли таҳлил қилиб боради, уларнинг фаолиятида учраётган тизимли камчиликларни бартараф этиш ҳамда иши самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Қонунчилик палатасига вазирлик ва идоралар фаолиятида аниқланган муаммоларни ҳал этишда уларга кўмаклашиш бўйича янгича иш услубларини жорий этишга, шу жумладан, аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича вазирлик ва идоралар билан биргаликда «йўл хариталари» ишлаб чиқишга кўмаклашади;

депутатларнинг хорижий давлатга ташрифлари олдидан вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу давлат билан ҳамкорлик ҳолати ва муаммолар бўйича тайёргарлик кўришларига кўмаклашади;

б) парламентаризм муаммоларини тадқиқ этиш, ҳуқуқ, сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда илмий тадқиқотлар ўтказиш, давлат дастурлари ҳамда стратегияларининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ парламентаризмни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни илгари суриш, олий таълимдан кейинги таълимни ташкил этиш соҳасида:

парламентаризмнинг долзарб муаммоларига бағишланган илмий-амалий тадқиқотлар олиб боради, конференция, семинар, «давра суҳбати» ва бошқа тадбирларни ташкил этади, уларнинг натижаларини Қонунчилик палатаси ва депутатларга тақдим этади ҳамда эълон қилади;

миллий ва хорижий қонунчиликнинг қиёсий таҳлили асосида парламентаризм ва парламентнинг вакиллик функциясига оид қонун ҳужжатларининг шарҳларини, шунингдек мавзули шарҳларни тайёрлайди ва нашр этади;

ҳуқуқ, сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда фундаментал, амалий ва инновацион, шу жумладан, қонун ижодкорлигини ривожлантириш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказади, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда унинг илмий концепцияларини ишлаб чиқади;

олий таълимдан кейинги таълимга қабулларни ташкил этади;

в) хорижий парламентлар ва халқаро парламентлараро ташкилотлар фаолиятини ўрганиш натижалари асосида парламент фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

хорижий давлатларнинг парламентлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий равишда тадқиқотлар олиб боради;

қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш муаммоларини ва хорижий тажрибани, шунингдек хорижий мамлакатлар парламентлари ва парламентлараро ташкилотлар фаолиятини ўрганиш натижалари бўйича тайёрланган илмий, ахборот-таҳлилий материалларни, шу жумладан ҳафталик ахборот-таҳлилий маълумотномаларни, таклифларни ҳамда қонун ҳужжатлари лойиҳаларини Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари, комиссиялари, фракциялар ва депутатлари кўриб чиқиши учун киритади;

халқаро ташкилотлар, хорижий илмий-тадқиқот ва ўқув марказлари, олимлар ҳамда мутахассислар билан илмий ва амалий алоқаларни ўрнатади ҳамда ривожлантиради, улар билан ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузади;

Парламентлараро Иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент ассамблеяси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси билан ўзаро ҳамкорликнинг аниқ ва узоқ муддатли «йўл харита»ларини ишлаб чиқишда кўмаклашади;

Қонунчилик палатасига хорижий мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни ривожлантиришда парламентнинг ролини янада кучайтириш мақсадида парламент дипломатияси концепциясини амалга ошириш учун зарур бўладиган ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлайди;

г) Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш, уларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳамда халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқлигини ўрганиш соҳасида:

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказади ва унинг натижалари бўйича хулосалар беради;

Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолашни, шу жумладан, халқаро ташкилотлар, хорижий мутахассис ва олимларни жалб этган ҳолда амалга оширади;

Қонунчилик палатасига тақдим этилган қонун лойиҳаларининг халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқлигини ўрганиб чиқишда иштирок этади;

қонун ижодкорлигида экспертлар иштироки самарадорлигини ошириш, хусусан, Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузуридаги эксперт гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг ишини самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритиб боради;

д) қонун ижодкорлигини демократлаштириш, унинг илмий асосларини такомиллаштириш ҳамда халқаро нормалар ва стандартларни қонунларга имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

қонун ижодкорлигини демократлаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига тақдим этади;

қонун ҳужжатларини, уларнинг амалда рўёбга чиқарилишини таҳлил қилади, номувофиқликлар, қарама-қаршиликлар, ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлайди;

қонун лойиҳалари ва амалдаги қонунлар бўйича жамоатчилик орасида сўровлар ўтказади, фуқароларнинг, жамоатчиликнинг фикр ва таклифларини ўрганиш натижалари тўғрисида Қонунчилик палатасига ахборот киритиб боради;

қонунларнинг тўғридан-тўғри ишлашини таъминлаш, қонунчиликни тизимлаштириш ва кодификациялаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

қонун ижодкорлигини ривожлантириш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказади, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда унинг илмий концепцияларини ишлаб чиқади;

е) Қонунчилик палатасига парламент назорати шаклларини ривожлантиришга ва вакиллик функцияларини амалга оширишга кўмаклашиш, Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари, комиссиялари, фракциялар ва депутатлар томонидан амалга ошириладиган назорат тадбирларини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш соҳасида:

Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари, комиссиялари, фракциялар ва депутатларга назорат-таҳлил тадбирларини тайёрлаш ва ўтказишга илмий-ҳуқуқий, эксперт ва ахборот-маслаҳат жиҳатидан таъминлаш орқали кўмаклашади;

Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари, комиссиялари, фракциялар ва депутатларига назорат-таҳлил тадбирлари бўйича, шу жумладан, хорижий тажриба билан қиёсий таҳлилларга асосланган ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлайди;

Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари, комиссиялари, фракциялар ва депутатлари томонидан амалга оширилган назорат-таҳлил тадбирлари натижаларини таҳлил қилади, аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари, комиссиялари, фракциялар ва депутатларнинг назорат тадбирлари натижадорлигини таҳлил қилиш ҳамда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш юзасидан ҳар ойда Қонунчилик палатасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритиб боради;

Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловчилар билан учрашувларини самарали ташкил этишга доир таклифлар ишлаб чиқади ва Қонунчилик палатасига киритиб боради;

Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари томонидан ўтказиладиган назорат-таҳлил тадбирлари ва депутатларнинг сайловчилар билан учрашувлари натижаларини таҳлил қилиш натижасига кўра давлат органларига таклифлар, таҳлилий материалларни юборишга кўмаклашади;

и) ривожланган хорижий давлатлар амалиётини ўрганиш асосида Қонунчилик палатаси фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини яратиш бўйича таклифлар тайёрлаш, бу борада ягона техник сиёсатни ва стратегияларни ишлаб чиқиш, қонун ижодкорлиги, парламент назорати ҳамда сайловчилар билан ишлаш жараёнларига сунъий интеллект лойиҳаларини татбиқ этишни эксперт ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда депутатлик корпуси ва кадрлар учун сунъий интеллект бўйича экспертлик, услубий ва ўқув тадбирларини тизимли равишда ташкил этиш соҳасида:

ривожланган хорижий давлатлар амалиётини ўрганиш асосида Қонунчилик палатаси фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича ягона техник сиёсатни ишлаб чиқади ва уни амалга ошириш чораларини кўради;

Қонунчилик палатаси фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини яратиш бўйича таклифлар тайёрлайди, соҳага оид концепциялар, стратегиялар, мақсадли дастурлар ва йўл хариталари ишлаб чиқади ҳамда уларнинг ижросида иштирок этади;

Қонунчилик палатасининг ахборот тизимларини сунъий интеллект технологиялари билан интеграция қилинишига тайёрлайди, модернизация қилади, зарур инфратузилма ва технологияларни тайёрлайди;

қонун лойиҳаларини ва бошқа ҳужжатларни таҳлил қилиш, қайта ишлаш ва хулоса беришга йўналтирилган сунъий интеллект асосидаги дастурий моделларни яратади ва амалиётга татбиқ этади;

Қонунчилик палатасининг асосий фаолият йўналишларига, шу жумладан қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва сайловчилар билан ишлаш жараёнларига сунъий интеллект лойиҳаларини жорий этишни эксперт ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди, шу мақсадда тажриба (пилот) лойиҳаларини амалга оширади;

Қонунчилик палатасининг депутатлари ва унинг Девони ходимлари учун сунъий интеллект бўйича ўқув ва ахборот-маърифий тадбирларни ташкил этади, кадрлар салоҳиятини ошириш чораларини кўради, шу жумладан конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этади;

парламентаризм соҳасида сунъий интеллектни қўллаш бўйича халқаро тенденциялар ва хорижий тажрибани доимий равишда ўрганиб, ижобий ютуқларни миллий амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар беради;

ж) қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга оширишда иштирок этиш соҳасида:

қабул қилинган қонунларнинг мазмунини ёритиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиб бериш бўйича тарғибот ишларини амалга оширади;

қабул қилинган қонунлар бўйича конференция, семинар, «давра суҳбатлари» ва бошқа тарғибот тадбирларини ташкил этади ҳамда шундай тадбирларда иштирок этади;

қабул қилинган қонунлар бўйича депутатларнинг тарғибот ва ташвиқот фаолиятини ташкил этишга кўмаклашади, Қонунчилик палатасининг бу йўналишдаги фаолиятини ташкил этишнинг замонавий шакллари ва усулларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

з) Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари бажарилишини ўрганиб бориш соҳасида:

Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларига (KPI) эришиш юзасидан ахборот-таҳлилий жиҳатдан кўмаклашади;

Қонунчилик палатасига тақдим этилган қонун лойиҳаларининг Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсияларга мослигини ўрганиб чиқишда иштирок этади;

БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича тасдиқланган индикаторларга эришилишини мониторинг қилиш жараёнларида иштирок этади, мониторинг натижалари бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлайди.

3-боб. Институтнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

7. Институт ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ҳокимияти органларидан, республика ижро этувчи ҳокимият органларидан, таълим ва илмий муассасалардан, бошқа ташкилотлардан ўз ваколатига киритилган масалаларни тайёрлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар, материаллар ва маълумотларни сўраш ҳамда олиш;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар, шу жумладан, илмий ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш;

таълим ва илмий муассасаларнинг, марказларнинг, ҳуқуқни қўлловчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан, ахборот-кутубхона ресурсларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;

республика ижро этувчи ҳокимият органларидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш;

илмий, ахборот-таҳлилий материалларни, қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш, тадбирлар ўтказиш ҳамда Институтнинг ваколатига кирувчи бошқа вазифаларни амалга ошириш учун олимлар, мутахассислар орасидан ишчи гуруҳлар ташкил этиш, шу жумладан, шартнома асосида ташкил этиш;

илмий тадқиқотларга вазирлик ва идораларнинг мутахассисларини, илмий-тадқиқот марказларининг ходимларини, олимларни ва олий таълим муассасаларининг ўқитувчиларини, шу жумладан, хорижлик мутахассисларни жалб этиш;

фуқароларнинг қонун лойиҳалари ва амалдаги қонун ҳужжатлари бўйича билдирилган таклифлари, фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, йиғиш, муайян соҳадаги қонунчиликни ўрганишда жамоатчилик орасида сўровлар ўтказиш, қонунчиликни такомиллаштиришда таклифлар тайёрлашда улардан фойдаланиш;

Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари, комиссиялари ва фракциялар мажлисларида иштирок этиш;

қонун ҳужжатлари ижроси ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти муаммоларини ўрганиш масалалари бўйича бошқа ташкилотлар, шу жумладан, илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро тажриба ва ахборот алмашиш;

тегишли халқаро ва хорижий ташкилотлар билан белгиланган тартибда ўзаро тажриба ва ахборот алмашишни амалга ошириш;

шартнома асосида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, даромад тарзида олинган маблағларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Институт ходимларини моддий рағбатлантиришга, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтириш;

Институт томонидан грантлар сифатида олинадиган бюджетдан ташқари маблағлардан, шу жумладан, валюта маблағларидан ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан қонунда белгиланган тартибда фойдаланиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, даврий илмий-амалий нашрларни, шу жумладан, «Парламент тадқиқотлари ахборотномаси» даврий нашрини чиқариш.

Институт қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

8. Институт:

ўзига юкланган вазифалар самарали бажарилишини таъминлаши;

иш юритишни ташкил этиш, расмий ҳужжатларни тузиш, ижро этиш ва сақлаш бўйича белгиланган талабларга риоя қилиши;

ўз фаолияти натижалари бўйича статистик ҳисобот ва бухгалтерия ҳисобини юритиши шарт.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ Институт зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

4-боб. Институт фаолиятини ташкил этиш

9. Институтга Қонунчилик палатасининг Кенгаши томонидан лавозимга тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод қилинадиган директор бошчилик қилади.

Директор республика ижро этувчи ҳокимият ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида, хўжалик бошқаруви органларида, шунингдек бошқа миллий, хорижий ҳамда халқаро ташкилотларда Институт номидан иш кўради.

10. Институт директори:

Институт ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар қабул қилади;

Институтнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;

Институт ходимлари ўртасида мансаб вазифаларини тақсимлайди;

Институтнинг иш режаларини, ҳисоботларини ва услубий ишланмаларини тасдиқлайди;

Институтнинг ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;

Институтнинг харажатлар сметасини тасдиқлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ходимларни рағбатлантириш ва мукофотлаш шаклларини белгилайди, уларнинг лавозим маошларига устамалар ва қўшимчалар белгилайди, ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича қарорлар қабул қилади;

Институтнинг активларини тасарруф этади, мол-мулкни бошқариш бўйича қарорлар қабул қилади, молиявий, тўлов-ҳисоб-китоб ҳужжатларини ҳамда бошқа ҳужжатларни имзолайди;

Институт номидан шартномалар ва битимлар тузади;

ўз ваколатлари доирасида бошқа масалаларни ҳал этади.

Институт директори белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан тежаб қолинган маблағларни, шунингдек тасдиқланган штатлар жадвалида назарда тутилган бирликлар тўлдирилмаганда бўшаб қолган маблағларни Институт ходимларини моддий рағбатлантириш учун ишлатишга ҳақли.

Институт директори Институт тузилмасига бюджетдан ташқари манбалар ҳисобидан қўшимча штат бирликларини киритиши мумкин.

Институт директори Институтнинг тасдиқланган тузилмасига ва штатлар жадвалига белгиланган ходимларнинг чекланган сони ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга.

11. Институт директорининг ўринбосари Институт директорининг тақдимномасига биноан Қонунчилик палатасининг Кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Институт директорининг ўринбосари Институтнинг ўзига топширилган бўлинмалари ишини самарали ташкил этиш учун масъул бўлади, директорнинг топшириғига кўра унинг айрим вазифаларини бажаради ҳамда директор йўқлигида ёки у ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажариб туради.

12. Институт директори, Институт директори ўринбосари билан меҳнат шартномаси Қонунчилик палатасининг Спикери ва тегишинча Институт директори, Институт директори ўринбосари ўртасида тузилади.

13. Институт ходимларига тегишинча Қонунчилик палатаси девонининг ходимлари учун белгиланган тиббий таъминот, моддий рағбатлантириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.

Бунда Институт ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 25 фоизи миқдорида белгиланади.

Фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига (ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига) эга ходимларга лавозим маошининг 30 фоизигача, фан доктори ёки фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасига (ёхуд хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига) эга ходимларга лавозим маошининг 60 фоизигача миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.

Институт ходимларига мансаб даражалари учун қўшимча устамалар Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, узоқ йиллик хизмати учун қўшимча ҳақлар Қонунчилик палатасининг Кенгаши томонидан белгиланган тартибда тўланади.

14. Институт ходимларига илгари ишлаган жойида берилган, шу жумладан кўп йиллик меҳнати, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба ва малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун устамалар ва қўшимча ҳақлар сақланиб қолади.

Институт ходимларига эгаллаган лавозимига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимлари учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган махсус унвонлар – мартаба даражалари берилади.

Бунда Институт ходимларига мартаба даражалари малака ва иш стажига мувофиқ, эгаллаб турган лавозими, олдинги иш жойидаги берилган ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба ва малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар), шунингдек Институтга юклатилган вазифалар, шу жумладан лавозим мажбуриятларини намунали ва виждонан бажараётганлиги ҳисобга олинган ҳолда, махсус малака ошириш курсларини ўтамасдан тўғридан-тўғри, Институт директорининг тавсияномасига кўра, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан изчил тартибда берилади.

Институт ходимларига мартаба даражаларини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ва Институт директорининг қўшма буйруғи билан тасдиқланади.

15. Институтда меҳнат фаолияти билан боғлиқ, шу жумладан, раҳбарлик лавозимларда ишлаган давр ходимларнинг умумий, мутахассислиги бўйича, илмий-педагогик стажига қўшилади.

Институт ходими сифатидаги иш стажи бошқа давлат органларига, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмаларга ишга ўтиш чоғида навбатдаги ҳарбий ва махсус унвонлар олиш, шунингдек ҳарбий ва махсус унвонлар учун устамалар ҳамда узоқ муддатли хизмат учун қўшимча ҳақлар ҳисоблаш учун иш стажига қўшиб ҳисобланади.

16. Институтда ишлаш вақтида ҳарбий ва махсус унвонлар бериш тегишли ҳарбий ва махсус унвонлар бериш учун зарур бўлган муддатлар ўтгач, илгариги иш жойида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

17. Институт ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, мансаб йўриқномаларига, Институтда амал қиладиган низомларга, йўриқномаларга, ички меҳнат тартиби қоидаларига, жамоа шартномаси ва меҳнат шартномаларига мувофиқ белгиланади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

18. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлардан, давлат илмий-техникавий дастурлари ва лойиҳалари доирасида ажратиладиган грантлардан, шартнома асосида ўтказилган тадқиқотлардан олинадиган тушумлардан, шунингдек халқаро молиявий ва бошқа ташкилотларнинг, чет эл ҳукумат ташкилотларининг грантларидан, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан иборатдир.

19. Институт ҳузурида Илмий-эксперт кенгаши – маслаҳат органи тузилади, унинг таркибига етук олимлар, амалиётчилар, тадбиркорлик субъектларининг, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари кириши мумкин.

Институт ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши тўғрисидаги низом Институт директори томонидан тасдиқланади.

20. Институт Қонунчилик палатаси Кенгашининг қарори билан қайта ташкил этилиши ва тугатилиши мумкин.

2-илова Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2026 йил 13 апрелда қабул қилинган 1941–V-сонли Қарори таҳририда