Тошкент – минтақавий хавфсизлик бўйича ҳамкорлик марказига айланмоқда
МУТАХАССИС ФИКРИ

Амирулло Тухлибоев
Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи
Бугун хавфсизлик таҳдидларига самарали қарши туриш давлатлар ўртасида тезкор ахборот алмашинуви, ўзаро ишонч ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб этмоқда. Зеро, терроризм, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва ахборот хавфсизлигига таҳдидлар чегара танламайди. Улар бир давлат ҳудуди билан чекланиб қолмай, бутун минтақа хавфсизлигига таъсир кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан, 2026 йил 20 октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг хавфсизлигига таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонун муҳим аҳамиятга эга. Эслатиб ўтамиз, мазкур Битим 2025 йил 1 сентябрда Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида имзоланган эди.
Битимга кўра, Тошкент шаҳрида ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси негизида Хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ ташкил этиш назарда тутилган. Марказ таркибига Ахборот хавфсизлиги маркази ҳамда Бишкек шаҳрида жойлашадиган Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш маркази ҳам киради. Бу хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик қамровини сезиларли даражада кенгайтиради.
Универсал марказ аъзо давлатларнинг ваколатли органлари ўртасида ахборот алмашиш, таҳдидларни биргаликда таҳлил қилиш, қўшма тадбирлар ва амалий машғулотлар ўтказиш, шунингдек, мутахассислар малакасини ошириш бўйича ҳамкорликни мувофиқлаштиради. Натижада таҳдидларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга қарши келишилган чоралар кўриш имконияти ортади.
Ҳаётимизнинг тобора кўпроқ соҳалари рақамлашиб бораётган бир пайтда ахборот хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик алоҳида долзарблик касб этади. Бу борада тажриба алмашиш ва илғор ёндашувларни амалиётга жорий этиш давлат органлари ва ташкилотлар ахборот тизимларининг хавфсизлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Универсал марказнинг айнан Тошкентда жойлашиши Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга. Бу, биринчидан, мамлакатимизнинг хавфсизлик соҳасидаги халқаро ҳамкорликдаги иштирокини янада фаоллаштиради. Иккинчидан, юртимиз мутахассислари учун хорижлик ҳамкасблари билан мунтазам мулоқот қилиш, уларнинг тажрибасини ўрганиш ва ўз амалий тажрибаси билан ўртоқлашиш борасида қўшимча имкониятлар яратади. Қолаверса, бу пойтахтимизнинг ШҲТ доирасидаги хавфсизлик ҳамкорлигининг муҳим майдони сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Хулоса қилиб айтганда, бундай ҳамкорликнинг асосий аҳамияти давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда одамларнинг осойишта ҳаётини асраш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда намоён бўлади.
❝ Зотан, бугунги дунёда хавфсизлик бўлинмасдир – уни фақат биргаликда таъминлаш мумкин. ❞
Амирулло Тухлибоев,
Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи





















