Боку форуми: парламентлараро ҳамкорлик келишувлар ижроси ва назорати босқичига ўтмоқда
МУНОСАБАТ

Гулбаҳор САИДОВА
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими
2026 йил 25 ва 26 ноябрь кунлари Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси Озарбайжонда бўлди. Ташриф доирасида Боку шаҳрида “Озарбайжон-Ўзбекистон абадий дўстлик ва иттифоқчилик муносабатларининг парламент ўлчови: ҳамкорлик йўналишлари ва келажак истиқболлари” мавзусида Иккинчи Озарбайжон-Ўзбекистон парламентлараро форуми ўтказилди. Форумда 2027-2028 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” имзоланди, Боку декларацияси қабул қилинди, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Форум давлатларимиз раҳбарлари даражасидаги муҳим келишувлардан кейин ўтказилгани билан эътиборли. Шу йил августда Тошкентда Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланган эди. Милли Мажлис Раиси Соҳиба Ғафарова форумда бу ҳужжат иттифоқчилик муносабатлари ривожида янги босқични бошлаб берганини, Милли Мажлис уни 3 ноябрда маъқуллаганини ва Президент Илҳом Алиев 17 ноябрда тегишли қонунни имзолаганини қайд этди. Т.Норбоева эса Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномада парламент дипломатиясига алоҳида модда бағишланганига эътибор қаратди. Бу парламентлараро ҳамкорлик шартномавий асосга эга эканини кўрсатади.
Менинг назаримда, форумнинг асосий натижаси парламентлараро мулоқотнинг доимий механизмларга эга бўлганидир. Т.Норбоева таъкидлаганидек, “Хивада биз ушбу мулоқот майдонини бошлаб берган эдик. Бокуда эса яқин икки йилга мўлжалланган иш йўналишларини белгилаб олдик”. Форумда 2025-2026 йилларга мўлжалланган аввалги “Йўл харитаси” муваффақиятли бажарилгани қайд этилди. Янги ҳужжат қонун ижодкорлиги, парламент дипломатияси ва бошқа устувор йўналишларда тажриба алмашишни кўзда тутади. Парламентлараро комиссиянинг иш бошлагани эса ҳамкорликни йилда бир марта ўтадиган тадбирлар билан чекланиб қолмасликка хизмат қилади.
Форумда асосий эътибор келишувлар ижросига қаратилди. Т.Норбоева кейинги икки йилда қўшма ишни тўрт йўналишга қаратишни таклиф қилди Улар, икки томонлама келишувлар ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш, парламентлараро мулоқотда икки мамлакат ҳудудлари иштирокини фаоллаштириш, халқаро парламент майдонларида ўзаро фаолиятни мувофиқлаштириш, университетлар, илмий-тадқиқот ва маданий муассасалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишдан иборат. Биринчи панель сессиясида ҳам битимларни биргаликда баҳолаш, уларнинг натижаларини таҳлил қилиб, камчиликларни аниқлаш муҳимлиги таъкидланди. Сенат Раиси айтганидек, Президентларимиз томонидан пойдевори қўйилган иттифоқчилик муносабатлари одамлар унинг амалий натижаларини ўз ҳаётларида ҳис қилганларида янада мустаҳкамланади. Парламент назорати айнан шу натижаларни баҳолаш воситасидир.
Иқтисодий ҳамкорликдаги рақамлар ҳам парламентлар эътиборини талаб қилади. Форумда келтирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 470 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, Озарбайжонда эса Ўзбекистон инвестициялари иштирокидаги 130 дан зиёд компания рўйхатга олинган. Томонларнинг мақсади 2030 йилга бориб ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишдир. Иккинчи панель сессиясида тадбиркорлар билан ҳар олти ойда учрашиб, маҳсулот етказишдаги тўсиқларни муҳокама қилиш, ишни ветеринария ва фитосанитария талабларини уйғунлаштиришдан бошлаш таклиф этилди. Бу таклиф тармоқ қўмиталари фаолиятига аниқ йўналиш беради.
Гуманитар соҳада ҳам амалий қадамлар белгиланди. 29 ноябрда Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунлари ўтказилади. Бокуда “Ўзбекистон” боғи қурилишига тамал тоши қўйилди. Учинчи панель сессиясида ҳудудларда маданият кунларини ўтказиш ва Буюк Ипак йўли бўйлаб умумий сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш таклиф қилинди. 26 ноябрь куни делегация Озарбайжон Миллий фанлар академиясида бўлди. Академия президенти Исо Ҳабиббейли икки мамлакат фанлар академиялари ўртасидаги ҳамкорлик янгиланаётганини маълум қилди. Меҳмонларга академия нашр этган уч жилдлик “Девону луғотит турк” китоби ҳам кўрсатилди.
❝ Боку форумидан кейинги асосий вазифа “Йўл харитаси” ва Боку декларациясида белгиланган ишларни Парламентлараро комиссия ва тармоқ қўмиталари орқали изчил амалга оширишдан иборат. ❞
Гулбаҳор САИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими


















