Рақамли ходимми ёки восита? Ташкилотларда агентли сунъий интеллектни жиловлаш чегаралари
МАҚОЛА

Зафар МУҲАММАДОВ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи
Замонавий корпоратив ва давлат бошқаруви амалиётида сунъий интеллект тизимларига нисбатан “рақамли ҳамкасб” ёки “рақамли ходим” тушунчаларининг қўлланилиши, шунчаки жозибадор маркетинг ибораси бўлмай, балки ташкилотларнинг операцион парадигмаси тубдан ўзгараётганидан далолат беради. Анъанавий ҳисоблаш тизимлари, дискрет маълумотларни таҳлил қилувчи дастурлар ва матн генерация қилувчи оддий тил моделлари инсон сўрови асосида ишловчи пассив маслаҳат воситалари сифатида фаолият юритган бўлса, замонавий агентли сунъий интеллект тизимлари узлуксиз воқеалар сиклида ҳаракатланувчи, мақсадга йўналтирилган мураккаб вазифаларни мустақил режалаштирувчи ва ташқи ахборот тизимларида фаол операцияларни бажарувчи тузилмаларга айланди.
Бироқ технологияга ходим мақомини бериш ёки унга инсон каби муносабатда бўлиш хавфли иллюзияни юзага келтиради. Ходим ташкилот олдида ҳуқуқий, маънавий ва интизомий жавобгарликка эга бўлган, ўз ҳаракатларининг ижтимоий ва моддий оқибатларини англайдиган онгли субъектдир. Сунъий интеллект агенти эса қанчалик мураккаб ҳисоблаш архитектурасига (ReAct мулоҳаза сикли, Model Context Protocol ва кўп қатламли хотира тузилмасига) эга бўлмасин, у интеллектуал ниятдан, ахлоқий тушунчадан ва ҳуқуқий субъектликдан маҳрум бўлган детерминистик-стохастик (аниқ қонуниятлар ва эҳтимолий-тасодифий омилларни биргаликда ҳисобга оладиган ёндашув) дастурий таъминотдир. Тизим маслаҳат беришдан амалларни бажаришга ўтган сари, бошқарувнинг марказий саволи “тизим нима деб жавоб беради?” деган нуқтадан “унга ахборот инфратузилмасида нималарни ўзгартиришга рухсат берилган?” деган амалий чегарага кўчади.
Ушбу таҳлилнинг асосий мақсади ташкилотларда агентли сунъий интеллектни “рақамли ходим” сифатида қабул қилишнинг институционал зиддиятларини очиб бериш, уларни бошқариладиган ва аудит қилинадиган юқори хавфли технологик восита сифатида жиловлаш механизмларини таҳлил қилиш ҳамда халқаро амалиёт ва миллий қонунчилик талаблари доирасида аниқ ташкилий чегараларни белгилашдан иборатдир.
Агентли сунъий интеллект ўзининг операцион тезлиги ва узлуксиз ҳаракат қилиш хусусиятига кўра анъанавий воситалардан анча илгарилаб кетган бўлса-да, масъулият ва ваколатнинг табиати бўйича инсон ходим даражасига чиқа олмайди. Шу сабабли, бошқарув механизмлари тизимга мустақил субъект мақомини беришдан кўра, уни қатъий муҳандислик талаблари ва меъёрий чекловлар доирасида сақлашга йўналтирилиши шарт.
Нима учун агент “ходим” бўла олмайди?
Ташкилот назарияси ва корпоратив бошқарув таълимотида инсон ходим билан ташкилот ўртасидаги муносабатлар анъанавий вакиллик ва фидутсионар мажбуриятлар доирасида тартибга солинади. Инсон ходим ўз раҳбарига ёки иш берувчисига нисбатан содиқлик, бўйсуниш ва ошкоралик мажбуриятларини ўз зиммасига олади. Бундай муносабатлар бевосита икки томонлама чизиқли тузилмани ҳосил қилади. Дастурий агентларнинг пайдо бўлиши эса ушбу классик консепсияни парчалаб ташлайди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, сунъий интеллект агентлари сунъий агентлик хусусиятига эга бўлиб, уларда қарор қабул қилиш ваколати юридик шахссизлик шароитида амалга оширилади. Агент инсон каби моддий ёки жиноий жазони ўз зиммасига ололмайди, унинг банк ҳисобварағи ёки эркинлиги мавжуд эмас. Агар агент ташкилотга жиддий молиявий зарар етказса ёки учинчи шахсларнинг ҳуқуқларини бузса, уни жазолаш ёки қонуний жавобгарликка тортиш имконсиздир. У ҳуқуқий тилда ўзига нисбатан даъво қилиб бўлмайдиган субъект ҳисобланади.
Бундан ташқари, сунъий интеллект агентлари иштирокидаги муносабатлар икки томонлама доирадан чиқиб, кўп субъектли (poliadik) хусусият касб этади. Агент бир вақтнинг ўзида манфаатлари ўзаро қарама-қарши бўлган бир нечта субйект таъсири остида фаолият юритади:
1. Базавий моделни ўқитган ва унга хулқ-атвор хавфсизлиги чегараларини ўрнатган технологик ишлаб чиқувчи;
2. Агентни ўз инфратузилмасида жойлаштирган ва хизмат кўрсатиш шартларини белгилаган ҳостинг ёки платформа провайдери;
3. Агентдан фойдаланаётган ва унга бевосита топшириқ берган ташкилот ходими ёки жараён эгаси.
Ушбу кўп томонлама тузилмада агентнинг буюртмачига бўлган “содиқлиги” мажбурий равишда бўлинади. Масалан, ташкилот учун харидларни автоматлаштиришга мўлжалланган агент провайдернинг тижорат келишувлари ёки ўқитиш пайтидаги яширин афзалликлари сабабли энг тежамкор вариант ўрнига маълум бир ҳамкор маҳсулотини танлаши мумкин. Бундай хатти-ҳаракатлар классик бошқарувда хиёнат ёки интизом бузилиши ҳисобланса-да, алгоритмик тизимга нисбатан ахлоқий мезонларни қўллаб бўлмайди. Бинобарин, ташкилот агентни инсоний маънода ўзига “содиқ ходим” деб ҳисоблай олмайди. Унинг ҳаракатлари инсоний виждон билан эмас, фақат техник архитектура ва ташкилий рухсатлар билан кафолатланади.
Техник ва операцион хатарлар каскади: машина тезлиги, deskilling ва хавфсизлик инқирозлари
Агентли сунъий интеллектни ташкилот жараёнларига интеграция қилиш операцион самарадорликни ошириш билан бирга, олдиндан кўриб бўлмайдиган хатарлар каскадини келтириб чиқаради. Бу хатарларнинг энг биринчиси ҳаракатларнинг машина тезлигида (миллисекундлар ва сониялар ичида) амалга оширилиши ва инсоннинг унга ўз вақтида аралаша олмаслигидир.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан юритиладиган сунъий интеллект ҳодисалари реестрига киритилган PocketOS воқеаси ушбу операцион хатарнинг ёрқин далилидир. 2026 йил апрель ойида дастурий таъминот компаниясида код ёзиш ва инфратузилмани созлашга ёрдам берувчи автоном агент ишлаб турган маълумотлар базасини ва унинг барча захира нусхаларини атиги тўққиз сония ичида бутунлай ўчириб юборди. Тизимда ўрнатилган “муҳим амаллар олдидан инсон тасдиғини сўраш” хавфсизлик тўсиғи ўша лаҳзада ишламай қолди. Ушбу ҳодиса шуни кўрсатадики, анъанавий IT-бошқарувда қўлланиладиган воқеадан кейинги аудит ва таҳлил усуллари агентли тизимларда етарли эмас. Машина тезлигида амалга оширилган хато ташкилотни бир неча сонияда ҳалокатли йўқотишга олиб келиши мумкин.
Иккинчи жиддий тизимли хатар бу ходимларнинг касбий малакасини йўқотиши ва автоматлаштиришга нисбатан тарафкашлик муаммосидир. Ташкилот ходимлари агентларнинг тезкор ва силлиқ ишлашига ҳаддан ташқари ишониб, уларнинг хулосаларини танқидий таҳлил қилишни тўхтатади. Амалиёт шуни кўрсатадики, агар мутахассис ҳар куни агент тайёрлаган маълумотларни чуқур текширмасдан “тасдиқлаш” тугмасини босишга одатланса, вақт ўтиши билан у тизим хатоларини пайқаш қобилиятини йўқотади. Натижада қонунда белгиланган инсон назорати қуруқ расмиятчиликка айланади.
Учинчи йўналиш киберхавфсизлик таҳдидлари билан боғлиқдир:
Билвосита промпт инъекцияси (Indirect Prompt Injection). Агент ташқи муҳитдан электрон хатлар, веб-саҳифалар ёки корпоратив ҳужжатлардан маълумот ўқиётганда, ушбу манбаларга яширилган ғаразли матнли кўрсатмаларга дуч келади. Масалан, InjecAgent ва AgentDojo тадқиқотлари зарарли маълумотлар орқали агент хатти-ҳаракатларини 70 фоиздан ортиқ эҳтимол билан ўзгартириш, унга махфий маълумотларни ташқарига сиздириш ёки рухсатсиз файлларни ўчириш буйруғини юклаш мумкинлигини исботлаган.
Агентларнинг назоратсиз кўпайиши (Agent Sprawl). Ташкилотда марказий ҳисобга олинмаган, турли бўлинмалар томонидан пала-партиш ишга туширилган “соя агентлар” вужудга келади. Бошқарилмайдиган ост-агентлар тизимлар ўртасида хавфсизлик аудитини имконсиз қилади.
Контекст тўлиши ва рекурсив галлюцинация. Агентли тизимларда узоқ вақт ишлаш давомида контекст ойнаси тўлиб, тарихни қисқартириш жараёнида муҳим чекловлар тушиб қолади. Қайта-қайта итератив таҳлил қилиш 4-5 раунддан кейин аниқликни ошириш ўрнига, асоссиз абстраксияларга ва хато қарорлар занжирига олиб келиши мумкин.
Глобал регуляторлар тажрибаси: “AI Inside, Rules Around It”
Дунё бўйлаб етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар агентли тизимларнинг хатарларини англаган ҳолда, уларни жиловлаш бўйича махсус стандартлар ва меъёрий доираларни ишлаб чиқмоқда.
OECD томонидан 2026 йил сентябрида эълон қилинган ва 25 та йирик халқаро ташкилот (шу жумладан йирик IT ишлаб чиқувчилар, давлат органлари ва консалтинг компаниялари) амалиётчилари ўртасида ўтказилган тадқиқот муҳим ҳақиқатни фош этди. Иштирокчи ташкилотларнинг бирортаси ҳам сунъий интеллект агентларига чекланмаган автономия бергани йўқ. Компаниялар агентларни тор ва тузилмали соҳаларда код ёзишга ёрдам бериш, билимларни бошқариш, ҳисоб-фактураларни солиштириш (масалан, Infosys кейсида) каби йўналишларда қўлламоқда. Тўловларни амалга ошириш, маълумотларни ўчириш ёки қоидалардан четга чиқиш каби ҳаракатлар қатъий равишда инсон тасдиғига боғланган.
Саноатда бу ёндашув “AI Inside, Rules Around It” ичкарида сунъий интеллект мантиғи, унинг атрофида эса қатъий ва ўзгармас детерминистик қоидалар формуласига асосланади. Ташкилотлар агентларнинг хулқ-атворини фақат нейротармоқнинг ўзига ишониб топширмасдан, унинг атрофида қатъий дастурий қобиқ яратмоқда.
Халқаро регулятив меъёрлар қуйидаги устунларга таянади:
- Сингапур IMDA Model AI Governance Framework. Дунёда агентли сунъий интеллект учун махсус қабул қилинган биринчи кенг қамровли доира бўлиб, тўртта асосий ўлчовни илгари суради. Хавфларни олдиндан баҳолаш ва чегаралаш, инсоннинг мазмунли ҳисобдорлигини таъминлаш, техник назорат воситаларини жорий этиш ва якуний фойдаланувчи масъулиятини ошириш. Сингапур модели агентларга ташкилот миқёсида уникал рақамли идентификатор (Unique Agent ID) беришни, ҳар бир агентнинг рухсати уни ишга туширган инсон ваколатидан ошмаслигини ва хавфли амаллар олдидан тизим даражасидаги рад этиш (deny-by-default) режимини талаб қилади.
- Европа иттифоқининг AI Act регламенти. Регламентнинг 14-моддаси юқори хавфли сунъий интеллект тизимлари устидан инсон назоратини (Human Oversight) мажбурий ҳуқуқий талаб сифатида белгилайди. Тизим шундай лойиҳалаштирилиши керакки, инсон оператори унинг имкониятлари ва чегараларини тўлиқ тушуниши, автоматлаштириш тарафкашлигига берилмаслиги ва исталган вақтда тизим ҳаракатини “Стоп” тугмаси орқали тўхтата олиши шарт.
- Канада давлат хизмати қўлланмаси ва Австралия стандартлари. Давлат секторида агентларнинг ташқи матнларни буйруқ деб қабул қилишининг олдини олиш, уларга минимал зарур кириш ҳуқуқларини бериш ва ходимларнинг профессионал малакасини сақлаб қолиш чораларига алоҳида урғу беради.
Жиловлаш чегараларининг архитектураси: муаллифлик бошқарув модели
Ташкилотда агентли тизимлар фаолиятини ишончли чеклаш ва назорат қилиш учун агентга берилган умумий ном ёки ишлаб чиқувчининг реклама тусидаги баёнотларига таянишдан кўра, муайян ҳаракатлар ва уларнинг оқибатларига асосланган тизимли бошқарувни йўлга қўйиш зарур. Ушбу мақолада таклиф этилаётган муаллифлик бошқарув модели ўзаро узвий боғланган олти босқичли занжирдан иборат:
Вазифа ва ҳаракатлар доираси ⟶ Автономлик даражаси ⟶ Хавф ва таъсир ⟶ Назорат тартиби ⟶ Масъул субъектлар ⟶ Ҳодисага жавоб
Модель ташкилотдаги ҳар бир ҳаракатни тўртта фаолият даражасига ажратади ва уларга мос назорат тартибларини белгилайди. Мазкур модель доирасида учта муҳим бошқарув қоидаси амал қилади:
Биринчидан, рухсатлар чегараси матнли буйруқлар даражасида қолдирилмасдан, тизим архитектурасининг ўзида мустаҳкамланади. Агентга “файлларни ўчирма” деб табиий тилда кўрсатма бериш ҳимояни таъминламайди. Тизим администратори оператсион тизим ва API даражасида агентга ўчириш ёки ёзиш ҳуқуқини бермаслиги шарт. Model Context Protocol (MCP) каби стандартлар орқали ҳаракатлар қатъий тикланган схемалар билан чегараланади.
Иккинчидан, инсон назорати мазмунли бўлиши лозим. Расмиятчилик учун қўйилган “Давом этилсин” тугмаси инсон назорати ҳисобланмайди. Ходим тасдиқлашдан олдин кимнинг номидан, қайси маълумот асосида ва қандай оқибат келтириб чиқарувчи амал бажарилаётганини, ўзгараётган параметрнинг эски ҳамда янги қийматини аниқ кўриши керак.
Учинчидан, ҳаракатлар журнали агентнинг ўз тушунтиришларидан алоҳида юритилади. Агент ўз фаолиятини оқлаш мақсадида кейинчалик мантиқан изчил кўринган, бироқ ҳақиқатга мос келмайдиган изоҳларни яратиши мумкин. Шу боис хавфсизлик ва аудит жараёнларида нейротармоқнинг ўз баёнига таяниш ўрнига, сервер даражасида қайд этилган вақт, чақирилган восита, узатилган параметрлар ҳамда ҳаракатни тасдиқлаган шахс тўғрисидаги ўзгартиришдан ҳимояланган рақамли қайдлар асосий далил ҳисобланади.
Ўзбекистон институционал экотизими учун тавсиялар
Ўзбекистон Республикасида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш жараёнида инсон ҳуқуқларини кафолатлаш ва давлат бошқаруви самарадорлигини таъминлаш бўйича мустаҳкам қонунчилик пойдевори яратилди.
2026 йил 21 январда қабул қилинган ЎРҚ-1115-сон Қонун билан “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунга киритилган 71-модда ўта муҳим нормани белгилаб берди. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор бўлган юридик аҳамиятга эга қарорларни қабул қилиш чоғида фақат сунъий интеллект тизимлари хулосаларига таяниш қатъиян тақиқланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 июлдаги ПФ-123-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси давлат органлари ва ташкилотларида ахборот технологиялари аудитини ўтказувчи ваколатли орган этиб белгиланди ҳамда 2027 йилдан бошлаб сунъий интеллектдан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш аудити йўлга қўйилиши кўзда тутилди.
Агентли тизимларнинг пайдо бўлиши ушбу икки норматив ҳужжат ижросига мутлақо янгича талабларни юклайди. ЎРҚ-1115-сон Қонунда кўрсатилган тақиқ фақат якуний қарор босқичида инсоннинг расмий имзо қўйиши билангина чекланиб қолмаслиги керак. Агар агент аризани мустақил сараласа, маълумотларни қисқартирса ва қарор лойиҳасини тайёрлаб, ходимга фақат тасдиқлаш учун узатса, якуний натижа амалда агентнинг оралиқ амаллари билан олдиндан белгилаб қўйилган бўлади. Бинобарин, қонун ости ҳужжатларида “инсоннинг мазмунли иштироки” тушунчаси оралиқ операцияларни ҳам қамраб олиши лозим.
ПФ-123-сон Фармон ижроси доирасида Ҳисоб палатаси 2027 йилдан бошлаб аудит ўтказиш жараёнида ташкилотлар томонидан агентларни харид қилиш билан бир қаторда, улар фаолиятини чеклаш ва назорат қилиш учун зарур инфратузилма яратилганига ҳам эътибор қаратади. Шу нуқтайи назардан, давлат ва корпоратив бошқарув амалиёти учун қуйидаги тўртта устувор чорани амалга ошириш таклиф этилади:
1. Давлат органларида сунъий интеллект агентларининг марказий реестри ва ҳисобини юритиш. Ҳар бир давлат ташкилотида ишлатилаётган барча агентлар уникал идентификатор билан рўйхатга олиниши, уларнинг хизмат вазифаси, техник рухсатлари чегараси, кириш мумкин бўлган маълумотлар тоифалари ва уларга масъул бўлган аниқ мансабдор шахс лавозими кўрсатилиши шарт. Бу “соя агентлар” пайдо бўлишининг олдини олади.
2. Ўчириб бўлмайдиган ҳаракатлар журнали инфратузилмасини жорий этиш. Агент томонидан бажарилган ҳар бир қидирув, маълумот ўзгариши, API сўрови ва восита чақируви марказлаштирилган, криптографик ҳимояланган ва ўзгартириб бўлмайдиган логларда сақланиши керак. Ҳисоб палатаси IT-аудиторлари тизим тавсифига эмас, айнан мана шу ҳаракат изларига қараб тизим самарадорлиги ва хавфсизлигини баҳолайди.
3. Қайтариб бўлмайдиган ва юридик оқибатли ҳаракатлар учун инсон тасдиғи (HITL) шлюзларини ўрнатиш. Фуқароларнинг ҳуқуқларига дахлдор (ижтимоий ёрдам белгилаш, лицензия бериш, жарима қўллаш), молиявий маблағларни ўтказиш ёки маълумотлар базасини ўзгартириш каби барча амаллар агент томонидан фақат лойиҳа сифатида тайёрланиши, уларнинг ижроси эса ваколатли давлат хизматчисининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлангандан сўнг амалга оширилиши шарт.
4. Давлат аудити стандартларига агентли тизимларни баҳолаш методологиясини интеграция қилиш. Ҳисоб палатаси томонидан 2027 йилгача ишлаб чиқиладиган IT-аудит стандартларида агентларнинг ресурс сарфи (ортиқча такрорий цикллар харажати), хавфсиз рад этиш қобилияти, рухсатсиз уринишлар статистикаси ва ходимларнинг касбий малакасини йўқотмаслик чоралари алоҳида аудит мезонлари сифатида акс эттирилиши лозим.
Восита мақомини сақлаш ва инсоний ҳисобдорлик устуворлиги
Сунъий интеллект агентлари замонавий ташкилотлар учун улкан имкониятлар эшигини очмоқда. Улар узоқ вақт талаб қиладиган маълумотларни таҳлил қилиш, мураккаб иш оқимларини мувофиқлаштириш ва инсонни бир хил такрорланувчи операциялардан халос этишда тенгсиз самарадорлик кўрсатади. Бироқ уларни “рақамли ходим” деб аташ ва уларга мустақил қарор чиқариш эркинлигини топшириш ташкилот бошқарувини йўқотишга олиб келади.
Агент ҳеч қачон ходим бўла олмайди, чунки у жавобгарлик субъекти эмас. У ташкилот номидан гапириш ёки мустақил юридик ирода билдириш ваколатига эга эмас. Тизим қанчалик автоном ҳаракатланмасин, унинг мақсадини белгилаш, ҳаракат чегараларини чизиш ва якуний оқибат учун жавоб бериш фақат ва фақат инсон зиммасида қолади.
Ташкилотларнинг вазифаси сунъий интеллектни бошқарувдан узоқлаштириш, аммо уни қатъий жиловланган, аудит қилинадиган ва хавфсиз технологик восита сифатида тўғри ишлатишни ўрганишдир.
❝ Бошқарув восита ичидаги нейротармоқ параметрларига эмас, унинг атрофидаги меъёрий ва муҳандислик деворларига таянмоғи лозим. ❞
Зафар МУҲАММАДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи





















