Қозоғистон Республикасининг янги Конституцияси лойиҳаси эълон қилинди

Бугунги кунда Янги Марказий Осиё минтақасида давлат бошқарувини модернизация қилиш ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёни янги босқичга чиқмоқда.
Бу борада қўшни Қозоғистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ҳам алоҳида ўрин тутмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг бошида Қозоғистон Республикасининг янги Конституция лойиҳаси кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Мазкур лойиҳанинг энг эътиборли жиҳати шундаки, у кўплаб йўналишларда Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси билан ҳамоҳанглик касб этмоқда, бу эса ўз навбатида минтақавий ҳуқуқий интеграция учун янада қулай замин яратади десак хато бўлмайди.
Сабаби, Конституция устуворлиги ва унинг тўғридан-тўғри амал қилиши тамойили ҳар икки ҳужжатда деярли бир хил ифодаланган. Давлат суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий республика деб эълон қилинган. Шунингдек, халқ давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканлиги таъкидланади.
Шу билан бирга, ҳар иккала ҳужжатда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари давлатнинг олий қадрияти сифатида алоҳида қайд этилган. Айбсизлик презумпцияси, қийноқлар ва шафқатсиз муомалани тақиқлаш, қонун олдида тенглик ва экологик ҳуқуқлар ҳам ҳамоҳанг.
Замонавий даврда инсон ҳуқуқлари нафақат жисмоний, балки рақамли маконда ҳам ҳимояланиши шарт. Лойиҳада рақамли воқелик ҳам конституциявий кафолатларнинг бир қисми сифатида белгиланган. Бу шахсий маълумотлар дахлсизлиги, интернетдан фойдаланиш эркинлиги каби янги авлод ҳуқуқларининг конституциявий даражада тан олинишини англатади.
Бундан ташқари, Қозоғистон Конституцияси лойиҳаси ҳокимият тузилмасида бир палатали Қурултойни олий қонун чиқарувчи орган сифатида ҳамда Қозоғистон Халқ Кенгашини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган маслаҳат органи сифатида жорий этишни кўзда тутмоқда. Фикримизча, бу ҳокимият ва жамият ўртасидаги мулоқотни кучайтириш борасидаги қизиқарли тажриба бўлиб, қўшни давлатлар учун ҳам намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий қонуншунослик
соҳасида тадқиқотлар бўлими бошлиғи
Тухлибоев Амирулло Райимжон ўғли




















