Сув тежовчи технологиялар кафолати қонун ҳимоясига олинади
МУНОСАБАТ

Ойбек ҚЎШБОҚОВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори
Конституциямизнинг 68-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик ҳисобланади, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Сув ресурсларига талаб йил сайин ортиб бораётган бугунги шароитда бу конституциявий талаб қишлоқ хўжалигида ҳар бир томчи сувни тежаш вазифаси билан бевосита боғланади.
Шу йил 11 ноябрда Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини киритди. Лойиҳа Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Ҳажми ихчам бўлса-да, бу ҳужжат сув тежовчи технологияларни жорий этаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий механизм яратади.
Давлат раҳбари ташаббуси билан бошланган ислоҳот
Сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилдан изчил давлат сиёсатига айланди. Шу йил 3 февралда Давлатимиз раҳбарига тақдим этилган маълумотларга кўра, 2017 йилгача бу технологиялар жами 19 минг гектарда жорий этилган эди. Бугун уларнинг қамрови 2,6 миллион гектарга, яъни суғориладиган ерларнинг 60 фоизига етди, ҳар йили 2,5 миллиард куб метр сув тежалмоқда.
Қонун лойиҳасига илова қилинган маълумотномага кўра, 2017-2025 йилларда 664,3 минг гектарда томчилатиб, 122,6 минг гектарда ёмғирлатиб, 73 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари жорий қилинди, 1,6 миллион гектар майдон лазер ёрдамида текисланди. Бунинг учун жами 9 триллион сўм, шу жумладан 4 триллион сўм имтиёзли кредит йўналтирилди. Жорий йилнинг ўзида Агробанкнинг 1,4 триллион сўмлик имтиёзли кредити ҳисобидан 134,7 минг гектарда томчилатиб, 26,7 минг гектарда ёмғирлатиб, 104 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари ўрнатилди, 303 минг гектар ерда лазерли текислаш ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-47-сон қарори бу йўналишда янги босқични бошлаб берди. Қарорда 2026-2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонларни 3,5 миллион гектарга етказиш ва шу ҳисобига ҳар йили 5 миллиард куб метр сувни тежаш вазифаси қўйилган. Жорий йилда тижорат банклари бу мақсадлар учун 2,6 триллион сўм кредит ажратиши белгиланган. 1 октябрдан бундай технологиялар тасдиқланган минимал талаб ва меъёрлар асосида мажбурий тартибда ўрнатилмоқда, насос ва фильтр қурилмаларини махсус рақамли QR-код билан ишлаб чиқариш тартиби жорий этилди.
Қарорнинг муҳим янгиликларидан бири пудратчилар масъулиятига тегишли. Сув тежовчи технологияларни қуриб берган пудрат ташкилотлари ҳар бир лойиҳага камида икки йиллик кафолат муддати бериши ва беш йил давомида сервис хизматини кўрсатиши мажбурий этиб белгиланди. Бу талаб ижроси устидан назорат Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига юклатилди. Қарорнинг 14-банди “б” кичик бандида шу инспекцияни фермерлар манфаатида судга мурожаат қилганда давлат божидан озод этиш учун қонунга ўзгартириш киритиш вазифаси берилган. Муҳокама этилаётган лойиҳа айнан шу топшириқ ижроси сифатида ишлаб чиқилди.
Муаммо қаерда эди
Технологиялар кўлами кенгайгани сари уларни ўрнатиш сифати билан боғлиқ муаммолар ҳам юзага чиқа бошлади. Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида қайд этилишича, айрим пудрат корхоналари қурилмаларга кафолат бермаган, сервис хизматини кўрсатишда камчиликларга йўл қўйган. Натижада айрим фермерлар жорий қилинган тизимлардан суғориш мавсумида фойдаланмаган.
Ўрганишлар муаммо кўламини кўрсатди. 1 020 та фермер хўжалиги билан 167 та пудрат корхонаси ўртасида тузилган шартномалар бўйича 917,7 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган. Шундан 560,9 миллиард сўми мақсадсиз сарфлангани, яъни технология умуман жорий қилинмагани аниқланган. Бу ажратилган маблағнинг қарийб 61 фоизи демакдир. Расмий маълумотларга кўра, 2024-2026 йилларда 309 та қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчининг 3 848 гектардан ортиқ майдонида тизим қуриб берган пудратчилар кафолат бермаган ва сервис хизматини кўрсатмаган.
Бундай ҳолатда фермер ўз ҳақини суд орқали талаб қилиши мумкин. Аммо иқтисодий судга номулкий хусусиятдаги даъво аризаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдорида давлат божи тўланади. 1 сентябрдан базавий ҳисоблаш миқдори 440 минг сўм этиб белгилангани ҳисобга олинса, бу 4,4 миллион сўм демакдир. Бунга техник экспертиза ва юридик ёрдам харажатлари қўшилади. Кредит юки остида қолган ва тизимдан фойдалана олмаётган фермер учун бу сезиларли тўсиқ. Суғориш тизимидаги нуқсонни исботлаш махсус техник билим талаб этишини ҳам унутмаслик керак.
Лойиҳа нимани назарда тутади
Лойиҳа билан Қонун 9-моддасининг биринчи қисми янги 7¹-банд билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари маҳаллий ва хорижий пудрат ташкилотлари томонидан сувни тежайдиган суғориш технологияларини ўрнатиш, уларнинг сифатига кафолат бериш ва сервис хизмат кўрсатиш билан боғлиқ шартнома мажбуриятлари бажарилмагани юзасидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар манфаатини кўзлаб иқтисодий судларга даъво киритганда давлат божини тўлашдан озод қилинади.
Норманинг доираси аниқ белгиланган. Озодлик технологияни ўрнатиш, кафолат ва сервис бўйича шартнома мажбуриятлари бажарилмаган ҳоллар билан чекланади. Лойиҳа 9-модданинг иккинчи қисмига ҳам ўзгартириш киритади. Даъво тўлиқ ёки қисман рад этилса, давлат божи инспекциядан рад этилган талаб миқдорига мутаносиб равишда ундирилади. Бу қоида инспекцияни ҳар бир даъвони пухта асослашга ундайди ва асоссиз даъволарнинг олдини олади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кеча қандай эди-ю, энди қандай бўлади
Шу пайтгача пудратчи билан низо келиб чиққанда фермер унга қарши ёлғиз курашарди. У давлат божини ўз ҳисобидан тўлаши, нуқсонни исботлаш учун экспертиза буюртма қилиши, суд жараёнида малакали юристларга эга пудрат ташкилотига қарши чиқиши керак эди. Бундай шароитда айрим фермерлар судга мурожаат қилишдан воз кечиб, ишламайдиган тизим ва қайтарилиши лозим бўлган кредит билан қолиши мумкин эди.
Қонун қабул қилингач, фермер манфаатини техник билим ва ваколатга эга давлат органи ҳимоя қилади. Инспекция кафолат ва сервис мажбуриятлари бажарилишини назорат қилади, қоидабузарликни ҳужжатлаштиради ва зарур бўлса, давлат божисиз судга мурожаат этади. Пудратчилар учун бу кафолат мажбурияти амалда ижро этилишини англатади. Шартнома интизоми мустаҳкамланади, имтиёзли кредит маблағлари мақсадли ишлатилади, жорий этилган тизимлар эса далада ишлаб туради.
Бу ёндашув амалдаги қонунчиликка ҳам мос. “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасига кўра, Ўзбекистон фермерлар кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатини кўзлаб қилинган даъволар бўйича иқтисодий судларда давлат божидан озод этилган. Янги норма бу ҳимояни сув тежовчи технологиялар соҳасида техник назорат ваколатига эга ихтисослашган давлат органи билан тўлдиради.
Парламент муҳокамасида
Лойиҳа ҳар томонлама келишилган ҳолда парламентга киритилди. У 21 та вазирлик ва идора, жумладан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон фермерлар кенгаши, Савдо-саноат палатаси ва Олий суд билан келишилган, Адлия вазирлигининг ижобий хулосаси олинган. Лойиҳада коррупцияга олиб келувчи омиллар аниқланмаган.
Сув хўжалиги масалалари парламент назоратида доимий турибди. Ноябрь ойида Қонунчилик палатасида ўтказилган “Ҳукумат соати”да сув хўжалиги вазири депутатларнинг саволларига жавоб берди. Фикримизча, лойиҳани кейинги ўқишларга тайёрлашда бир неча амалий жиҳатга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Инспекция фермер аризасини қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби ҳамда муддатлари қонуности ҳужжатида аниқ белгиланиши, Ўзбекистон фермерлар кенгаши билан ҳамкорлик механизми ишлаб чиқилиши лозим. QR-код ва сунъий йўлдош орқали кузатув тизимлари маълумотларини судда далил сифатида фойдаланиш имкониятини ҳам кўриб чиқиш керак.
Хорижий тажриба
Давлат органларини суд харажатларидан озод қилиш кўплаб мамлакатларда қўлланилади. Германиянинг “Суд харажатлари тўғрисида”ги қонунининг 2-моддасига кўра, оддий судлар ҳамда молия ва ижтимоий судлардаги ишларда Федерация, федерал ерлар ва уларнинг бюджети ҳисобидан бошқариладиган давлат муассасалари суд харажатларини тўлашдан озод қилинган. Испанияда 2012 йил 20 ноябрдаги 10/2012-сон қонуннинг 4-моддасига кўра, давлат маъмурияти, автоном ҳамжамиятлар, маҳаллий ҳокимият органлари ва уларга бўйсунувчи давлат органлари суд йиғимидан озод. Мамлакатда сув ресурсларини бошқарадиган дарё ҳавзалари конфедерациялари ҳам ана шундай давлат органлари қаторига киради.
Бу мамлакатларда озодлик давлат органининг мақомига қараб берилади. Ўзбекистонда танланган йўл анча мақсадли. Инспекция фақат фермерлар манфаатида ва аниқ белгиланган шартнома мажбуриятлари юзасидан қилинган даъволар бўйича давлат божидан озод бўлади. Рад этилган талаб учун божнинг ундирилиши бу имтиёздан фойдаланишда масъулиятни сақлаб қолади.
Қонун лойиҳаси қабул қилинса, бир неча муҳим натижага эришилади. Фермернинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқи молиявий тўсиқдан халос бўлади, пудратчиларнинг кафолат ва сервис мажбуриятлари учун масъулияти ошади, сув тежовчи технологияларга йўналтирилаётган давлат ва кредит маблағлари ҳимояланади.
Энг муҳими, бу ўзгартиш ПҚ-47 қарорида белгиланган мақсадларнинг, яъни 2028 йилгача 3,5 миллион гектарда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва ҳар йили 5 миллиард куб метр сувни тежаш вазифасининг ҳуқуқий кафолатига айланади. Ўрнатилган ҳар бир тизим ишлаб турса, тежалган сув ҳам, фермер меҳнати ҳам, давлат маблағи ҳам ўз самарасини беради.
❝ Конституциямиздаги сувни умуммиллий бойлик сифатида асраш талаби шу тариқа аниқ ҳуқуқий механизм билан мустаҳкамланади. ❞
Ойбек ҚЎШБОҚОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори



















