Чиқиндиларни бошқариш соҳасида қонунчилик ва парламент назорати масалалари кўриб чиқилди
Чиқиндиларни бошқариш соҳасида қонунчилик ва парламент назорати масалалари кўриб чиқилди
26 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибида «Радиоактив чиқиндилар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси радиоактив чиқиндилар билан муомала қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Унда чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, ташиш, сақлаш ва кўмиш тартибларини, шунингдек, давлат назорати ҳамда радиациявий мониторинг механизмларини аниқ белгилаш назарда тутилган.
Шунингдек, фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг радиациявий ва экологик ҳолат ҳақида ахборот олиш ҳуқуқини кафолатлашга алоҳида эътибор қаратилган. Муҳокама якунида қонун лойиҳаси фракция томонидан қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда парламент назорати доирасида чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Жумладан, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Ш. Ҳасановнинг тегишли парламент сўровига берган жавоби кўриб чиқилди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2019–2025 йилларда республикада 54 та қаттиқ маиший чиқинди полигони рекультивация қилиниб, 262,8 гектар ер майдони табиатга қайтарилган. Шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан энергия олиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Фракция аъзолари чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш имкониятларини кенгайтириш, иккиламчи хомашёдан самарали фойдаланиш, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган санитария-тозалаш хизматлари қамровини ошириш зарурлигини таъкидладилар.
Муҳокама якунлари бўйича парламент сўровига берилган жавоб маъқулланди.
Дмитрий РАХМАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги тадқиқотлар бўлими бошлиғи




















