Жадидлар мероси: маърифат, ҳуқуқий давлат ва миллий парламентаризм ғоялари

ИНСТИТУТ ЯНГИЛИКЛАРИ
Парламент тадқиқотлари институтида миллий уйғониш даврининг улуғ сиймолари — жадид боболаримиз хотирасига бағишланган "Жадидлар мероси: маърифат, ҳуқуқий давлат ва миллий парламентаризм ғоялари" мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Тошкент давлат юридик университети Давлат ва ҳуқуқ назарияси кафедраси профессори, юридик фанлар доктори Фирюза Мухитдинова, шунингдек, Институт раҳбарияти ва ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатининг 27 ноябрь — Туркистон Мухторияти ташкил топган санага тўғри келиши тадбирга алоҳида рамзий мазмун бағишлади. Бундан 109 йил муқаддам, 1917 йил 27 ноябрда Қўқонда Туркистон Мухторияти эълон қилиниб, жадидларнинг миллий давлатчилик, халқ иродаси ва вакиллик бошқарувига асосланган жамият барпо этиш ҳақидаги қарашлари сиёсий ҳаётда ўз ифодасини топган эди.
Давра суҳбатида жадидларнинг миллатни маърифат нури билан уйғотиш, қонун устуворлигига таянган адолатли жамият барпо этиш, халқ вакиллигига асосланган бошқарувни шакллантириш борасидаги илғор қарашлари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, уларнинг давлатчилик ва миллий парламентаризм тарихидаги ўрни, мазкур ғояларнинг бугунги демократик ислоҳотлар учун аҳамияти юзасидан фикр алмашилди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат сингари маърифатпарварларнинг миллат тақдири, таълим-тарбия, ҳуқуқ ва адолат масалаларига доир қарашлари ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Туркистон Мухторияти Халқ Мажлиси фаолияти мисолида миллий парламентаризмнинг дастлабки тажрибаси, шунингдек, жадидлар илгари сурган инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинлик, қонун устуворлиги ҳамда халқ вакиллигига оид қарашларнинг бугунги ҳуқуқий давлат тамойиллари билан уйғун жиҳатлари таҳлил қилинди.
Муҳокамалар давомида жадидлар меросини тарихий хотира сифатида ўрганиш билан бир қаторда, унда мужассам бўлган маърифат, илм-фан, қонун устуворлиги, фуқаролик масъулияти ва вакиллик бошқаруви каби қадриятларни замонавий тараққиёт талаблари нуқтаи назаридан англаш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир якунида жадидлар меросини чуқур ўрганиш, уни ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, маърифатпарварлик анъаналарини замонавий таълим ва илмий-тадқиқот жараёнлари билан уйғунлаштириш ҳамда қонун устуворлиги ва миллий парламентаризм ғояларини Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим қадриятлари сифатида изчил ривожлантириш юзасидан фикрлар умумлаштирилди.
💬 Жадидлар ёққан маърифат машъали — миллий тафаккур, илм-фан ва юксак фуқаролик масъулиятини шакллантиришга хизмат қиладиган улкан маънавий меросдир.
📸 ФОТОЛАВҲА





















