Шифокор қадри — халқ саломатлиги кафолати
МУНОСАБАТ

Ойбек ҚЎШБОҚОВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи
27 октябрь куни “Кўксарой” қароргоҳида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Касб байрами арафасидаги бу мулоқот анъанавий табрик доирасидан анча кенг бўлди. Икки ой аввал эълон қилинган еттита миллий дастурнинг иккинчиси — “Соғлом ва узоқ умр” дастури илк бор аниқ рақамлар, муддатлар ва молиявий манбаларга эга амалий чоралар тизимига айланди. Учрашувда илгари сурилган ташаббуслар учта асосий йўналишни қамраб олади. Биринчи йўналиш беморларни дори воситалари билан бепул таъминлаш ва касалликларни эрта аниқлашга қаратилган. Иккинчи йўналиш шифокорлар малакасини ошириш, уларнинг касбий мақомини юксалтириш ва меҳнатига муносиб ҳақ тўлашни назарда тутади. Учинчи йўналиш эса соғлиқни сақлаш тизимида ягона стандартларни жорий этиш, соғлом рақобатни ривожлантириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашни қамраб олади.
Ўн йил, ўн миллион, эллик саккиз минг
Давлатимиз раҳбари учрашувни соҳа ходимларини касб байрами билан табриклашдан бошлар экан, “инсон саломатлигини асрашни ислоҳотларимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири” сифатида белгилаганини яна бир бор таъкидлади. Бу эътирофнинг ортида аниқ натижалар бор. Кейинги ўн йилда 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга туширилди, 58 мингта шифо ўрни яратилди. Замонавий шифохоналар сони ва хусусий сектор имкониятлари кенгайгани ҳисобига тиббий хизматлар ҳажми уч баробар ошди.
Энг муҳими, илгари фақат хорижда бажариладиган 100 дан ортиқ тиббий амалиёт бугун юртимизнинг ўзида амалга оширилаётир. Туғма юрак нуқсонини даволаш, аъзолар трансплантацияси, робот ёрдамидаги жарроҳлик ва бош миядаги мураккаб операциялар шулар жумласидан. Яқин ўтмишда бундай амалиётлар учун чет элга чиқишга мажбур бўлган оилалар учун бу тежалган вақт, маблағ ва энг асосийси, қайта уйғонган умиддир.
Мамлакатимиз етакчиси бу ютуқларда соҳада меҳнат қилаётган 800 мингдан ортиқ ходимнинг билим ва маҳорати ҳал қилувчи ўрин тутганини алоҳида қайд этди. Касб байрами арафасида давлатимиз раҳбарининг фармони билан 83 нафар соҳа вакили, жумладан, шифокорлар, тадбиркорлар ва хорижий ҳамкорлар давлат мукофотларига сазовор бўлгани ҳам шу эътирофнинг амалий ифодасидир.
Шу билан бирга, учрашув мақсадлар ҳали олдинда эканини ҳам кўрсатди. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясига кўра, 2025 йил якунида ўртача умр кўриш давомийлиги 75 йил 2 ойни ташкил этган, 2030 йилга бориб уни 78 ёшга етказиш вазифаси қўйилган. 28 августда эълон қилинган иккинчи миллий дастур эса аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини беш йилда ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизига етказиш, давлат тиббий суғуртасини ҳар бир хонадонга жорий этиш ва дунёнинг камида бешта нуфузли клиникасини мамлакатимизга жалб қилишни назарда тутади. Бугунги ташаббуслар айнан шу мўлжалларга олиб борадиган аниқ қадамлар сифатида намоён бўлди.
Бемор ҳамёни ва “олтин соат”
Аҳоли учун энг сезиларли янгилик бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган пакети кенгайишидир. Бугун поликлиникалар орқали 69 номдаги дори воситаси бепул берилмоқда, келаси йили бу рўйхат 73 тага етказилади. Реимбурсация дастури доирасидаги позициялар эса 2027 йилдан 28 тадан 69 тагача кўпаяди. Пакетдаги тиббий текширувлар сони 36 турга етади.
Мазкур қарорнинг аҳамиятини давлат тиббий суғуртасининг жорий кўрсаткичлари билан солиштирганда яққолроқ англаш мумкин. 2026 йилнинг тўққиз ойида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали 26,6 триллион сўм йўналтирилган бўлса, шундан реимбурсация дастурига 248 миллиард сўм, яъни бир фоиздан ҳам кам маблағ тўғри келган. Демак, суғурта тизимининг ҳудудий қамрови деярли тўлиқ таъминланган бўлса-да, сурункали касалликлар учун амбулатор дори таъминоти унинг энг заиф бўғини бўлиб қолаётган эди. Реимбурсация рўйхатининг қарийб икки ярим баробар кенгайиши айнан шу бўшлиқни тўлдиришга, оилаларнинг дори харажатларини камайтиришга хизмат қилади.
Иккинчи миллий дастурнинг негизи профилактика орқали саломатликни асраш модели ҳам аниқ дастурлар билан мустаҳкамланмоқда. Ошқозон, йўғон ичак, простата ва ўпка саратонини эрта аниқлаш дастури Самарқанд вилоятидан бошланиб, 2028 йилдан барча ҳудудларда жорий этилади ва унга ҳар йили 700 миллиард сўм ажратилади. Қандли диабет, сил, юрак-қон томир касалликлари, аёллар ўсмалари ва болалар онкогематологиясини эрта аниқлаш дастурлари ҳам давом эттирилади.
Инфаркт ва инсультни эрта аниқлаш ҳамда даволаш дастури натижалари эса профилактикага киритилган маблағ нечоғлиқ самарали эканини кўрсатиб турибди. Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жорий этилган тизим туфайли беш ой ичида бу касалликлардан эрта ўлим 15 фоизга камайди, “олтин соат” ичида кўрсатилган ёрдам туфайли 855 нафар юртдошимиз эрта ўлим ва ногиронлик асоратларидан сақлаб қолинди. Келаси йили дастурга 280 миллиард сўм ажратилиб, у барча туман ва шаҳарларни қамраб олади. Бу “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган юрак-қон томир, онкологик касалликлар, қандли диабет ва сил ҳолатларининг ярмини профилактик кўрикларда аниқлаш мақсадига эришишнинг амалий механизмидир.
Оилавий шифокор: ишонч шартномаси
Тиббиётнинг юзи — поликлиника. Бирламчи бўғиннинг янги модели ҳозирча 28 та туманда синовдан ўтказилмоқда ва уларда 7 миллион аҳоли оилавий шифокорларга бириктирилди. Бемор ва тиббиёт ходимининг ўзаро мажбуриятлари шартномаларда аниқ белгиланди, янги лабораториялар ташкил этилди, шифокор ва ҳамширалар қайта тайёрланди, беморни даволашнинг аниқ йўналишлари жорий қилинди. Президентимизнинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар аҳолининг поликлиникаларга ишончини оширди. Шу боис 2027 йилдан янги модель яна 100 та туманда жорий этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил май ойида қабул қилинган фармонда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда оилавий шифокор улушини 70 фоизга, аҳолининг бирламчи бўғиндан қониқиш даражасини 85 фоиздан юқорига етказиш мақсади қўйилган эди. Синов натижаларига таянган ҳолда моделни кенг кўламда жорий этишга ўтилаётгани ислоҳотлар “аввал синаб кўр, кейин кенгайтир” тамойили асосида олиб борилаётганини кўрсатади.
Малака шифокор мақомининг янги мезони
Учрашувдаги энг тизимли ташаббуслардан бири тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ. Вазирлар Маҳкамасининг 19 октябрдаги қарорига мувофиқ, бу тизим 2027 йил 1 июлдан ихтиёрий тартибда ишга туширилади, 2030 йил 1 январдан эса касбий фаолият билан фақат давлат рўйхатидан ўтган мутахассислар шуғулланиши мумкин бўлади. Рўйхатдан ўтганлик беш йил амал қилади, кейин қайта тасдиқланади. Энг муҳими, бу талаб рағбат билан уйғунлаштирилмоқда. Рўйхатдан ўтган шифокор ва фармацевтлар иш ҳақига 7 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимларига 3,5 миллион сўм қўшимча тўланади.
Жаҳон амалиётида бу ёндашув янгилик эмас. Масалан, Буюк Британияда шифокорлар 2012 йилдан буён ҳар беш йилда қайта аттестациядан ўтиб, касбий малакасини тасдиқлаб боради. Юртимизда жорий этилаётган тизимнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у малакани нафақат талаб, балки моддий рағбат объектига ҳам айлантиради.
Шу мантиқ иш ҳақи тизимида ҳам кузатилади. Бакалавр даражасига эга ҳамширалар учун 1,5 миллион сўм, магистрлар учун 2,5 миллион сўм, оилавий тиббиёт йўналишидаги тор мутахассислар учун эса 5,5 миллион сўм қўшимча устама белгиланмоқда. Бирламчи бўғин ва туман шифохоналари ходимларининг малака ошириш харажатлари тўлиқ давлат ҳисобидан қопланади. Натижада 130 мингдан ортиқ тиббиёт ходими йилига қарийб 100 миллиард сўмни ўз ҳамёнида сақлаб қолади. Малака ошириш бозорига хусусий сектор фаол жалб этилиб, шифокорлар таълим муассасасини ўзлари танлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Маънавий рағбат ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Абу Али ибн Сино номидаги давлат мукофотини таъсис этиш ташаббуси илгари сурилди. Жорий йилда илк бор ўтказилаётган энг яхши туман шифокори ва ҳамшираси ҳудудий танловлари ғолиблари 30 миллион сўмдан мукофотланади. 2027 йилда ҳудудий босқичда ғолиб бўлган 14 нафар шифокорга электромобиль топширилади. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи энг яхши ўнта лойиҳа муаллифларига 200 миллион сўмдан грант ажратилади. Бирламчи бўғин ходимлари босқичма-босқич махсус кийим билан бепул таъминланади.
Аудиториядан — бемор ёнига
Мамлакатимиздаги 11 та давлат олий таълим муассасаси ҳар йили 15 минггача шифокор тайёрлайди. Бироқ Президентимиз очиқ эътироф этганидек, ҳар бир битирувчи ишининг биринчи кунидан беморни мустақил даволашга тайёр эмас. Шу боис 2027 йилдан тиббиёт талабалари ҳафтада уч кун бемор билан ишлашни амалда ўрганади, битирув курсида эса бутун ўқув йили давомида клиник амалиёт ўтайди.
Олий таълим ташкилотларида тор соҳа мутахассислиги бўйича резидентура 2027 йилдан бепул бўлади, резидентларга 3 миллион сўм стипендия тўланади. Ўқиш муддати йўналишга қараб оилавий тиббиётда икки йилдан жарроҳликда беш йилгача давом этади. Университет клиникалари тизими йўлга қўйилиб, тиббиёт соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг 80 фоизи айнан шу клиникаларда ташхис аниқлиги, даволаш самарадорлиги ва асоратларни камайтиришга қаратилган ҳолда олиб борилади.
Тиббиёт илмининг янги уфқлари ҳам белгиланди. Гарвард тиббиёт мактаби билан ҳамкорликда ирсий касалликлар бўйича мутахассислар тайёрланиши ва генетик тестлар жорий этилиши, биоэтика ва биотехнологиялар соҳасининг ҳуқуқий асослари яратилиши кўзда тутилмоқда. Бу ташаббуслар болалар ўртасидаги ирсий касалликларнинг олдини олиш бўйича “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган мақсадни илмий ва ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга хизмат қилади.
Озодалик, тартиб, маданият
“Ҳар қандай инсон поликлиникага кирганда, аввало, озодаликни, тартибни, маданиятни кўриши керак”, — деди давлатимиз раҳбари. Шу мақсадда тиббий таълим, қурилиш, санитария ва гигиена, бемор хавфсизлиги ҳамда ходимлар маданиятини қамраб олувчи “Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари” жорий этилади. Бу ташаббус май ойида қабул қилинган сифат назорати бўйича қарорнинг мантиқий давоми бўлиб, давлат ва хусусий клиникалар учун ягона “ўйин қоидалари”ни шакллантиради.
Хусусий тиббиёт бугун соҳанинг тўлақонли иштирокчисига айланди. Хусусий клиникалар сони 2017 йилдаги 3,5 мингтадан 9 мингдан ошди. Стоматологияда хусусий сектор улуши 90 фоизни, диагностикада 70 фоизни, ЛОР, урология ва офтальмология йўналишларида 60 фоизни ташкил этмоқда. Аммо ҳудудлар ўртасидаги тафовут сақланиб қолмоқда. Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги хусусий клиникаларнинг 35–40 фоизида стационар ўринлар мавжуд бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Жиззах ва Навоий вилоятларида бу кўрсаткич 15 фоиздан паст.
Бу тафовутни қисқартириш учун ҳокимлар ҳар йили хусусий клиникалар учун ер участкаларини белгилаб, эълон қилади ва улар фақат шу мақсадда, имтиёзли шартларда аукционга қўйилади. Тиббий реабилитация, нефрология, онкология, нейрохирургия, психиатрия, наркология ва туғруқ мажмуалари каби хусусий сектор иштироки паст йўналишларга устувор эътибор қаратилади. Ҳар бир ҳудудга келаси йили камида 150 миллион доллар инвестиция ва грант жалб қилиш вазифаси қўйилди. Июль ойидан нодавлат клиникаларга давлат тиббий суғуртаси доирасида ягона тарифлар асосида хизмат кўрсатишга рухсат берилгани ва 2026–2036 йилларга мўлжалланган тиббий инфратузилма мастер-режалари билан биргаликда бу чоралар соғлом рақобат муҳитини шакллантиради.
Рақамлаштириш эса хусусий клиникалар ва дорихоналарни ҳам қамраб олмоқда. Президентимиз яқин вақтда мавжуд тизимга сунъий интеллектни қўшиб, уни “шифокор ва ҳамшираларнинг ҳақиқий кўмакчисига айлантирамиз”, деди. Бунда сунъий интеллект шифокорнинг ўрнини эгалламайди, балки ташхис аниқлигини ошириш ва ҳужжатбозликни камайтириш орқали унинг бемор учун вақтини кўпайтиради.
70 фоизлик марра ва сифат имтиҳони
Учрашувда фармацевтика тармоғи олдида турган стратегик мақсад — мамлакатимиз эҳтиёжининг 70 фоизини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан таъминлаш вазифаси яна бир бор такрорланди. Кейинги йилларда 1 миллиард долларлик 330 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди, “Tashkent Biopharm City” кластери, Андижон, Наманган, Жиззах вилоятлари ва Тошкент вилоятида фармацевтика эркин иқтисодий зоналари ташкил этилди. Бу зоналарда 1,2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бу марра осон эмас. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда ички истеъмолда маҳаллий дорилар улуши 30 фоиздан кам бўлган. Март ойидаги йиғилишда тармоқ экспорти 220 миллион долларга етгани, бироқ унинг атиги 14 миллион доллари дори воситаларига тўғри келиши, айрим фармацевтика зоналаридан самарали фойдаланилмаётгани танқидий таҳлил қилинган эди. Шу боис 70 фоизлик мақсадга миқдор эмас, сифат орқали эришиш муҳим. 2027 йил 1 январдан дори воситаларига мувофиқлик сертификатини расмийлаштиришда миллий GMP сертификати талаб этилиши ва Европа GMP стандартларига ўтиш харажатларини давлат томонидан қисман қоплаш механизмлари айнан шунга қаратилган.
Парламент учун кун тартиби
Учрашувда илгари сурилган ташаббусларнинг кўпчилиги қонун ижодкорлиги ва парламент назорати билан бевосита боғлиқ. Биринчидан, биоэтика ва биотехнологиялар соҳасининг ҳуқуқий асосларини яратиш янги қонунчилик тартибга солиш соҳаси демакдир. Генетик тестлар, шахсга доир тиббий маълумотлар ва клиник тадқиқотлар каби масалалар инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан пухта ишланган нормаларни талаб этади.
Иккинчидан, ҳозирда соҳа 76 та қонун ва 400 дан ортиқ қонуности ҳужжати билан тартибга солинади. 2027 йил декабригача тайёрланиши режалаштирилган Соғлиқни сақлаш кодексида бугун эълон қилинган ташаббуслар — “Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари”, мутахассисларни давлат рўйхатидан ўтказиш, университет клиникалари ва бемор ҳуқуқлари ўз ифодасини топиши мақсадга мувофиқ.
Учинчидан, 2027 йилги Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқишда саратонни эрта аниқлаш (700 миллиард сўм), инфаркт ва инсульт (280 миллиард сўм) дастурлари, реимбурсация рўйхатининг кенгайиши ва янги устамалар учун зарур маблағлар аниқ акс этишига эътибор қаратиш лозим. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2026 йилда соғлиқни сақлаш харажатлари ЯИМнинг тахминан 2,5 фоизини ташкил этади. 5 фоизлик мўлжалга эришиш учун бу улушни беш йилда икки баробар ошириш талаб этилади. Маҳаллий Кенгашлар депутатлари эса хусусий клиникалар учун ер ажратиш ва ҳудудларга инвестиция жалб қилиш вазифалари ижросини доимий назоратга олиши зарур.
Бугунги учрашувнинг асосий мазмунини бир жумла билан ифодалаш мумкин. Тиббиётда “касалликни даволаш” даври ўрнини “саломатликни асраш” даври эгаллаётир. Бу ўзгариш учта таянчга суянади. Биринчиси, беморга бепул дори ва текширувлар доираси кенгаяди, саратон, инфаркт ва инсульт каби хавфли касалликлар эрта аниқланади, оилавий шифокор унинг ишончли ҳамроҳига айланади. Иккинчиси, шифокорнинг меҳнати малака асосида баҳоланади, касбий ўсиши давлат томонидан қўллаб-қувватланади, жамиятдаги обрўси эса Ибн Сино номидаги мукофот каби юксак эътирофлар билан мустаҳкамланади. Учинчиси, ягона стандартлар, соғлом рақобат, сунъий интеллект ва маҳаллий фармацевтика саноати тизимнинг барқарорлигини таъминлайди.
Олдинда турган вазифалар осон эмас. Давлат харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизига етказиш, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш ва маҳаллий дори воситаларининг улушини 70 фоизга ошириш изчил молиялаштириш, самарали бошқарув ҳамда жамоатчилик назоратини талаб этади. Учрашувда илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти шундаки, уларни амалга ошириш аниқ муддатлар, молиявий ресурслар ва масъулият механизмлари билан боғланган.
Ҳар қандай ислоҳотнинг пировард баҳоси бемор юзидаги табассум ва шифокор кўзидаги ишонч билан ўлчанади. Шифокор қадрланган жамиятда бемор ҳам қадрланади. “Соғлом ва узоқ умр” миллий дастурининг маъно-моҳияти ҳам айнан шунда.
❝ Соғлом инсон — соғлом оила, соғлом оила эса миллий юксалишнинг энг мустаҳкам пойдеворидир. ❞
Ойбек ҚЎШБОҚОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи





















