Рақамли маҳалла ва молиявий мустақиллик: маҳаллани ривожлантиришнинг янги босқичи

Маҳалла инфратузилмасини ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий асослари
Яқинда эълон қилинган 2026 йилга мўлжалланган Давлат дастурида маҳалла инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш бўйича устувор ислоҳотлар дастури тасдиқланди. Ушбу дастур маҳалла соҳасидаги қонунчиликка бир қатор янги ҳуқуқий механизмларни жорий этишни назарда тутади.
Биринчидан, маҳаллаларга молиявий мустақиллик берилмоқда. Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси маблағларини шакллантиришнинг янги манбалари белгиланмоқда. Жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг 15 фоизи ҳамда маҳалла ҳудудида санитария ва ноқонуний қурилиш бўйича ундириладиган жарималарнинг 10 фоизи ушбу жамғармага йўналтирилади. Бу маҳалла бюджетлари тўғрисидаги қонунчиликка туб ўзгартиришлар киритилишини англатади. Мазкур тартиб йилига қўшимча 300 миллиард сўм маблағ тушишини таъминлайди.
Иккинчидан, маҳалла раисларининг маблағлар сарфи бўйича ҳар чоракда оммага очиқ ҳисобот бериши амалиёти жорий этилмоқда. Бу жамоатчилик назоратини мустаҳкамлашга, маҳаллада шаффофликни таъминлашга ва коррупциянинг олдини олишга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.
Учинчидан, «Маҳалла еттилиги» фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича жиддий қадамлар белгиланмоқда. Эксперимент тариқасида 500 та маҳаллада «маҳалла еттилиги» вакилларини ўз маҳалласидан тайинлаш амалиёти жорий этилади. Уларга ўз фаолияти билан боғлиқ бўлмаган вазифаларни юклаш қатъий тақиқланади. Бу маҳалла қонунчилигида вакиллар мақомини ҳимоя қилувчи муҳим кафолат ҳисобланади.
«Рақамли маҳалла» ва фуқаролар иштироки
Дастурнинг энг муҳим янгиликларидан бири — аҳоли муаммоларини «хонадонбай» ўрганиш тизимини жорий этишдир. «Маҳалла еттилиги» вакиллари ҳар бир хонадон кесимида муаммоларни режа-графикка асосан ўрганиб, аниқланган муаммоларни «Рақамли маҳалла» электрон платформасига киритади. Сунъий интеллект технологиялари орқали муаммолар тегишли вазирлик ва идораларга тақсимланади. Ушбу тизим 100 дан зиёд давлат органларининг аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги тўғридан-тўғри иштирокини таъминлайди.
Алоҳида аҳамиятга молик жиҳат шуки, «Маҳаллам — лойиҳам» дастури доирасида фуқаролар ўз маҳалласидаги ижтимоий, иқтисодий ёки экологик йўналишдаги масалаларни овоз бериш орқали ҳал этиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу иштирокчи демократиянинг энг замонавий кўринишидир. «Рақамли маҳалла» платформаси орқали фуқаролар нафақат муаммони, балки унинг ечимини ҳам ташаббус қилиши мумкин.
Давлат дастурида маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш учун 20 триллион сўм маблағ йўналтириш белгиланган. Маҳалла ҳудудларида ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил этиш учун жами 5 триллион сўм кредит маблағлари ажратилади. Натижада 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари ишга туширилиб, маҳаллаларда қўшимча 100 мингта янги иш ўрни яратилади.
Маҳалла ходимлари фаолиятини илмий асосда ташкил этиш учун Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилмоқда. Бу институтда «Маҳалла бошқаруви», «Ҳудудий режалаштириш ва ривожланиш», «Лидерлик ва барқарор ривожланиш» каби йўналишларда магистратура босқичида ўқитиш тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, 20 мингга яқин маҳалла тизими ходимлари ва «маҳалла еттилиги» вакиллари малакасини ошириш тизими жорий этилади.
«Жамиятдаги фаолликни рағбатлантириш» лойиҳаси доирасида маҳаллада фаол бўлган фуқароларга давлат хизматларидан фойдаланишда чегирмалар, олий таълим ташкилотларида тўловларнинг бир қисмини қоплаб бериш каби рағбатлантириш чоралари белгиланмоқда. Бу «Time banking» тизими асосида жамиятда фуқаролик жавобгарлигини шакллантиришнинг инновацион ёндашуви ҳисобланади.




















