Ўзбекистон – Ўмон муносабатларида янги босқич: сиёсий мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш
МУНОСАБАТ

Отабек РЎЗМЕТОВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи
Ўзбекистон – Ўмон муносабатларида янги босқич
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг таклифига биноан 2026 йил 16 ноябрь куни Ўмон Султонлигига амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим сиёсий воқеа бўлди.
Мазкур давлат ташрифи хорижий давлатлар билан сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларининг яна бир амалий ифодасидир.
Масқат шаҳридаги «Ал-Аълам» саройида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда фаол ривожланиб, сиёсий мулоқот мустаҳкамланаётгани, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар изчил кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Айниқса, икки мамлакат халқларини боғлаб турган чуқур тарихий ва маданий алоқалар, ўзаро ҳурмат ва дўстлик муносабатлари ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилаётганини қайд этиш ўринли.
Давлат ташрифининг энг муҳим жиҳатларидан бири – сиёсий мулоқот билан бир қаторда, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитишга алоҳида эътибор қаратилганидир.
Хусусан, Президентимиз Ўмон Инвестициялар агентлиги президенти Абдусалом ал-Муршидий бошчилигидаги йирик бизнес вакиллари билан учрашув ўтказиб, икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий шерикликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Ўзбекистон – Ўмон инвестиция компаниясининг устав капиталини 2 карра ошириш, тоғ-кон саноати, «яшил» энергетика, электротехника, кимё, шаҳарсозлик, транспорт ва логистика, инфратузилма ҳамда қишлоқ хўжалиги каби истиқболли йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу эса икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни аниқ иқтисодий лойиҳалар асосида ривожлантиришга бўлган ўзаро қизиқиш ва интилишни кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан, янги ташкил этилаётган Ўзбекистон – Ўмон ишбилармонлар кенгашининг фаолияти ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур тузилма икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлашда муҳим ўрин тутиши кутилмоқда.
Эътиборлиси, ташриф доирасида муҳокама қилинган ташаббусларни амалга ошириш бўйича аниқ ташкилий механизмлар ҳам белгилаб олинди.
Жумладан, қўшма ишчи гуруҳ тузиш ҳамда амалга оширилган ишлар натижаларини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш юзасидан келишувга эришилди. Бу икки томонлама ҳамкорликни мунтазам мувофиқлаштириш ва илгари сурилган ташаббусларнинг амалий ижросини кузатиб бориш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Ташрифнинг яна бир эътиборли жиҳати Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги дўстона муносабатларнинг олий даражадаги ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида ривожланаётганидир.
Хусусан, Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ол Саид» ордени билан тақдирланиши, ўз навбатида, давлатимиз раҳбари томонидан Ўмон Султонига «Олий Даражали Дўстлик» орденининг топширилиши икки мамлакат ўртасидаги яқин муносабатларнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Шунингдек, давлат ташрифи ва олий даражадаги музокараларнинг Ўмоннинг етакчи нашрларидан бири – «Times of Oman» газетасида кенг ёритилгани ҳам ушбу воқеага қаратилаётган эътиборни намоён этди.
Фикримизча, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўмон Султонлигига давлат ташрифи Ўзбекистон ва Ўмон муносабатларини янада юқори босқичга кўтариш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликнинг амалий имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, икки мамлакат ишбилармон доираларининг бевосита мулоқотини йўлга қўйиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш ва уларнинг ижросини мунтазам муҳокама қилиб боришга қаратилган келишувлар ҳамкорликнинг амалий натижадорлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
❝ Умуман, мазкур давлат ташрифи Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги тарихий дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатларни мустаҳкамлаш, икки мамлакат халқлари манфаатларига хизмат қиладиган кўп қиррали ҳамкорликни изчил ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди. ❞
Отабек РЎЗМЕТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи



















