Қизил Ярим ой жамиятининг мақоми тўғрисидаги қонун қабул қилинди

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Туркия Буюк Миллат Мажлисининг ялпи мажлисида “Туркия Қизил Ярим ой жамияти тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Қонун билан жамият Женева конвенциялари ҳамда Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой ҳаракатининг асосий тамойиллари асосида мамлакат ичида ва хорижда фаолият юритувчи халқаро инсонпарварлик ташкилоти сифатида белгиланди. Унинг номи, байроғи ва тимсоли ҳимоя қилинади. Жамият хорижий миллий жамиятлар ҳамда Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой халқаро тузилмаларидан келадиган инсонпарварлик ёрдамини қабул қилувчи ягона ваколатли ташкилот ҳисобланади.
Жамиятнинг тамойиллари, тузилмаси, аъзолик тартиби ва органлари ваколатлари Туркия Президенти томонидан тасдиқланадиган устав билан белгиланади. Офатлар ва фавқулодда вазиятлар пайтида жамиятдан ёки капиталининг ярмидан кўпи унга тегишли бўлган компаниялардан биринчи ёрдам хизматлари, офат логистикаси ва вақтинчалик бошпана маҳсулотларини давлат харидлари тўғрисидаги қонун талабларидан ташқари харид қилиш мумкин бўлади.
Давлат органлари жамиятга транспорт воситаларидан ташқари кўчар мол-мулкни бериши, машина ва ускуналарни эса бепул топшириши мумкин. Ёрдам такрорланишининг олдини олиш учун Оила ва ижтимоий хизматлар вазирлигидаги ижтимоий ёрдам маълумотлари протокол асосида жамият билан алмашилиши мумкин. Давлат тиббиёт муассасаларига етказиб берилган қон компонентлари учун тўловлар Ижтимоий таъминот институти томонидан бевосита жамиятга ўтказилади.
Шунингдек, фавқулодда вазиятлар, офатлар, уруш ва қуролли можаролар пайтида далада бевосита ишлаётган ходимларга пул компенсацияси тўланиши мумкин. Жамият илмий ва тиббий асбоб-ускуналар импортида божхона божларидан озод қилинади. Бундай товарларни 5 йил давомида божхона органи рухсатисиз бошқа шахсга бериш ёки бошқа мақсадда фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Мамлакатимизда Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти фаолиятининг ҳуқуқий асослари Президентнинг 1992 йил 28 майдаги ПФ–411-сонли “Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти тўғрисида”ги Фармонида белгиланган. Унга кўра жамият инсонпарварлик соҳасида давлатга ихтиёрий ёрдам кўрсатади, давлат эса унинг ҳуқуқ ва ваколатларини кафолатлайди.
2004 йил 29 апрелдаги 615-II-сонли “Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун эса тимсоллар, фарқловчи сигналлар ҳамда “Қизил Ярим ой” ва “Қизил Хоч” номларидан фойдаланиш ва уларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Демак, жамият фаолиятининг асослари 30 йилдан ортиқ вақт аввал қабул қилинган Фармон билан белгиланганлигини инобатга олиб, унинг мақоми, ваколатлари ва имтиёзларини қонун даражасида мустаҳкамлаш масаласи долзарб ҳисобланади.
Умумий йўналиш сифатида, Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг мақоми, вазифалари, давлат органлари билан ҳамкорлиги ва имтиёзларини белгиловчи алоҳида қонун қабул қилиш мақсадга мувофиқ.
Муқобил йўналиш сифатида, ижтимоий ёрдамнинг такрорланишига йўл қўймаслик мақсадида жамиятга шахсга доир маълумотлар ҳимоясини таъминлаган ҳолда ижтимоий ҳимоя соҳасидаги давлат ахборот тизимлари маълумотларидан фойдаланиш имконини бериш мумкин.

















