Аралаш сайлов тизими ҳақида олимларнинг фикри қандай?


Маълумки Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 6 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сиёсий партия фраксиялари раҳбарлари билан учрашувда жамиятда сиёсий партияларнинг ролини ошириш мақсадида аралаш сайлов тизимига ўтишни таклиф қилган эди. Ушбу таклиф асосида янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, мавжуд 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, лойиҳага кўра парламент сайловини мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказиш тартиби, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш ҳамда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Экспертларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бир вақтнинг ўзида ҳам сиёсий партияларнинг ролини, ҳам фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошишига замин яратади. Хусусан, сиёсий партиялар асосий эътиборни сайловолди дастурига ва сайловчиларни ўйлантираётган масалалар ечимига қаратади. Шунингдек, сайлов тизимида мутлақ кўпчилик эмас, нисбий кўпчилик овоз олган номзод депутатликка сайланади. Натижада қайта сайловлар ўтказилиши, сайлов қоидаларини бузиш ҳолатлари кескин камаяди. Эътиборли жиҳати, лойиҳада партиянинг номзодлар рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар учта номзоднинг бир нафари аёл киши бўлиши назарда тутилмоқда. Бу эса хотин-қизларни ўз салоҳиятларини рўёбга чиқаришига имкон беради.
Давра суҳбати иштирокчилари қонун лойиҳаси юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, лойиҳа қабул қилинган тақдирда янги сайлов тизими ҳақида сайловчиларни янада хабардор қилиш учун тарқатма материаллар тайёрлаш, ОАВларда янги тизим мазмунини ёритишга қаратилган кўрсатувларни эфирга узатиш лозимлиги бўйича таклифлар билдирилди.



















