Алифбо – миллатнинг ёзма хотираси
Алифбо ўзгариши – тафаккур, тараққиёт ва рақамли келажак сари қадам
Тил – миллатнинг тарихий хотираси, маънавий бирлиги ва интеллектуал салоҳиятини ўзида мужассам этган бебаҳо бойлик. Бироқ тилнинг нуфузи унинг давлат тили сифатида эътироф этилиши билангина белгиланмайди. У давлат ҳужжатларида, таълимда, илм-фанда, кундалик мулоқотда ва рақамли технологияларда қай даражада тўлақонли қўлланилаётгани билан ҳам ўлчанади. Шу маънода ўзбек алифбосини такомиллаштириш шунчаки ҳарфларни алмаштириш эмас, балки давлат тилининг замонавий ҳаётдаги имкониятларини кенгайтириш, ёзув бирлигини таъминлаш ва уни миллий тараққиёт эҳтиёжларига мослаштириш масаласидир.
Тил сиёсатининг изчил йўли
Ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг изчил йўналишларидан биридир. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 21-октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850-сон Фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур Фармон давлат тилининг нуфузини ошириш, унинг амалда тўлиқ қўлланилишини таъминлаш ҳамда тилга оид қонунчилик талабларига риоя этилишини кучайтиришга қаратилган эди. Айнан шу ҳужжат билан 21-октябрни “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиш таклифи маъқулланган.
Ушбу сиёсат Президентининг 2020-йил 20-октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6084-сон Фармони билан янги босқичга кўтарилди. Фармон билан 2020–2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Унда давлат тилининг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги имкониятларини кенгайтириш, таълим тизимини такомиллаштириш ва ўзбек тилининг илм-фан тили сифатидаги мавқеини ошириш устувор вазифалар этиб белгиланди. Шу тариқа тил сиёсати давлат тилининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш билан чекланиб қолмай, унинг ижтимоий муносабатлар, илмий фаолият ва давлат бошқарувидаги амалий имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилди. Алифбо масаласи эса ушбу сиёсатнинг ёзув меъёрлари, саводхонлик ва технологик мослашув билан боғлиқ муҳим таркибий қисмидир.
Янги қонун нимани ўзгартиради?
Давлатимиз раҳбари 2026-йил 21-октябрда имзолаган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-1184-сон Қонуни алифбони такомиллаштириш масаласини янги ҳуқуқий босқичга олиб чиқди. Рамзий жиҳати шундаки, ҳужжат айнан Ўзбек тили байрами куни имзоланди. Қонун билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат этиб белгиланди. Хусусан, “o‘”, “g‘”, “sh” ва “ch” ўрнига тегишинча “ö”, “ğ”, “ş” ва “ç” ҳарфлари жорий этилиб, “ng” ҳарф бирикмаси алифбо таркибидан чиқарилди. Бу ҳар бир товушни имкон қадар битта ҳарф билан ифодалашга қаратилган. Қонун расмий эълон қилинганидан кейин олти ой ўтиб кучга киради.
Бироқ бу ўзгаришни фақат алифбодаги белгилар сонининг ўзгариши сифатида баҳолаш тўғри эмас. Унинг ҳақиқий аҳамияти янги ёзув меъёрларининг таълим, ҳужжатчилик, нашриёт фаолияти ва электрон ахборот тизимларида изчил қўлланилиши, фуқаролар учун тушунарли ва қулай ёзув муҳитининг шаклланиши билан белгиланади.
Эски ҳужжатлар кучини йўқотмайди
Алифбо ислоҳотидаги энг муҳим масалалардан бири – янги ёзув меъёрларини жорий этиш билан бирга, аввалги ёзув асосида шаклланган ҳуқуқий муносабатлар барқарорлигини сақлаш. Шу нуқтайи назардан, қонун кучга киргунга қадар амалдаги алифбода расмийлаштирилган ҳужжатлар ўз юридик кучини, миллий валюта ва қимматли қоғозлар эса муомаладаги мақомини йўқотмаслиги алоҳида аҳамиятга эга. Бошқача айтганда, аввал берилган ҳужжатларни фақат алифбо ўзгаргани учун алмаштиришга ҳожат қолмайди. Бундай ёндашув фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳужжатларни оммавий равишда қайта расмийлаштириш билан боғлиқ ноаниқликларнинг олдини олиш ҳамда ислоҳотга нисбатан ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари биноларидаги рамзий белгилар, давлат гербининг бўртма тасвирлари, географик объектлар номлари туширилган пешлавҳа ва кўрсаткичлардан улар яроқсиз ҳолга келгунига қадар ёки чора-тадбирлар дастурида белгиланган муддатгача фойдаланишни давом эттириш имконияти ислоҳотнинг ташкилий-иқтисодий жиҳатини ҳам кўрсатади. Чунки ёзув меъёрларининг янгиланиши барча мавжуд белгиларни бир вақтнинг ўзида алмаштириш заруратини келтириб чиқармаслиги керак. Босқичма-босқич ўтиш ёндашуви давлат маблағларидан оқилона фойдаланиш, ташкилотлар фаолиятидаги узлуксизликни сақлаш ва янги талабларни амалиётга изчил татбиқ этиш имконини беради.
Рақамли келажак учун ягона ёзув
Бугунги рақамли даврда алифбо ислоҳотининг аҳамияти фақат ёзув меъёрларини бирхиллаштириш билан чекланмайди. Ўзбек тилининг рақамли макондаги имкониятлари ҳам бевосита ёзувнинг изчиллиги ва технологик мослашувига боғлиқ. Ҳозир “o‘” ва “g‘” ҳарфларидаги белгининг клавиатурада турлича терилиши туфайли бир сўз бир неча хил кўринишда ёзилмоқда. Бир хил сўзнинг турли шаклларда ёзилиши эса электрон қидирув натижаларининг тўлиқлигига, маълумотлар базаларидаги ёзувларнинг ўзаро мослигига, автоматик таржима ва нутқни матнга айлантириш тизимларининг ишлаш сифатига таъсир кўрсатади. Сунъий интеллект технологиялари жадал ривожланаётган шароитда ўзбек тилининг бундай тизимларда самарали қўлланилиши нафақат техник, балки миллий тилнинг рақамли келажаги билан боғлиқ стратегик масаладир. Шу боис алифбо ислоҳотининг самарадорлиги янги ёзув меъёрларини ўзлаштириш билан бир қаторда, уларни таълим, давлат бошқаруви ва электрон хизматларда изчил қўллашга ҳам боғлиқ.
Ислоҳот муваффақиятининг яна бир шарти – ўтиш даврини пухта ташкил этиш. Бунинг учун янги ёзув меъёрларини аҳолига тушунарли шаклда етказиш, таълим муассасаларини зарур ўқув-услубий материаллар билан таъминлаш, давлат органлари ҳужжатлари ва электрон ахборот тизимларининг мувофиқлигини таъминлаш муҳимдир. Шунингдек, ўтиш даврида фуқаролар ва ташкилотлар учун тушунарли тавсиялар ишлаб чиқилиши, амалиётда юзага келаётган муаммолар ўрганиб борилиши лозим. Ахир ҳар қандай пухта ҳуқуқий ечимнинг қадри унинг кундалик ҳаётда тўғри ва самарали қўлланилиши билан белгиланади.
Хулоса қилиб айтганда, алифбо – миллатнинг ёзма хотираси. Уни такомиллаштиришнинг ҳақиқий мезони ҳарфларнинг ўзгариши эмас, балки халқ саводхонлигининг юксалиши ва ўзбек тилининг замонавий дунёдаги имкониятлари кенгайишидир.
Салимбой ҒАЙРАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари институти етакчи илмий ходими



















