Фуқаро мудофаасини кадрлар билан таъминлашга оид ўзгартиришлар қабул қилинди

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Швеция Риксдаги ҳукуматнинг “Фуқаро мудофаасини кадрлар билан замонавий таъминлаш тўғрисида”ги таклифини маъқуллади. Риксдаг Мудофаа қўмитаси тавсиясига мувофиқ 7 та қонунга, жумладан мудофаа мажбурияти, хавфсизликни муҳофаза қилиш ва Швеция Марказий банки тўғрисидаги қонунларга ўзгартиришлар киритди. Таклиф юзасидан депутатлар томонидан муқобил таклифлар киритилмаган.
Ўзгартиришларга кўра, давлат органлари, муниципалитетлар, минтақалар ва айрим хусусий ташкилотлар ҳарбий вақтдаги тузилмасига бириктирилган мажбурият эгалари ҳақидаги маълумотларни Мудофаа хизматига чақириш ва баҳолаш агентлигида рўйхатдан ўтказиши шарт бўлади. Бу тинчлик даврида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва юқори шай ҳолатда ҳар бир ходимнинг тегишли жойда бўлишини таъминлашга қаратилган.
Швеция Марказий банки ҳамда тўловларни амалга оширишда алоҳида аҳамиятга эга бўлган компаниялар каби айрим субъектлар учун ҳарбий вақтга мўлжалланган, олдиндан режалаштирилган ва ходимлар билан тўлдирилган тузилмага эга бўлиш талаблари кучайтирилади.
Мажбурият эгаларининг маълумоти ва малакаси ҳақида давлат органлари, муниципалитетлар, минтақалар ва тадбиркорлардан ахборот сўраш бўйича агентлик ҳуқуқлари кенгайтирилади. Бу фуқаролик ва ҳарбий хизмат мажбуриятини бажаришга мос шахсларни аниқлашни осонлаштиради. Шунингдек, фуқаролик хизматига жалб этилганларни хавфсизлик текширувидан ўтказиш қоидалари ўзгартирилади.
Ўзгартиришлар 2027 йил 1 январдан кучга киради. Қўмита ҳисоботига Социал-демократлар ва Чап партия вакиллари алоҳида фикр билдирган. Социал-демократлар муниципалитет ва минтақаларга давлат талаблари билан боғлиқ харажатлар тўлиқ қопланиши лозимлигини таъкидлаган.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Мамлакатимизда 2000 йил 26 майдаги 80-II-сонли “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги Қонунга кўра, потенциал хавфли объектларга эга бўлган ёки мудофаа ва иқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга ташкилотлар фуқаро муҳофазаси тузилмаларини ташкил этади. Бу тузилмаларга айрим истисноларни ҳисобга олган ҳолда 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар ҳамда 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган аёллар жалб этилади.
Қонунда ташкилотлар фуқаро муҳофазаси тадбирларини режалаштириши ва амалга ошириши, фуқаролар эса бу тадбирларда иштирок этиши ва тегишли тайёргарликдан ўтиши шартлиги белгиланган.
Демак, фуқаро муҳофазаси тузилмаларига бириктирилган шахсларни ягона тизимда ҳисобга олиш ва уларнинг бир вақтнинг ўзида бир неча вазифага жалб этилишига йўл қўймаслик масаласи Ўзбекистон учун долзарб ҳисобланади.
Умумий йўналиш сифатида, фуқаро муҳофазаси тузилмаларига бириктирилган шахслар ҳақидаги маълумотларни мудофаа ишлари бўйича органлар маълумотлари билан уйғунлаштирувчи ягона электрон ҳисоб тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Муқобил йўналиш сифатида, Марказий банк, тўлов тизимлари операторлари ва ҳаётий муҳим хизматлар кўрсатувчи бошқа ташкилотлар учун фавқулодда вазиятларда фаолиятни узлуксиз давом эттириш режалари ва ходимлар захирасига эга бўлиш талабини белгилаш мумкин.


















