Жаримадан мақсад — ундириш эмас, интизом Молиявий жарималарни тўлаш ва қайтариш тартиби қандай ўзгаради?
Жаримадан мақсад — ундириш эмас, интизом
Молиявий жарималарни тўлаш ва қайтариш тартиби қандай ўзгаради?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 20-октябрь куни тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий жарималарни қўллаш, уларни тўлаш ҳамда ноқонуний ундирилган маблағларни қайтариш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилиб, Сенатга юборди.
Ҳужжат тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, молиявий санкцияларни қўллашнинг ягона ва шаффоф тартибини белгилаш ҳамда давлат органлари қарорлари устидан самарали шикоят қилиш имкониятларини кенгайтиришни кўзда тутади.
Лойиҳа нега зарур бўлди?
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига молиявий жарималар турли давлат органлари томонидан қўлланилади. Бироқ бу жараёнда ягона тартиб тўлиқ шаклланмаган, жарималарни ундириш ва ноқонуний қарорлар оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ муаммолар эса ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш заруратини кун тартибига қўйди.
Жорий йилнинг 13-апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев молиявий жарималарни қўллаш тартибини либераллаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва суд назоратини кучайтиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишган эди.
Орадан икки кун ўтиб, 15-апрелда қабул қилинган “Молиявий жарималарни қўллаш тартибини янада либераллаштириш ва суд назорати самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида”ги ПҚ-138-сон қарорда молиявий жавобгарликка оид тартиб-таомилларни бирхиллаштириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Мазкур масалалар Президентимизнинг 18-август куни Хива шаҳрида тадбиркорлар билан ўтказган VI очиқ мулоқотида ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди.
Давлатимиз раҳбари бугун 51 та идора молиявий жарима қўллаш ваколатига эга эканига тўхталиб, бу борадаги позицияни аниқ баён қилди: “Жарима маблағ йиғиш учун эмас, соҳада тартиб-интизом ва профилактика учун хизмат қилиши керак”.
Мулоқотда, шунингдек, жарималар миқдорини мутаносиблик тамойили асосида қайта кўриб чиқиш, “Биринчи хато учун — огоҳлантириш” қоидасини жорий этиш каби вазифалар белгилаб берилди. Улар 27-августда қабул қилинган ПФ-175-сон Фармон билан ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.
Жаримани тўлашда қандай енгилликлар берилади?
Қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектларига молиявий жаримани ихтиёрий равишда, енгиллаштирилган тартибда тўлаш имкониятини назарда тутади.
Хусусан, ваколатли органнинг жарима қўллаш тўғрисидаги қарори топширилган кундан бошлаб бир ой ичида жарима суммасининг 50 фоизини тўлаган тадбиркор қолган қисмини тўлашдан озод этилади.
Бундан ташқари, жаримани олти ой давомида тенг қисмларга бўлиб тўлаш имконияти ҳам белгиланмоқда. Қайд этиш жоизки, бу енгилликлар ПҚ-138-сон қарор билан 2026-йил 1-октябрдан амалда жорий этилган эди. Энди улар қонун даражасида мустаҳкамланиб, барқарор ҳуқуқий кафолатга айланмоқда.
Бундай ёндашув тадбиркорларни ўз молиявий мажбуриятларини ихтиёрий бажаришга рағбатлантиради, корхоналарнинг айланма маблағларига тушадиган бир марталик юкни эса енгиллаштиради.
Ноқонуний ундирилган маблағлар қандай қайтарилади?
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — тадбиркорларнинг бузилган мулкий ҳуқуқларини тиклаш кафолатлари.
Молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги қарор суд томонидан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ундирилган маблағлар 15 кун ичида тадбиркорга қайтарилади.
Агар маблағлар шу муддатда қайтарилмаса, кечиктирилган ҳар бир календарь кун учун қайтарилмаган суммага Марказий банк асосий ставкасининг уч юздан бир қисми миқдорида фоиз ҳисобланади.
Бошқача айтганда, тадбиркорнинг ҳуқуқларини тиклаш ноқонуний қарорни бекор қилиш билан чекланиб қолмайди — унинг мулкий манфаатлари ҳам амалда ҳимоя қилинади.
Лойиҳанинг амалий аҳамияти нимада?
Молиявий санкциялар қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш воситаси ҳисобланади. Бироқ уларни қўллашда давлат органларининг назорат ваколатлари билан тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ўртасида оқилона мувозанат сақланиши муҳим.
Шу нуқтайи назардан, молиявий жарималарни қўллашнинг аниқ тартибини белгилаш, ваколатли органларнинг қарорлари устидан шикоят қилиш имкониятларини мустаҳкамлаш ва ноқонуний ундирилган маблағларни қайтариш механизмларини такомиллаштириш тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиради.
Энг муҳими, бундай ёндашув давлат органларининг молиявий санкцияларни қўллашдаги масъулиятини оширади, асоссиз молиявий юкламаларнинг олдини олади ва тадбиркорлик учун янада қулай ҳуқуқий муҳит яратади. Зеро, жарима жазолаш эмас, интизом воситаси бўлган жойда давлат ва бизнес ўртасидаги ишонч ҳам мустаҳкамланади.
Дмитрий РАХМАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг Суд-ҳуқуқ соҳасидаги тадқиқотлар бўлими бошлиғи


















