ОКСФОРДДАН ТЕРМИЗГАЧА ёхуд ўзбек тилининг 45 миллионлик салоҳияти ҳақида ўйлар
21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни
ОКСФОРДДАН ТЕРМИЗГАЧА
ёхуд ўзбек тилининг 45 миллионлик салоҳияти ҳақида ўйлар
Бу йил “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганига 37 йил тўлди. Қизиғи, мамлакатимизда сўнгги марта аҳоли ҳам айнан 1989 йилда рўйхатга олинган эди. 37 йиллик танаффусдан сўнг ўтказилган янги рўйхат натижасида она тилимиз ҳақида илк бор аниқ рақам маълум бўлди. 35,7 миллион юртдошимиз ўзбек тилини она тили деб билади. Дунё миқёсида эса бу кўрсаткич 45 миллионга яқинлашди. Хўш, бу рақамлар ортида нима турибди? Ўзбек сўзи бугун қайси мамлакатларда янграмоқда, уни кимлар ва нима учун ўрганмоқда? Энг муҳими, она тилимиз иқтисодиётимиз учун қандай имкониятлар эшигини очмоқда?
Шу йилнинг ёзи. Тошкентдаги миллий матолар дўконларидан бирида хорижлик ёшлар сотувчи билан ўзбек тилида бемалол суҳбатлашмоқда. Улар Буюк Британиянинг энг қадимий олийгоҳи – Оксфорд университети талабалари. Ёшлар Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтказилган бир ойлик ёзги мактабда ўзбек тили, тарихи ва маданиятини ўрганиш учун келишган. Оксфордда 2025 йил октябрда “Ўзбекшунослик” дастури очилиб, ўзбек ва эски ўзбек (чиғатой) тиллари ўқув режасига киритилган эди. Бу Буюк Британияда шундай дастурни жорий этган биринчи ва ягона олийгоҳдир.
Бир қараганда, бу оддий манзара. Аслида эса у ўзбек тилининг бугун бошидан кечираётган туб ўзгаришлар рамзидир. Она тилимиз ўз чегараларидан чиқиб, дунёнинг нуфузли аудиторияларига, халқаро бозорларга ва рақамли маконга дадил кириб бормоқда.
Рўйхат очган ҳақиқат
Узоқ йиллар давомида “Ўзбек тилида дунёда қанча киши сўзлашади?” деган саволга турли манбалар турлича жавоб бериб келди. Халқаро маълумотномаларда бу рақам кўпинча 34–36 миллион атрофида кўрсатилар эди. 2026 йилги умуммиллий аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари бу борадаги баҳсларга анча аниқлик киритди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 15 январь ҳолатига мамлакатимиз аҳолиси 39 047 321 кишини ташкил этди. Аҳолининг 89,4 фоизи ўзбеклар бўлса, 91,3 фоизи, яъни 35,7 миллион киши ўзбек тилини она тили деб кўрсатди (1 октябрь ҳолатига бу рақам 39 535 225 кишига етди). Бу икки рақам орасидаги фарқ кўп нарсани англатади. Юртимизда яшаётган бошқа миллат вакилларининг бир қисми ҳам ўзбек тилини ўз она тили сифатида қабул қилган. Давлат тили кўп миллатли халқимизни бирлаштирувчи омилга айланганининг бундан ёрқин исботи бўлмаса керак.
Чегараларимиздан ташқарида ҳам ўзбек тили катта аудиторияга эга. Халқаро “Ethnologue” маълумотномасининг 2025 йилги нашрига кўра, Афғонистонда 4,6 миллион киши ўзбек тилида сўзлашади. Қўшни давлатларнинг расмий статистикасига кўра, Тожикистонда 1,09 миллион, Қирғизистонда 1,04 миллион, Қозоғистонда 695,6 минг, Туркманистонда 642,5 минг, Россияда 323,3 минг ўзбек истиқомат қилади. Бунга Покистон, Саудия Арабистони, Туркия, АҚШ, Хитой ва бошқа мамлакатлардаги диаспораларни қўшсак, ўзбек тилини она тили деб билувчилар сони 45 миллионга яқинлашади. Уларнинг 79 фоизи Ўзбекистонда, 10 фоизи Афғонистонда, қолганлари эса бошқа давлатларда яшайди.
Иккинчи тил сифатида ундан фойдаланувчиларни ҳам ҳисобга олсак, бу кўрсаткич 48–50 миллионга етади. Президентимиз 2019 йилда “Ҳозирги вақтда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 миллион кишига яқинлашиб қолди”, деб таъкидлаган эди. Бугунги рақамлар бу баҳони тўла тасдиқлаб турибди. Ўзбек тили туркий тиллар орасида турк тилидан кейин иккинчи ўринда туради.
|
РАҚАМЛАР ТИЛИДА |
|
|
35,7 млн |
Ўзбекистонда ўзбек тилини она тили деб билувчилар (2026 йилги аҳоли рўйхати) |
|
≈45 млн |
дунё бўйича ўзбек тилини она тили деб билувчилар |
|
48–50 млн |
иккинчи тил сифатида фойдаланувчилар билан бирга |
|
40 га яқин |
юртдошларимиз меҳнат қилаётган давлатлар |
|
камида 14 |
ўзбек тили олий таълимда ўқитилаётган давлатлар |
|
50 дан ортиқ |
ўзбек тили ўқитиладиган хорижий олийгоҳлар |
|
18,9 млрд $ |
2025 йилда хориждан келган пул ўтказмалари |
|
0,1% дан кам |
ўзбек тилидаги веб-сайтларнинг дунёдаги улуши |
Олти давлатнинг она тили, қирқ мамлакатнинг кундалик сўзи
Ўзбек тилининг бугунги жуғрофиясини уч ҳалқа шаклида тасаввур қилиш мумкин.
Ички ҳалқа – ўзбеклар азалдан ихчам яшаб келаётган ҳудудлар, яъни Ўзбекистон, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон. Бу олти давлатда ўзбек тили маҳаллий аҳоли тилидир.
Ўрта ҳалқа – ўтган аср давомида шаклланган диаспоралар. Россиядан Саудия Арабистонигача, Туркиядан АҚШгача бўлган ҳудудларда ўзбек оилалари ўз тили ва удумларини авлоддан-авлодга авайлаб етказиб келмоқда.
Ташқи ҳалқа эса энг ҳаракатчан ва тез кенгаяётгани меҳнат миграцияси. Миграция агентлиги маълумотларига кўра, бугун 1,4 миллионга яқин юртдошимиз 40 га яқин давлатда меҳнат қилмоқда. Улардан 834 мингдан ортиғи Россияда, 84 мингдан ортиғи Қозоғистонда, 72 мингдан ортиғи Туркияда, 46 мингдан ортиғи Жанубий Кореяда, 258 минг нафари Европа мамлакатларида ишламоқда. Сўнгги пайтда Европага оқим 42 фоизга, Шарқий Осиёга 26 фоизга ошди. Бугун Сеул ва Истанбул кўчаларида ҳам, Европа шаҳарларида ҳам ўзбекча сўз эшитиш оддий ҳолга айланди.
Оксфорддан Қоҳирагача: ўзбек тилини ким ўрганмоқда?
Тилнинг халқаро нуфузи уни она тили деб билувчилар сони билангина эмас, уни ихтиёрий равишда ўрганаётганлар сони билан ҳам ўлчанади. Бу борада ҳам манзара қувонарли. Очиқ манбаларга кўра, ўзбек тили бугун камида 14 давлатнинг олий таълим муассасаларида ўқитилмоқда.
Европада Оксфорд университети билан бир қаторда Франциянинг Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институти (INALCO), Германиянинг Мюнхен Людвиг-Максимилиан университети ўзбек тили курсларини таклиф этмоқда. Москва давлат лингвистика университетида ўзбек тили 2010 йилдан бери ўқитилади. 2022 йилда эса бу ерда Ўзбек тили ва маданияти маркази очилди. Океан ортида АҚШнинг Индиана университетида ўзбек тили Марказий Евроосиё тадқиқотлари доирасида ўргатилмоқда.
Осиёда Хитойнинг Шанхай халқаро тадқиқотлар университетида 2017–2018 йиллардан ўзбек тили бакалавриат йўналиши фаолият юритмоқда. Жанубий Кореянинг Ханкук чет тиллар университети, Япониянинг Токио чет тиллари университети, Туркиянинг Улудоғ ва Орду университетлари, Мисрнинг Қоҳира университети ҳам ўзбек тилига эшик очган. Қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистоннинг университетларида эса ўзбек филологияси бўйича кафедралар ишламоқда. Умуман олганда, ўзбек тили хорижнинг 50 дан ортиқ олий ўқув юртида ўқитилади.
Давлатимиз бу жараённи тизимли қўллаб-қувватламоқда. Президентимизнинг 2025 йил 20 октябрдаги қарори билан ҳар йили октябрь ойида ўзбек тилининг дунё тиллари орасидаги ўрнига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ҳамда Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадаси ўтказиладиган бўлди. Олимпиада ғолиблари давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади, хориждаги ватандошларимиз фарзандлари учун эса ўзбек тили марказлари очилишига кўмаклашилади.
Сўзнинг нарх
Тил ҳақида гап кетганда, кўпинча унинг маънавий қиймати тилга олинади. Бу табиий. Аммо замонавий иқтисодиёт фанида тил капитал сифатида ҳам ўрганилади. Бир тилда сўзлашадиган одамлар қанча кўп бўлса, шу тилдаги бозор, хизматлар ва ахборот ҳажми ҳам шунча катта бўлади.
45 миллион киши сўзлашадиган тил – 45 миллион истеъмолчи, ишчи ва тадбиркор дегани. Бу бозорнинг ядроси бўлган Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 7,7 фоизга ўсди, ялпи ички маҳсулот ҳажми эса 147 миллиард доллардан ошди. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 8,5 фоиз ўсишга эришилди.
Тил савдо йўлларини ҳам қисқартиради. Иқтисодчи олимлар П.Эггер ва А.Лассманнинг кўплаб тадқиқотлар натижаларини умумлаштирган таҳлилига кўра, умумий тил давлатлар ўртасидаги савдони ўртача 44 фоизга оширади. Бу қонуниятни ўз минтақамизда ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдоси 2017–2025 йилларда 3,1 баравар ошиб, 8,3 миллиард долларга етди. Афғонистон билан товар айирбошлаш 2025 йилда 1,68 миллиард долларни ташкил этди. Жорий йилнинг январь–июль ойларида эса бу мамлакат Россия ва Хитойдан кейин учинчи йирик экспорт бозоримизга айланди. 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга тижорат мақсадида келган хорижликларнинг 92,7 фоизини Афғонистон фуқаролари ташкил этгани ҳам бежиз эмас. Албатта, бу ўсишда логистика, нарх ва сиёсий омиллар ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунга қарамай, Термиздан Мозори Шарифгача бўлган ҳудудда тадбиркорларнинг кўп ҳолларда таржимонсиз тил топишаётгани битимларни тезлаштиради ва ишончни мустаҳкамлайди
Тилнинг кучини меҳнат миграцияси мисолида ҳам кўриш мумкин. 2025 йилда хориждан мамлакатимизга 18,9 миллиард доллар пул ўтказмаси келиб тушди. Бу ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 13 фоизига тенг. Пул ўтказмаларининг аҳоли даромадларидаги улуши эса 21 фоизга етди. Хориждаги юртдошларимизни ватан билан ва бир-бири билан боғлаб турган ришталарнинг энг мустаҳками – она тили. Айнан у орқали иш ўринлари ҳақидаги ахборот тарқалади, ўзаро ёрдам ва ишонч тармоқлари шаклланади. Хорижий тилларни билиш эса мигрант меҳнатининг қийматини оширади. Шу боис хорижда ишламоқчи бўлганларга тил ўрганиш харажатларининг ярми қоплаб берилаётгани оқилона қарордир. Она тили ва хорижий тиллар бу ерда бир-бирини тўлдирувчи инсон капиталидир.
Давлатимиз раҳбари ўтган йилги байрам табригида алоҳида таъкидлаганидек, “Ўзбек тилининг бой имкониятлари асосида халқимиз тафаккурига мос ва жозибадор миллий брендлар яратиш, маҳсулотларимизни ташқи бозорга олиб чиқиш маркетинг соҳасида асосий йўналишга айланиши зарур”.
Рақамли майдондаги бўшлиқ
Аммо ҳамма кўрсаткичлар ҳам кўнгилдагидек эмас. Энг катта номутаносиблик рақамли маконда кузатилмоқда. Ўзбек тилида жаҳон аҳолисининг қарийб 0,5 фоизи сўзлашади. “W3Techs” халқаро хизмати маълумотларига кўра эса дунёдаги веб-сайтларнинг 0,1 фоизидан ҳам камроғи ўзбек тилида. Бошқача айтганда, интернетдаги ўзбекча контент тилимизда сўзлашувчилар улушидан камида беш баравар кам.
Сунъий интеллект даврида бу шунчаки маданий муаммо эмас. Тил моделлари қайси тилда кўп матн бўлса, ўша тилда сифатлироқ ишлайди. Демак, ўзбек тилидаги контент кам бўлса, ўзбекзабон фойдаланувчилар ҳам замонавий технологиялардан тўлақонли фойдалана олмайди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Ҳаётимизда сунъий интеллект таъсири ортиб бораётган бир пайтда бу қудратли восита ёрдамида она тилимизни ривожлантириш ва тарғиб этиш – давр талабидир”. Ўзбек тилини сунъий интеллект ёрдамида қўллаб-қувватлайдиган платформа яратиш вазифаси белгилангани ана шу бўшлиқни тўлдиришга қаратилган. Бу бўшлиқ айни пайтда катта бозор ҳамдир. Ўзбек тилидаги сифатли контент, луғатлар, матн корпуслари ва таржима хизматлари янги иш ўринларини яратади.
Қонун – тилнинг қалқони
Ўзбек тилининг бугунги юксалиши мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворга таянади. 2023 йилда умумхалқ референдумида қабул қилинган янгиланган Конституциямизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб қатъий белгилаб қўйилган. “Давлат тили ҳақида”ги Қонун, “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун ҳамда давлат хизматига ва фуқароликка қабул қилишда давлат тилини билиш талабини назарда тутувчи нормалар бу пойдеворнинг таркибий қисмидир. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссиясида эса ҳар бир қонун лойиҳасининг тили синчиклаб кўриб чиқилмоқда. Зеро, қонун тили аниқ ва равон бўлса, ундан фуқаро ҳам, тадбиркор ҳам, инвестор ҳам бирдек наф кўради.
Эртанги кун учун беш қадам
Ўзбек тилининг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун, бизнингча, қуйидаги қадамлар долзарб:
– Ўлчаш. Интернетдаги ўзбекча контент улуши, давлат тилидаги электрон хизматлар, таржима ва локализация бозори бўйича кўрсаткичларни мунтазам кузатиб бориш.
– Ишбилармонлик тили. Афғонистон ва Марказий Осиё йўналишидаги савдо учун ўзбек тилида ягона атамалар базаси ва намунавий шартномалар ишлаб чиқиш.
– Диаспора. Юртдошларимиз кўп меҳнат қилаётган Россия, Қозоғистон, Туркия, Жанубий Корея ва Европа давлатларида ўзбек тили марказларини устувор равишда очиш.
– Рақамли контент. Ўзбек тилидаги таълимга оид ва медиа контент яратувчиларни грантлар билан рағбатлантириш, сунъий интеллект учун очиқ матн корпусларини шакллантириш.
– Тил экспорти. Хорижликлар учун халқаро миқёсда тан олинадиган ўзбек тили сертификати тизимини жорий этиш.
Хотима ўрнида
Мақола бошида тилга олинган манзарага қайтайлик. Оксфорд талабаларининг Тошкентдаги дўконда ўзбек тилида қилган суҳбати тилимиз келажагининг кичик бир кўринишидир. Эртага бу суҳбат хорижий университет аудиториясида, Сеулдаги ишбилармонлар учрашувида, Мозори Шарифдаги савдо битимида ёки сунъий интеллект билан мулоқотда давом этиши мумкин.
Президентимиз “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак”, деган эди. Бугун бу фикрга яна бир ҳақиқатни қўшиш мумкин. Давлат тилига киритилган ҳар бир инвестиция мамлакатимиз келажагига, иқтисодий рақобатбардошлигимизга киритилган инвестициядир. 45 миллион кишининг тили бўлган ўзбек тили бунга тўла арзийди.
Ўзбек тили байрами муборак бўлсин!
Ойбек ҚЎШБОҚОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори




















