Муҳим инфратузилма объектларининг киберхавфсизлиги кучайтирилади

Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Франция Миллий мажлиси муҳим инфратузилмалар барқарорлиги ва киберхавфсизлигини кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Лойиҳани 464 нафар депутат қўллаб-қувватлади.
Қонун лойиҳаси Европа Иттифоқининг учта директивасини миллий қонунчиликка имплементация қилишни назарда тутади. Улар муҳим инфратузилмалар барқарорлиги, киберхавфсизликка оид NIS 2 директиваси ҳамда молия сектори фаолиятига тааллуқли директивалардир.
Янги талаблар энергетика, соғлиқни сақлаш ва транспорт каби 18 та муҳим соҳада фаолият юритувчи 18 мингдан ортиқ ташкилотга татбиқ этилади. Мазкур ташкилотлар учун хатарларни бошқариш, пудратчиларнинг киберхавфсизлигини таъминлаш ҳамда киберинцидентлар тўғрисида хабар бериш мажбуриятлари белгиланади.
Назорат ваколати Ахборот тизимлари хавфсизлиги миллий агентлиги (ANSSI) зиммасига юкланади. Шунингдек, агентликнинг назорат ваколатлари кенгайтирилади.
Бундан ташқари, Бош вазир томонидан ҳар уч йилда янгиланадиган киберхавфсизлик миллий стратегиясини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Мамлакатимизда 2022 йил 15 апрелдаги ЎРҚ–764-сон “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги Қонун амал қилади. Давлат хавфсизлик хизмати киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади ҳамда муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг ягона реестрини шакллантиради.
Қонунга мувофиқ, давлат органларининг ахборот тизимлари ва ресурслари, шунингдек, муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари тоифасига киритилган ахборот тизимлари киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказилади.
Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 22 сентябрда 3458-сон билан рўйхатга олинган Давлат хавфсизлик хизмати раисининг буйруғи билан муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш даражасини баҳолаш тартиби тасдиқланган.
Шу билан бирга, киберхавфсизлик бўйича мажбурий талабларни фаолият соҳаси ва ҳажмига қараб бошқа хўжалик юритувчи субъектларга ҳам табақалаштирилган ҳолда татбиқ этиш масаласи долзарб ҳисобланади.
Умумий йўналиш сифатида фаолият соҳаси ва ҳажми мезонлари асосида хусусий сектордаги муҳим субъектларни аниқлаш ҳамда улар учун табақалаштирилган киберхавфсизлик талабларини жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Муқобил йўналиш сифатида киберхавфсизлик соҳасидаги миллий стратегияни муайян даврийликда янгилаб бориш тартибини қонун даражасида мустаҳкамлаш мумкин.



















