ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ЖОЗИБАДОРЛИКДАН ИҚТИСОДИЙ ЕТАКЧИЛИК САРИ: ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАРИ
Жаҳон иқтисодиёти тараққиёти тарихи шуни кўрсатадики, давлатларнинг иқтисодий қудрати табиий ресурслар ёки географик имкониятлар билан эмас, аввало, капитални жалб қилиш ва уни самарали бошқариш қобилияти билан белгиланади. Табиий бойликлар муҳим омил, албатта. Аммо XXI асрнинг иккинчи чорагига келиб, иқтисодий рақобатнинг мазмуни тубдан ўзгарди. Бугун мамлакатлар нефть, газ ёки олтин учун эмас, балки инвестиция, технология, инновация ва инсон капитали учун рақобатлашмоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Тошкентда бўлиб ўтган Бешинчи халқаро инвестиция форуми Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий макондаги ўрни ва келажак тараққиёт стратегиясини намоён эта олган муҳим воқеа сифатида қадрлидир.
Кўпинча инвестиция форумлари ҳақида сўз кетганда, одатдагидек, эътибор марказида имзоланган битимлар ҳажми туради. Миллиардлаб долларлик келишувлар, ўнлаб мамлакатлардан ташриф буюрган делегациялар, юзлаб инвесторлар ва бизнес вакиллари иштирок этгани ҳақидаги маълумотлар кўпчилик учун асосий кўрсаткич ҳисобланади. Аслида-чи?
Аввало, иқтисодий нуқтаи назардан қараганда, форумнинг ҳақиқий аҳамияти бошқа мезон билан ўлчанади. Яъни бу анжуман мамлакатимиз иқтисодиётининг сифат жиҳатидан ўзгаришига қандай таъсир кўрсатади? Айнан ушбу саволга жавоб излаш форум моҳиятини англаш имконини беради.
Сўнгги йилларда жаҳон иқтисодиётида капитал ҳаракатининг табиати сезиларли даражада ўзгарди. Инвесторлар бугун нафақат солиқ имтиёзлари ёки арзон ишчи кучига, балки сиёсий барқарорлик, ҳуқуқий кафолатлар, бозор сиғими, инфратузилма ҳолати, давлат бошқаруви сифати ва кадрлар салоҳияти каби омилларга ҳам жиддий эътибор қаратмоқда. Шу боис инвестициялар учун рақобат мамлакатлар ўртасидаги энг кескин рақобат шаклларидан бирига айланди.
Бундай шароитда юртимизнинг халқаро инвестиция харитасидаги мавқеи сезиларли даражада мустаҳкамланаётгани тасодиф эмас. Кейинги йилларда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар, ташқи иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши, хусусий сектор ролининг ортиши ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кўрилган чоралар халқаро молия институтлари ва йирик компанияларнинг мамлакатимизга бўлган қизиқишини кучайтирди. Тошкент форуми айнан шу жараённинг мантиқий натижаси бўлди, десак, янглишмаймиз.
Тўғри, форум ҳақидаги рақамлар таъсирли кўриниши мумкин. Бироқ унинг асосий аҳамияти статистикада эмас, балки Ўзбекистон ҳақидаги халқаро иқтисодий тасаввурнинг ўзгариб бораётганидадир.
Яқин йилларгача мамлакатимиз хорижий инвесторлар томонидан истиқболли, аммо эҳтиёткорлик билан кузатиладиган бозор сифатида қабул қилинар эди. Бугун эса Ўзбекистон Марказий Осиёнинг инвестиция ва иқтисодий фаоллик марказларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Бу ўзгаришнинг бир нечта объектив сабаблари бор. Аввало, мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Давлат ва хусусий сектор ўртасидаги муносабатлар янги мазмун билан бойиди. Ташқи иқтисодий сиёсат прагматик хусусият касб этди. Энг муҳими, давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси ва ташаббуслари билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч ва иқтисодий ҳамкорликнинг янги муҳити шаклланди. Натижада инвестор учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган омил – ИШОНЧ пайдо бўлди.
Иқтисодиётда ишонч пулдан ҳам қимматроқ ресурс ҳисобланади. Сармоядор ҳар доим энг юқори даромад келтирадиган мамлакатни эмас, балки ўз маблағининг хавфсизлиги таъминланган давлатни танлайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, форумда халқаро молия институтлари, суверен инвестиция фондлари ва трансмиллий корпорациялар иштирокининг кенгайиши юртимизга нисбатан ишончнинг мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Форум материалларини таҳлил қилганда яна бир муҳим жиҳат кўзга ташланади. Агар аввалги босқичларда хорижий инвестициялар асосан хомашё ресурсларини ўзлаштириш ёки анъанавий инфратузилма лойиҳаларига йўналтирилган бўлса, бу сафар муҳокама қилинган ташаббусларнинг катта қисми юқори қўшилган қиймат яратадиган соҳаларга тегишли бўлди.
Энергетика, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, маълумотлар марказлари, транспорт йўлаклари, инновацион саноат, яшил иқтисодиёт ва юқори технологиялар форум кун тартибининг марказида бўлди. Бу эса иқтисодиётимиз сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради. Чунки иқтисодий ўсишнинг дастлабки босқичида инвестициялар ҳажми муҳим аҳамиятга эга бўлса, кейинги босқичда инвестициялар сифати ҳал қилувчи омилга айланади. Яъни мамлакат учун ҳар қандай сармоя эмас, балки янги технологиялар, янги билимлар ва янги бозорларга чиқиш имкониятларини олиб келувчи сармоя муҳим ҳисобланади. Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг энг муҳим хусусияти ҳам айнан шунда.
Форум мамлакатимизга маблағ жалб қилиш масаласидан кўра кенгроқ вазифани ҳал қилди. У Ўзбекистоннинг келажак иқтисодий модели қандай бўлиши ҳақидаги тасаввурни намоён қилди.
Муҳими, муҳокама қилинган лойиҳаларнинг аксарияти фақат ички бозор эҳтиёжлари билан чекланмайди. Уларнинг кўпчилиги бутун Марказий Осиё минтақаси учун хизмат қилиш имкониятига эга. Бу эса мамлакатимизнинг иқтисодий функцияси ўзгариб бораётганини англатади.
Мамлакатимиз аста-секин истеъмол бозоридан минтақавий иқтисодий хабга айланиш босқичига кирмоқда. Бу эса ҳар қандай давлатга ҳам насиб этавермайдиган тарихий имкониятдир.
Ўзбекистоннинг минтақавий иқтисодий марказ сифатида шаклланишида энергетика, логистика ва рақамли иқтисодиёт ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, форум доирасида муҳокама қилинган лойиҳаларнинг катта қисми мамлакатимизнинг узоқ муддатли иқтисодий рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Хусусан, энергетика соҳаси форум кун тартибининг марказий мавзуларидан бири бўлди. Бу бежиз эмас. Чунки иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги, аввало, энергия таъминотининг барқарорлигига боғлиқ. Сўнгги йилларда иқтисодиёт, саноат ишлаб чиқариш ва аҳоли эҳтиёжларининг ўсиши электр энергиясига бўлган талабни кескин оширди. Шу боис янги генерация қувватларини яратиш, электр тармоқларини модернизация қилиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Форум материалларидан кўриниб турибдики, халқаро инвесторларнинг қизиқиши ҳам айнан шу соҳаларга қаратилмоқда. Бунинг сабаби оддий: энергия таъминоти мустаҳкам бўлмаган иқтисодиёт юқори ўсиш суръатларини таъминлай олмайди. Энергетика бугун алоҳида тармоқ эмас, балки бутун иқтисодиётнинг таянч инфратузилмасидир. Саноатнинг ривожланиши ҳам, рақамли иқтисодиётнинг кенгайиши ҳам, хорижий инвестицияларнинг оқими ҳам энергия ресурсларининг етарлилиги билан узвий боғлиқ.
Айниқса, форумда яшил иқтисодиёт ва қайта тикланувчи энергия манбаларига алоҳида эътибор қаратилгани муҳим аҳамиятга эга. Дунё иқтисодиётида декарбонизация жараёнлари кучайиб бораётган бир шароитда экологик барқарор энергетика тизимини шакллантириш нафақат иқтисодий, балки стратегик вазифага айланмоқда. Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, халқаро инвесторлар энергетика соҳасига қисқа муддатли лойиҳа сифатида эмас, балки ўнлаб йилларга мўлжалланган узоқ муддатли сармоя сифатида қарамоқда. Демак, мазкур соҳадаги инвестициялар мамлакат иқтисодиётининг келажагига бўлган ишончнинг ҳам кўрсаткичи ҳисобланади.
Форумнинг яна бир стратегик аҳамиятга эга йўналиши транспорт ва логистика соҳаси билан боғлиқ. Географик жойлашувимиз бир вақтнинг ўзида ҳам имконият, ҳам чақириқ ҳисобланади. Мамлакатимиз денгиз портларидан узоқда жойлашган бўлса-да, Евроосиё қитъасидаги ўрни унга муҳим транзит ва логистика марказига айланиш имконини беради. Бугун жаҳонда рақобат фақат маҳсулотлар ўртасида эмас, балки логистика тизимлари ўртасида ҳам кечмоқда. Қайси мамлакат ташқи бозорларга тезроқ, арзонроқ ва ишончлироқ чиқиш имконини яратса, ўша мамлакат инвестициялар учун жозибадорроқ бўлади.
Шу нуқтаи назардан форумда транспорт йўлаклари, темир йўл инфратузилмаси, логистика марказлари ва минтақавий транспорт алоқаларини кенгайтириш бўйича муҳокама қилинган ташаббуслар стратегик аҳамиятга эга. Чунки ҳар қандай саноат лойиҳасининг рақобатбардошлиги фақат ишлаб чиқариш харажатлари билан эмас, балки маҳсулотни ташқи бозорларга етказиб бериш харажатлари билан ҳам белгиланади.
Агар мамлакатимиз Марказий Осиёдаги муҳим транспорт тугунига айланса, бу фақат транзит хизматларидан даромад олиш имконини эмас, балки экспорт салоҳиятини кенгайтириш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва инвесторлар учун янада қулай муҳит яратиш имконини ҳам беради.
Форумда муҳокама қилинган яна бир муҳим масала — рақамли иқтисодиёт ва юқори технологиялар соҳасидаги ҳамкорликдир. Сўнгги йилларда жаҳон иқтисодиётида қўшилган қиймат яратишнинг асосий манбаи тобора кўпроқ билим ва технологияларга кўчмоқда. Агар XX асрда иқтисодий қудрат асосан саноат ресурслари билан белгиланган бўлса, XXI асрда рақобатбардошлик билим, маълумот ва инновациялар билан белгиланмоқда.
Шу сабабли форумда сунъий интеллект, маълумотлар марказлари, рақамли инфратузилма, финтех ва инновацион хизматлар соҳасига қаратилган эътиборни оддий ҳолат сифатида қабул қилиб бўлмайди. Бу мамлакатимиз иқтисодиётининг янги босқичга ўтаётганидан далолат беради. Энг муҳими, мазкур соҳаларга жалб қилинаётган инвестициялар нафақат янги объектлар қуришга, балки инсон капитали ривожига ҳам хизмат қилади. Зеро, рақамли иқтисодиётнинг асосий бойлиги бинолар ёки ускуналар эмас, балки юқори малакали кадрлардир. Келажакда мамлакат рақобатбардошлиги қанча дастурчи, муҳандис, тадқиқотчи ва инновацион тадбиркор етишиб чиқиши билан белгиланади.
Шу маънода форумда муҳокама қилинган рақамли лойиҳаларнинг ҳақиқий самараси инвестиция ҳажмида эмас, балки инсон капитали сифатида намоён бўлади. Бу эса иқтисодий ўсишнинг энг барқарор ва узоқ муддатли манбаи ҳисобланади.
Бироқ ҳар қандай инвестиция форумининг муваффақияти унинг ўтказилган куни ёки имзоланган битимлар сони билан эмас, балки эришилган келишувларнинг ҳаётга қай даражада татбиқ этилиши билан баҳоланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг асосий синови ҳали олдинда. Инвестиция соҳасида бир муҳим ҳақиқат бор: меморандум иқтисодий натижа эмас. Келишув ҳам иқтисодий натижа эмас. Иқтисодий натижа фақат лойиҳа ишга тушиб, маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаган, хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган, экспорт ҳажми ошган ва янги иш ўринлари яратилган пайтда пайдо бўлади. Шунинг учун ҳар қандай форумнинг ҳақиқий самараси вақт синовидан ўтади.
Бугун имзоланган ҳужжатлар эртага қурилиш майдонларига айланиши керак. Қурилиш майдонлари янги корхоналарга айланиши лозим. Корхоналар эса қўшилган қиймат яратадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариши, экспортни кўпайтириши ва аҳоли даромадларини ошириши керак. Ана шундагина инвестиция иқтисодий ўсиш омилига айланади. Бу жараёнда давлат бошқаруви сифати ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Кўпинча инвестицияларни жалб қилиш масаласига катта эътибор қаратилади. Ваҳоланки, инвестицияларни кузатиб бориш, лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва инвесторлар билан ишлаш тизими ундан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки инвесторни мамлакатга олиб келиш жараённинг ярми, холос. Уни лойиҳани муваффақиятли амалга оширишгача кузатиб бориш иккинчи ва кўп ҳолларда мураккаброқ босқич ҳисобланади. Айниқса, бугунги глобал иқтисодий шароитда мазкур вазифанинг аҳамияти янада ортмоқда.
Жаҳон иқтисодиёти юқори ноаниқлик даврига кирмоқда. Геосиёсий қарама-қаршиликлар кучаймоқда. Савдо чекловлари ва тариф тўсиқлари кўпаймоқда. Таъминот занжирлари қайта шаклланмоқда. Капитал ҳаракати аввалгига нисбатан эҳтиёткор тус олмоқда. Бундай шароитда инвестициялар учун рақобат янада кескинлашади. Шу сабабли форумда эришилган келишувларни амалий натижаларга айлантириш мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолади. Мазкур жараёнда Ўзбекистоннинг муҳим устунликлари ҳам мавжуд.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда шаклланган янги инвестиция муҳити халқаро ҳамкорлар томонидан ижобий баҳоланмоқда. Халқаро молия институтлари билан ҳамкорликнинг кенгайиши, давлат-хусусий шериклик механизмларининг ривожланиши, хусусий сектор ролининг ортиши ва иқтисодиётнинг очиқлиги инвесторлар учун муҳим сигнал бўлиб хизмат қилмоқда. Бунинг мазмуни аниқ: Ўзбекистон глобал иқтисодиёт билан интеграциялашувнинг янги босқичига кирди!
Иқтисодий тарих тажрибаси шуни кўрсатадики, юқори ўсиш суръатларига эришган мамлакатларнинг деярли барчаси ташқи капитал, ташқи технология ва ташқи бозорлар билан фаол ҳамкорлик қилган. Япония, Жанубий Корея, Сингапур ва Хитой каби давлатларнинг тараққиёт тарихи бу фикрни тасдиқлайди. Ҳеч бир мамлакат фақат ички ресурслар ҳисобидан юқори иқтисодий ривожланиш даражасига эриша олмаган. Шу маънода Тошкент форуми мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодиёти билан интеграциялашув жараёнидаги навбатдаги муҳим босқич бўлди.
Форум материаллари яна бир муҳим тенденцияни кўрсатмоқда. Аввалги йилларда инвесторларнинг асосий қизиқиши энергетика, хомашё ва инфратузилма соҳаларига қаратилган бўлса, бугунги кунда ишлаб чиқариш, қайта ишлаш саноати, юқори технологиялар ва хизматлар соҳасига қизиқиш сезиларли даражада ортмоқда. Бу иқтисодиётнинг таркибий жиҳатдан ўзгариб бораётганидан далолат беради. Иқтисодий ривожланишнинг асосий мезонларидан бири ҳам айнан шу ҳисобланади. Чунки бойлик ресурслар ҳажми билан эмас, қўшилган қиймат даражаси билан ўлчанади.
Масалан, пахта хомашёси маълум бир қиймат яратади. Уни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган маҳсулот эса бир неча баробар кўпроқ қиймат яратади. Тайёр саноат маҳсулоти эса янада юқори иқтисодий самара беради. Форум доирасида муҳокама қилинган кўплаб лойиҳалар айнан қўшилган қиймат занжирларини чуқурлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу мамлакатимизнинг фақат ресурс етказиб берувчи эмас, балки юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи иқтисодиётга айланиш мақсадини кўрсатади. Натижада экспорт таркиби диверсификацияланади, ташқи бозорларга қарамлик камаяди ва миллий иқтисодиётнинг ташқи шокларга бардошлилиги ортади.
Форумнинг ижтимоий аҳамияти ҳам кам эмас. Чунки ҳар қандай инвестициянинг якуний мақсади инсон фаровонлигини таъминлашдан иборат. Инвестициялар янги корхоналарни барпо этади. Янги корхоналар иш ўринлари яратади. Иш ўринлари аҳоли даромадларини оширади. Даромадларнинг ортиши ички талабни кенгайтиради. Ички талаб эса иқтисодий фаолликнинг ўсишига хизмат қилади. Шундай қилиб, инвестиция иқтисодиётнинг барча бўғинлари бўйлаб мультипликатив таъсир кўрсатади. Бу таъсир нафақат ялпи ички маҳсулот кўрсаткичларида, балки аҳолининг кундалик ҳаётида ҳам намоён бўлади. Аслида, форумнинг энг муҳим натижаларини айнан шу нуқтаи назардан баҳолаш лозим. Чунки иқтисодий сиёсатнинг пировард мақсади статистик кўрсаткичларни яхшилаш эмас, балки инсон капиталини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришдан иборат.
Тошкент халқаро инвестиция форумининг аҳамиятини баҳолашда фақат имзоланган битимлар ҳажми ёки иштирокчилар сонига таяниб хулоса чиқариш тўғри бўлмайди. Бундай йирик анжуманларнинг ҳақиқий қиймати улар мамлакат иқтисодиётининг қайси йўналишда ҳаракатланаётганини қанчалик аниқ намоён қилиб бериши билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми иқтисодиётимиз учун муҳим бурилиш нуқталаридан бири бўлди, дейиш мумкин.
Форум мамлакатимизнинг бугунги иқтисодий ҳолатини эмас, балки эртанги иқтисодий қиёфасини намоён қилди. Унда муҳокама қилинган ташаббуслар ва келишувларнинг аксарияти бир ёки икки йиллик эмас, балки ўн йилликлар давомида самара бериши мумкин бўлган стратегик йўналишларга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Энергетикадан тортиб, рақамли иқтисодиётгача, логистикадан тортиб, сунъий интеллектгача, саноат кооперациясидан тортиб, яшил иқтисодиётгача бўлган соҳалар форум кун тартибининг марказида бўлди. Бу эса мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишлари аниқ белгилаб олинганини кўрсатади.
Оддий ҳақиқат шу: ушбу нуфузли форумнинг энг катта натижаси миллиардлаб долларлик келишувларда эмас. Асосий натижа юртимиз ҳақидаги халқаро иқтисодий тасаввурнинг ўзгарганида! Сўнгги йилларда мамлакатимизга нисбатан шаклланаётган муносабат сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Бугун Ўзбекистон хорижий сармояга эҳтиёж сезаётган бозор сифатида эмас, балки глобал капитал учун истиқболли ҳамкор сифатида қабул қилинмоқда. Бу фарқ жуда муҳим. Чунки сармоя эҳтиёжни эмас, имкониятни қидиради. Капитал хавф юқори бўлган жойга эмас, келажак аниқ кўринадиган маконга интилади.
Тошкент форуми ана шу нуқтаи назардан халқаро ҳамжамиятнинг иқтисодиётимизга нисбатан қарашлари ўзгариб бораётганини яна бир бор кўрсатди. Иқтисодий тараққиёт тарихида шундай воқеалар бўладики, уларнинг аҳамиятини ўша куннинг ўзида баҳолаш қийин бўлади. Уларнинг ҳақиқий қиймати йиллар ўтиб намоён бўлади. Бизнингча, Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ана шундай воқеалардан биридир. Чунки мазкур тадбир нафақат инвестиция жалб қилиш майдони, балки Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий келажаги қандай бўлиши ҳақидаги халқаро мулоқот платформасига айланди.
Энг муҳими, бу мулоқотда Ўзбекистон ташаббус кўрсатувчи томон сифатида иштирок этмоқда. Бу эса мамлакатимиз иқтисодий тараққиётнинг янги босқичга кирганидан далолат беради. XXI аср иқтисодиётида бойлик ерости бойликлари билан эмас, институтлар сифати, инсон капитали, технологиялар ва ишонч муҳити билан яратилади. Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми айнан шу ишонч муҳити шаклланаётганининг халқаро эътирофи бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, форумнинг муҳим жиҳати шуки, Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий нуфузи сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганидир. Бугун мамлакатимиз хорижий сармояга муҳтож давлат сифатида эмас, балки глобал капитал учун истиқболли ҳамкор сифатида қабул қилинмоқда. Бу эса ҳар қандай битимдан қимматроқ капитал – ишонч капитали демакдир. Бу ишонч кейинги йилларда изчил ислоҳотлар, самарали давлат бошқаруви, хусусий мулк дахлсизлиги ва инвестиция лойиҳаларининг юқори ижро интизоми билан мустаҳкамланса, Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми тарихга Янги Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг янги даврини бошлаб берган бурилиш нуқтаси сифатида киради.
Нодир ЖУМАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Ойбек ҚЎШБОҚОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг Иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда тадқиқотлар бўлими бошлиғи, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори
Манба: “XXI asr” газетасининг 2026 йил 25 июнь, 25 (1179) -сони




















