Қонунчилик палатаси фаолияти: Янги қонун лойиҳалари
1. Жорий йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонун лойиҳаси киритилди.
Унга кўра, тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ва мулкни хатлаш тарзидаги процессуал ҳаракатларни ўтказишга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш назарда тутилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси бўйича масъул этиб Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси белгиланди.
Айни пайтда масъул қўмита томонидан қонун лойиҳасини биринчи ўқишда киритиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари муҳокамасига олис ҳудудларда Интернет ва алоқа қамровини ошириш учун шароитларни янада кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси тақдим этилди.
Лойиҳа Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда.
Лойиҳа кўчма радиотелефон алоқа соҳасида кўрсатиш мумкин бўлган фаолият турлари доирасини кенгайтириш, маҳаллий йўлдош алоқа тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва хизматларини кўрсатиш учун мавжуд давлат божларини камайтириш орқали олис ва чекка ҳудудларда юқори тезликдаги Интернет ҳамда алоқа қамровини таъминлаш, маҳаллий йўлдош алоқанинг ривожланиши, тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча шароитлар яратиш, шунингдек, бу йўналишда фаолият кўрсатувчи етакчи хорижий компанияларни жалб қилиш имкониятларини кенгайтиришни кўзда тутади.
3. Электрон далиллар билан ишлаш тизимининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамланмоқда. Миллий қонунчилик таҳлилларига кўра, бугунги кунда процессуал қонунчилик ҳужжатларида электрон далиллар тушунчаси, ундан фойдаланиш тартиби ва шу билан боғлиқ масалалар назарда тутилмаган.
Электрон далилларга қандай маълумотлар киритилиши қонунчиликда белгиланмаган бўлса-да, амалиётда электрон далиллар қаторига кирувчи маълумотлардан фойдаланиб келинган (график тасвирлар, аудио-, видеоёзувлар, Интернетдаги маълумотлардан).
Процессуал кодексларни такомиллаштириш ва суд амалиётидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги, “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунларига, шунингдек Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга электрон (рақамли) далил тушунчаси, электрон далилларни аниқлаш, тўплаш, тақдим қилиш, текшириш, баҳо бериш, қайд этиш, сақлаш тартиблари ва бу жараёнда процесс иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш билан боғлиқ тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
4. Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида маъмурий судларга шикоят қилиш тартибини янада соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишга тайёрланмоқда.
Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган. Лойиҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан маъмурий судларга шикоят қилиш тартибини соддалаштириш, бунда маъмурий судларга шикоят қилишда фуқаролардан давлат божини олдиндан ундирмасдан, давлат божини ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича айбдор тарафдан ундириш тартиби назарда тутилмоқда.
Таклиф этилаётган қўшимчалар фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган суд орқали ҳимоя қилиниш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада кучайтиришга, шунингдек фуқаролар эътирозларининг олдини олишга хизмат қилади.
5. Жорий йилнинг 16 октябрь куни Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси киритилди.
Мазкур лойиҳа юзасидан Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси масъул этиб белгиланди.
Қонун лойиҳаси 7 та боб ва 44 та моддадан иборат бўлиб, унда Болалар омбудсманини сайлаш тартиби, унинг асосий вазифалари, Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида Болалар омбудсманининг йиллик маърузасини эшитиш тартиби, у томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари, шунингдек Болалар омбудсманининг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги каби масалалар кўзда тутилмоқда.




















