Чиқинди энди шунчаки ташланмайди: янги қонун нимани ўзгартиради?
Чиқинди энди шунчаки ташланмайди: янги қонун нимани ўзгартиради?
Мамлакатимизда чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда чиқиндиларни қайта ишлашни кенгайтиришга қаратилган янги қонунчилик ташаббуси илгари сурилмоқда. Бу 24 йил аввал қабул қилинган амалдаги қонун ўрнига ишлаб чиқилган «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонун лойиҳасида назарда тутилмоқда.
Янги қонун лойиҳасида қандай ўзгаришлар таклиф этилмоқда?
Қонун лойиҳасига кўра, чиқиндиларни тўплаш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, соҳада давлат органлари ва ихтисослашган ташкилотларнинг ваколатларини аниқ белгилаш назарда тутилмоқда.
Хусусан, қурилиш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни биринчи навбатда қайта ишлаш ёки такрорий фойдаланишга йўналтириш, фақат бундай имконият мавжуд бўлмаган ҳолларда уларни полигонларга жойлаштириш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, ичимлик маҳсулотлари қадоқлари учун депозит тизимини жорий этиш, атроф-муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган маҳсулотлар ва қадоқлаш материалларини ишлаб чиқарувчилар ҳамда импорт қилувчиларнинг масъулиятини кучайтириш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қандай кутиб олинди?
«Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси субъекти вакилларига бир қатор саволлар берилиб, лойиҳани янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Жумладан, депутатлар қонун лойиҳасида белгиланаётган асосий принциплар қаторига чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан фойдаланиш принципини ҳам киритиш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, соҳадаги ваколатли давлат органларининг вазифа ва ваколатларини янада аниқлаштириш, айрим нормаларни ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Муҳокамаларда чиқиндиларни фақат йиғиш ва олиб чиқиб кетиш билан чекланмасдан, уларни қайта ишлаш, иккиламчи хомашё сифатида иқтисодий муомалага киритиш ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга устувор аҳамият қаратиш зарурлигига эътибор қаратилди.
Мазкур қонун лойиҳаси чиқиндиларни бошқаришнинг замонавий ҳуқуқий механизмларини шакллантириш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва соҳадаги масъулиятни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Отабек РЎЗМЕТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг бўлим бошлиғи


















