Маҳаллий кенгашлар фаолиятида туб бурилиш


Шу йил 27 октябрь куни “Менинг танловим–обод Ватаним!” шиори остида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар юқори даражадаги уюшқоқлик ва сайловчиларнинг фаоллиги муҳитида ўтди. Айни жараёнда 15 миллион нафардан зиёд фуқароларимиз сайлов участкаларига келиб, ўзлари муносиб деб топган сиёсий партия ҳамда улар томонидан кўрсатилган номзодлар учун овоз берди. Сайлов кампаниясида жамиятимизда катта ижобий силжишлар бўлгани, аҳолимизнинг сиёсий карашлари ривожлангани, сайловчиларнинг партия ва улар кўрсатган номзодларга нисбатан талабчанлиги кучайгани яққол кўринди.
Мушоҳада
Таъкидлаш лозимки, олдинги сайловлардан фарқли равишда маҳаллий Кенгаш депутатлигига сайлов ҳам янги конституциявий-ҳуқуқий муҳитда маҳаллий вакиллик органлари ваколатлари кенгайтирилган шароитда бўлиб ўтди. Халқимиз мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса кўшиш учун фидойилик билан ишлашга бел боғлаган маҳаллий Кенгаш депутатларини сайлашди. Маҳаллий Кенгашлар сайлови натижаларига кўра уларнинг таркиби 59,2 фоизга янгиланди. Қувонарлиси, янги сайланган депутатларнинг 32,6 фоизи хотин-қизлардан иборат.
Янги талаблар асосида ишлаш – давр талаби
Сўнгги йилларда халқ ҳокимиятчалигини тўлақонли рўёбга чиқариш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган хусусий асослар яратилди. Хусусан, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ, экология ва соғлиқни сақлаш органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳокимлавозимлари бир-биридан ажратилганлиги ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий тамойилнинг маҳаллий даражада ижросини таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 2 февралда “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Бу маҳаллий ҳокимият органларида иш натижадорлигини сезиларли даражада кўтарадиган тарихий ҳужжат бўлди.
Мазкур Фармонда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги роли ва масъулиятини кучайтириш, сайловчилар билан доимий алоқада ишлашини таъминлашга қаратилган бир қатор янгиликлар алоҳида кўрсатиб ўтилган. Маҳаллий вакиллик органларига қўшимча равишда 33 та ваколат берилди.
“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга жорий йил 17 октябрда киритилган ўзгартиришлар билан Ўзбекистондаги маҳаллий бошқарув тизими фаолиятини тамомила янгича асосларда амалга оширишнинг зарур ташкилий-ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.
Ўзаро бир-бирини тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати
Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламлиислоҳотлар жараёнида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш, ижроия органларининг маҳаллий Кенгашлар олдидаги ҳисобдорлиги, масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳокимнинг бир вақтнинг ўзида маҳаллий Кенгашга раис бўлишига доир норманинг бекор қилиниши – жойларда ҳокимиятлар бўлиниши принципини тўлақонли рўёбга чиқаришга ҳуқуқий замин яратди.
Таъкидлаш лозимки, маҳаллий Кенгаш раиси лавозимининг жорий этилиши муҳим институционал ўзгариш ҳисобланади. Бу янгилик, аввало, маҳаллий Кенгашларнинг мустақиллигини ҳамда Кенгашлар фаолиятининг узлуксизлигини таъминлайди.
Шуни алоҳида айтиш керакки, Кенгаш раиси депутатлар орасидан сайланади. Бу янгилик жойларда вакиллик ҳокимиятини сезиларли даражада кучайтиради ва аҳоли манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш имконини беради. Раис жамоатчилик асосида ишласа-да, бу унинг қарор қабул қилишдаги мустақиллигини оширади.
Янги тартиб ҳокимларнинг масъулиятини ҳам кучайтирди. Энди улар Кенгаш сессияси кўриб чиқиши учун масалалар киритиши, зарурат бўлганда навбатдан ташқари сессия чақириш ташаббуси билан чиқиши мумкин. Айни чоғда Кенгашнинг қонунчиликка зид бўлган қарорларини бекор қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ёки судга мурожаат этиш каби қатор янги ваколатлар берилмоқда.
Шу билан бирга, янги қонунчилик талабларига кўра вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари лавозимларига номзодлар халқ депутатлари Кенгашларида ўз номзоди кўриб чиқилаётганда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурини тақдим этиши ҳокимларнингсайловчилар ва депутатлар олдидаги масъулиятини оширади.
Ўз навбатида, ҳудудни ривожлантириш дастурининг халқ вакиллари томонидан муҳокама қилиниши аҳоли эҳтиёжларининг тўлиқ инобатга олинишига ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларнинг ҳал этилишида фуқаролар иштирокининг кенгайишига хизмат қилади.
Умуман, шу ислоҳотлар натижасида маҳаллий Кенгашлар чинакам халқ манфаатларини ифода этувчи вакиллик органларига айланиб бормоқда. Бу эса мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг узвий давоми ва мантиқий натижасидир.
Назорат ва ҳисобдорлик
Маҳаллий Кенгашларнинг назорат функциялари сезиларли даражада кенгайтирилди. 10 та асосий йўналишга бирлаштирилган давлат органлари ҳисоботлари (ахборотлари)ни эшитиш бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг алоҳида ваколатлари ва функциялари тизимлаштирилди.
Хусусан, ҳокимлар ва улар ўринбосарларининг дастурлари ижроси, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлиги масалалари, кредитлар ажратиш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бошқа муҳим жиҳатлари бўйича ҳисоботларини эшитиш назарда тутилган.
Кенгашларга депутатлар орасидан махсус комиссиялар тузиш орқали текширувларни ўтказиш ваколати берилган. Ушбу комиссиялар давлат органлари ва ташкилотлардан зарур ҳужжатлар ва материалларни сўраб олиш, тушунтиришлар бериш учун мансабдор шахсларни чақириш ҳуқуқига эга бўлиб, текшириш натижалари эса Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш учун киритилади. Бундай назорат воситалари Кенгашларнинг маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятининг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш имкониятларини сезиларли даражада кучайтиради.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатга олишнинг ягона электрон тизимини жорий этиш давлат бошқарувини рақамлаштириш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир. Эътиборлиси, ушбу тизимда рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бу эса маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ишида қўшимча шаффофликни таъминлайди.
Халққа хизмат қилиш – устувор йўналиш
Бу ўзгаришларнинг барчаси асосий тамойил – аҳоли манфаатларига хизмат қилишга қаратилган. Маҳаллий Кенгашларнинг ролини кучайтириш жойларда муаммоларни тезроқ ҳал этиш, муҳим қарорларни қабул қилишда аҳоли фикрини инобатга олиш имконини беради.
Ишонч билан айтиш мумкинки, бошланган ислоҳотлар Ўзбекистонда маҳаллий бошқарув тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади. Жойлардаги вакиллик ва ижро ҳокимияти ўртасидаги ваколатлар бўлиниши, замонавий рақамли технологияларни жорий этиш – буларнинг барчаси ҳудудларни янада ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун мустаҳкам замин яратади.
Бу ўзгаришлар инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бош қадрият бўлган янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлига тўлиқ мос келади.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятига оид янги ёндашувлар жорий этилиши Ўзбекистонда маҳаллий бошқарув тизими тубдан ўзгараётганидан далолат бериб, унинг сифат жиҳатдан янги босқичга чиқишини кафолатлайди.
Акром ТОШПЎЛАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори.
Xalq so'zi gazetasi.pdf 1.15 MbЮклаб олинган: 21 марта Юклаб олиш Онлайн кўриш




















