СУВ, ОРОЛ ВА ЭКОЛОГИК ҲАМКОРЛИК — МАРКАЗИЙ ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ УМУМИЙ МАСЪУЛИЯТИ
2026 йил 8 октябрда Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзлаган нутқи минтақавий ҳамкорликнинг муҳим йўналишини яна бир бор намоён этди. Сув ресурслари, иқлим ўзгариши ва экологик хавфсизлик масалалари минтақа тараққиётининг умумий кун тартибида алоҳида ўрин тутади.
Сув тақчиллиги, Оролбўйидаги экологик муаммолар ва шаҳарларда ҳавонинг ифлосланиши иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, энергетика ҳамда аҳоли саломатлигига бевосита таъсир кўрсатади. Бир мамлакатда табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича қабул қилинган қарор қўшни давлатларда ҳам сезиларли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис ушбу муаммоларни алоҳида чоралар билан чекламай, давлатларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари асосида ҳал этиш муҳимдир.
Сув хавфсизлиги: тежамкорлик ва ҳисобдорлик
Нутқда сув ресурсларига доир масала уларнинг мавжуд ҳажми билан бир қаторда, фойдаланиш самарадорлиги нуқтаи назаридан ҳам баҳоланиши зарурлигига урғу берилди. Президентимизнинг сувнинг катта миқдорда йўқотилаётгани ҳақидаги фикри сув хўжалигида амалий ўзгаришларни жадаллаштириш лозимлигини кўрсатади. Устувор вазифалар қаторига сувни ташиш ва тақсимлашдаги йўқотишларни камайтириш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш, рақамли мониторингни ривожлантириш ҳамда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш киради.
Шу нуқтаи назардан, 2026–2036 йилларга мўлжалланган Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича Амалий ҳаракатлар ўн йиллиги ташаббуси алоҳида аҳамият касб этади. Унинг самараси умумий баёнотлар билан чекланмай, давлатлар келишадиган амалий лойиҳалар, ўзаро ахборот алмашинуви, аниқ вазифалар ва ўлчанадиган натижалар орқали намоён бўлиши лозим. Бундай ёндашув сув ресурсларини ҳисобга олиш ва бошқариш сифатини оширишга, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилади
Оролбўйи: минтақавий масъулият ва амалий лойиҳалар
Президентимиз нутқида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистоннинг 2027–2029 йилларда Жамғармага раислик қилиши мамлакатимиз зиммасига муҳим масъулият юклайди ва минтақавий экологик ҳамкорликни фаоллаштириш учун имконият яратади.
Орол фожиасининг экологик, иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари бутун Марказий Осиё барқарорлигига дахлдор. Шу сабабли сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш ва биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича давлатлар саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш муҳим. Жамғармага раислик даврида устувор лойиҳаларни аниқ белгилаш, халқаро молиявий институтлар ва технологик ҳамкорларни жалб қилиш, маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда натижаларни очиқ баҳолаш механизмларини кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Оролбўйидаги экологик тикланиш аҳоли саломатлиги, бандлиги ва турмуш шароитларини яхшилаш чоралари билан уйғунлаштирилиши керак. Шунинг учун лойиҳалар самарадорлигини табиий муҳитдаги ўзгаришлар билан бирга, уларнинг маҳаллий аҳоли фаровонлигига таъсири асосида ҳам баҳолаш зарур.
Тоза ҳаво: ташаббусни натижага айлантириш
Нутқда Марказий Осиё шаҳарларида ҳавонинг ифлосланиши ҳам долзарб экологик муаммо сифатида кўтарилди. Ўзбекистон томонидан илгари сурилган “Марказий Осиё тоза ҳавоси” халқаро консорциумини аниқ амалий лойиҳадан бошлаш таклифи экологик ҳамкорликни натижага йўналтириш учун муҳим имкониятдир.
Консорциумнинг амалий фаолиятини йўлга қўйиш учун биринчи босқичда ҳаво ифлосланиши юқори бўлган ҳудудлар ва асосий ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш, мониторинг маълумотларини мувофиқлаштириш, саноат корхоналари ҳамда транспортдан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш бўйича қўшма чораларни белгилаш мумкин. Ҳар бир лойиҳа учун мақсадли кўрсаткичлар ва натижаларни баҳолаш тартиби аниқ белгиланса, консорциум фаолиятининг самарадорлиги ҳамда жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги ортади.
Афғонистон билан мулоқот — сув хавфсизлигининг муҳим бўғини
Президентимизнинг Афғонистон билан сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича мунтазам ва мазмунли мулоқот ўрнатиш зарурлиги ҳақидаги таклифи стратегик аҳамиятга эга. Сув билан боғлиқ масалаларни кенг минтақавий ҳамкорлик доирасида муҳокама қилиш, мавжуд манфаатларни ҳисобга олиш ва ўзаро мақбул ечимларни излаш эҳтимолий хавфларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Бундай мулоқотнинг самарали бўлиши учун маълумот алмашинуви, техник маслаҳатлашувлар ва сувдан фойдаланишнинг қуйи оқимдаги давлатларга таъсирини ҳисобга олиш муҳим. Минтақадаги барча давлатларнинг манфаатларини инобатга оладиган ҳамкорлик механизмлари сув хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли барқарорликни таъминлашга ёрдам беради.
Умумий масъулиятдан амалий натижага
Маслаҳат учрашувида илгари сурилган ташаббуслар Марказий Осиёда экологик хавфсизликни савдо, транспорт ва энергетика билан бир қаторда минтақавий ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисми сифатида қараш зарурлигини кўрсатади. Сувдан тежамкор фойдаланиш, Оролбўйини тиклаш, ҳаво сифатини яхшилаш ва Афғонистон билан мазмунли мулоқотни йўлга қўйиш ўзаро боғлиқ вазифалар бўлиб, уларни мувофиқлаштирилган ёндашув асосида амалга ошириш талаб этилади.
Бу ташаббусларнинг самараси, аввало, сув йўқотишларининг камайиши, экологик лойиҳаларнинг натижалари, ҳаво сифатидаги ижобий ўзгаришлар ва давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши билан баҳоланади.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз илгари сураётган ёндашувнинг стратегик моҳияти умумий табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва масъулиятни мустаҳкамлаш, экологик муаммоларни биргаликда ҳал этиш ҳамда келажак авлодлар учун хавфсиз ва барқарор минтақани барпо этишда намоён бўлади.
Йўлдош ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими,
юридик фанлар доктори



















