Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги янги қонун талаблари тушунтирилди

ИНСТИТУТ ЯНГИЛИКЛАРИ
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида қонун устуворлигини таъминлаш, коррупция ва жиноятчиликка қарши муросасиз курашиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. 2026 йил 22 июнда Президентимиз томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун бу борадаги муҳим қадам бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти зиммасига юклатилган қонунчиликдаги янгиликларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш вазифаси доирасида яқинда «ЎзЛИТИнефтгаз» акциядорлик жамиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликнинг сўнгги ўзгаришларига бағишланган семинар ташкил этилди.
Семинарда Институтнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги тадқиқотлар бўлими бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Дмитрий Рахманов иштирокчиларга Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан коррупциянинг олдини олиш, давлат бошқарувида очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.
Маъруза давомида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, давлат органлари ва ташкилотларида ички антикоррупция назоратини такомиллаштириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берган шахсларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича жорий этилган янги механизмлар атрофлича тушунтирилди.
Таъкидлаш жоизки, Қонунга мувофиқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги идоралар, ҳудудлар ва тармоқлар кесимида коррупциявий хавф-хатарлар харитасини шакллантиради. Давлат органлари, ташкилотлари ва давлат корхоналаридаги комплаенс-назорат ҳамда ички антикоррупция назорати бўлинмаларининг ваколатлари, ходимлари хавфсизлиги кафолатлари қонун даражасида белгиланди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар коррупцияга қарши курашиш кенгашларининг мақоми ҳам илк бор қонунда мустаҳкамланди. Давлат харидларида бошланғич нарх ва ўртача бозор нархи ўртасидаги йўл қўйиладиган фарқ талабини бузган мансабдор шахсларга маъмурий жарима жорий этилди.
Шунингдек, коррупцияга оид жиноятларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, коррупцияга оид жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестрини юритиш ва рақамли технологиялар орқали коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Маълумот учун, Қонунга мувофиқ Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятларнинг 18 тури белгиланди, уларнинг беш тури бўйича жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилмайди. Реестрга киритилган шахслар давлат хизматига қабул қилинмайди, сайланадиган лавозимларга номзод этиб кўрсатилмайди, улар устав капиталининг 50 фоиздан ортиғига эгалик қиладиган корхоналар эса давлат харидлари ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок эта олмайди.
Семинарнинг муҳим жиҳатларидан бири хорижий тажриба таҳлили бўлди. Хусусан, Франция, Жанубий Корея, Буюк Британия ва Румынияда коррупциянинг олдини олиш, мансабдор шахслар фаолиятида ҳалоллик стандартларини таъминлаш, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ҳамда ички назорат механизмларини ривожлантиришга оид ҳуқуқий ёндашувлар қиёсий таҳлил қилинди.
Қонунчиликдаги янгиликларнинг амалий аҳамияти давлат харидлари, хизмат ваколатларидан фойдаланиш ва манфаатлар тўқнашувига доир ҳаётий мисоллар орқали очиб берилди.
💬 Мазкур семинар қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган янги ҳуқуқий механизмлар ва илғор хорижий тажриба ҳақида иштирокчиларнинг хабардорлигини ошириш, шунингдек, уларнинг кундалик фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалалари бўйича билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
📸 ФОТОЛАВҲА
























