Парламент ҳуқуқи ихтисослиги бўйича илмий тадқиқот олиб бориш истагидаги талабгорлар билан суҳбат бўлиб ўтди

Миллий парламентимиз фаолиятини ҳар томонлама ривожлантиришга бугунги кунда катта аҳамият қаратилмоқда. Қонун ижодкорлиги самарадорлиги ошмоқда, таъсирчан парламент назорати механизмлари амалиётга жорий этилмоқда.
Айниқса стратегик мақсадларини рўёбга чиқаришнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратишда қонунчилик базаси такомиллашмоқда. Энг муҳими, парламент фаолиятидаги ўзгаришларда илмий ва ахборот-таҳлилий фаолиятга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Парламентаризм муаммоларига илмий асосланган, конструктив ечимлар беришни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Жорий йилнинг 18 ноябрь куни давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида қонун ижодкорлиги, парламент назорати, депутатларнинг сайлов округдаги фаолияти самарадорлигини ошириш ва бошқа бир қанча парламентаризмга оид масалаларни илмий асослантириш муҳимлигини таъкидладилар. Парламент тадқиқотлари институти муаммоларга илмий асосланган ечим топиши ҳақидаги ғояни илгари сурдилар.
Жорий йилнинг 22 ноябрь куни 12.00.11 – “Парламент ҳуқуқи” ихтисослигига қабул қилиш бўйича талабгорлар билан суҳбат бўлиб ўтди. Талабгорлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг сайлов округидаги фаолиятини такомиллаштириш, парламентни ривожлантиришда мухолифат иштирокининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш каби долзарб мавзуларда илмий тадқиқот ишларини олиб бориш таклифлари илгари сурилди.
Саралаш якунларига кўра, Комиссия томонидан муваффақиятли суҳбатдан ўтган тадқиқотчилар аниқланди. Уларга илмий тадқиқотни самарали, пухта амалга ошириш ҳамда муваффақиятли якунлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.





















