“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янада самарали ташкил этиш Ҳукуматнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланмоқда




Жорий йилнинг 12 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонунга янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда белгиланган нормалардан келиб чиқиб тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Ҳукуматнинг иқтисодиёт, бюджет, молия ва солиқ, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда ижтимоий соҳалардаги ваколатлари янада такомиллаштирилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини мувофиқлаштириши, табиий ресурслар, хусусан ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захираларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича фаолиятни ташкил этиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳа билан атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш, Оролбўйи минтақасининг экологик мувозанатини таъминлаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўриш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янада самарали ташкил этиш Ҳукуматнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланмоқда.
Йиғилишда депутатлар томонидан қонун лойиҳаси Ўзбекистон Экологик партиясининг дастурий мақсад ва вазифаларида кўзда тутилган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатдан оқилона фойдаланиш ва қулай яшаш шароити яратиш, экологик муаммоларни яхлит ҳолда ҳал этишга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш каби устувор йўналишларга тўла мос эканлиги қайд этилди.
Қизғин муҳокамалар якунида қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди ҳамда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.



















