Иқлим ўзгаришига қарши курашишда янги босқич: минтақавий ҳамкорлик ва муштарак масъулият
МУНОСАБАТ

Отабек РЎЗМЕТОВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасидаги Жаҳон етакчилари саммитида сўзлаган нутқи мамлакатимизнинг глобал иқлим муаммоларини ҳал этишга қаратилган изчил сиёсати, «яшил» тараққиёт соҳасида эришилган натижалари ҳамда минтақавий ва халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга бўлган қатъий интилишини намоён этди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида иқлим ўзгаришига қарши курашиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва «яшил» технологияларни жорий этиш Ўзбекистоннинг янги тараққиёт моделида муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
Бу борада мамлакатимизда эришилган натижалар эътиборга молик. Хусусан, ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган газ чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш бўйича белгиланган мақсад муддатидан олдин бажарилди. 2035 йилга қадар ушбу кўрсаткични 50 фоизга етказиш, яқин тўрт йилда қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини 54 фоизга ошириш каби янги марралар белгиланди.
Шу билан бирга, сўнгги ўн йилда иқтисодиётда сув сарфининг деярли икки бараварга камайгани, суғориладиган ер майдонларининг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилгани ҳамда ўрмонлар майдони олти миллион гектарга кўпайтирилгани мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирларнинг натижасидир.
Президентимиз томонидан илгари сурилган Марказий Осиёнинг иқлим интеграцияси моделини ривожлантириш ташаббуси нутқнинг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлди. Зеро, минтақамизда музликларнинг эриши, сув танқислиги ва қурғоқчилик каби хавф-хатарларнинг ортиб бориши иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни биргаликда ҳал этиш заруратини кучайтирмоқда.
Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари таклиф этган ҳамкорликнинг учта устувор йўналиши – ахборот алмашинуви, технологик ҳамкорлик ва молиявий механизмларни ривожлантириш минтақавий саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган комплекс ёндашув сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Хусусан, Жаҳон метеорология ташкилоти кўмагида иқлим хавф-хатарлари тўғрисида маълумот алмашиш инфратузилмасини яратиш, табиий офатлар ҳақида эрта огоҳлантириш тизимини йўлга қўйиш, «Eco Expo» кўргазмасини доимий инвестиция ва технологиялар майдонига айлантириш, шунингдек, имтиёзли грантлар, «мовий» ва «арид» молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича билдирилган таклифлар мазкур ташаббуснинг аниқ амалий йўналишларини белгилаб беради.
Президент нутқида ёш авлоднинг экологик билим ва маданиятини юксалтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Экологик тарбияни оила, маҳалла ва таълим муассасалари фаолиятининг уйғунлиги асосида ташкил этиш, болаларда табиатга масъулиятли муносабатни шакллантириш мамлакатимизнинг узоқ муддатли экологик мақсадлари билан узвий боғлиқдир.
Фикримизча, давлатимиз раҳбарининг COP31 доирасида илгари сурган ташаббуслари Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашишда нафақат миллий миқёсда амалий натижаларга эришаётганини, балки минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва глобал экологик муаммоларга муштарак ечимлар топиш борасида ҳам фаол позицияни эгаллаётганини кўрсатади.
Айниқса, Марказий Осиёнинг иқлим интеграцияси моделини бошқа манфаатдор минтақаларда ҳам қўллаш таклифи ушбу ташаббуснинг халқаро аҳамиятини янада оширади.
Зотан, иқлим ўзгариши чегара билмайдиган глобал муаммо бўлиб, унинг оқибатларини юмшатиш давлатларнинг ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ва муштарак масъулият асосида ҳаракат қилишини тақозо этади.
❝ Президентимиз таъкидлаганидек, келажак авлод учун фаровон ҳаёт ва қулай шарт-шароит яратиш, она сайёрамизни асраб-авайлаш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. ❞
Отабек РЎЗМЕТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи





















