ТАЪЛИМДАГИ УЗВИЙЛИК — ТАРАҚҚИЁТ КАФОЛАТИ
Ҳар бир ота-она фарзандининг яхши таълим олиши, муносиб касб эгаллаши ва ҳаётда ўз ўрнини топишини истайди. Бу орзунинг рўёби боғчадаги тарбия, мактабдаги билим, касбий тайёргарлик ва олий таълимнинг бир-бирини қай даражада тўлдиришига боғлиқ. Зеро, инсоннинг камол топиши яхлит жараён. Таълимни бошқариш ҳам ана шу яхлитликка хизмат қилиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ–213-сон Фармони шу жиҳатдан мамлакатимиз келажаги учун муҳим аҳамиятга эга. Унда инсон капиталини ривожлантириш, таълимнинг барча турлари ўртасида узвийликни таъминлаш, олий таълимни илм-фан билан яқинлаштириш ҳамда жамоатчилик олдидаги ҳисобдорликни ошириш устувор мақсад сифатида белгиланган.
Фармонга мувофиқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги негизида Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилмоқда. Янги вазирлик мактабгача таълимдан олий таълимдан кейинги босқичгача, кадрларни қайта тайёрлашдан қўшимча ва норасмий таълимгача бўлган соҳаларда ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Бундай ёндашув таълим олувчининг бутун ривожланиш йўлини умумий мақсад асосида мувофиқлаштириш имконини беради.
Боғчада шаклланган кўникма мактабда ривожлантирилиши, мактабдаги билим касб танлашга замин яратиши, олий таълимдаги тайёргарлик эса илмий изланиш ва меҳнат фаолиятида давом этиши лозим. Босқичлар ўртасидаги талаб ва дастурлар етарлича мувофиқлашмаса, ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам қўшимча қийинчиликка дуч келади. Ягона бошқарув ана шу туташ нуқталардаги масалаларни биргаликда ҳал этиш учун ташкилий асос яратади.
Масалан, мактабда табиий фанларга қизиққан ўқувчининг қобилиятини эрта аниқлаш, уни тегишли касбий таълим ёки университет дастурига йўналтириш, кейинчалик илмий лабораторияда изланиш олиб боришига кўмаклашиш мумкин. Бунинг учун таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлиги, дастурларнинг давомийлиги ва иқтидорни қўллаб-қувватлаш чоралари бир-бирига уйғун бўлиши зарур. Фармон шу каби имкониятларни тизимли йўлга қўйишга хизмат қилиши билан қимматлидир.
Масаланинг халқаро тажриба билан ҳамоҳанг жиҳатлари ҳам бор. ЮНЕСКОнинг умр давомида таълим олишга оид қўлланмасида яхлит сиёсат, таълим босқичлари ва масъул ташкилотлар ҳамкорлиги, қарорларни далиллар асосида қабул қилиш ҳамда жамоатчилик иштирокига алоҳида урғу берилган. Бу ёндашувлар фармонда белгиланган узвийлик ва ҳисобдорлик мақсадлари билан мазмунан муштарак. Энди вазифа — уларни миллий шароитимизга мос, аниқ ишлайдиган механизмларга айлантириш.
Таълим ва илм-фаннинг яқинлашуви ҳам алоҳида эътиборга молик. Университетдаги илмий изланиш ўқув дастурини бойитса, амалиётдаги муаммо тадқиқот мавзусига айланса, билимнинг қадри янада ортади. Талаба тайёр маълумотни ўзлаштириш билан бирга савол қўйиш, далил излаш, таҳлил қилиш ва мустақил ечим топишни ўрганади. Бугун иқтисодиётимизга, давлат бошқарувига, ижтимоий соҳаларга айнан шундай фикрлайдиган мутахассислар керак.
Таълим тизисидаги ислоҳотнинг мактиа синфидаги ва аудиториядаги асосий таянчи — ўқитувчи. Шу боис янги тизимнинг имкониятлари педагог тайёрлаш, унинг малакасини ошириш ва замонавий методик ёрдамни кучайтиришда намоён бўлиши муҳим. Мактабдаги ҳақиқий эҳтиёж педагогика олий таълимидаги тайёргарликка таъсир кўрсатиши, университет олимларининг изланишлари эса ўқитувчининг кундалик ишига ёрдам бериши керак. Бу икки томонлама алоқа мустаҳкамланса, ислоҳотнинг самарасини энг аввало бола ҳис қилади.
Фармонда кадрларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, қўшимча ва норасмий таълим қамраб олингани ҳам узоқни кўзлаган ёндашувдир. Технологиялар ва касбларга қўйиладиган талаблар ўзгараётган шароитда инсон учун билимни янгилаб бориш имконияти зарур. Янги касб ўрганишни истаган фуқаро, иш услубини такомиллаштираётган педагог ёки замонавий технологияни ўзлаштираётган мутахассис ҳам узлуксиз таълимнинг фаол иштирокчисидир.
Яна бир муҳим масала — таълим имкониятларининг ҳудудлар бўйича мутаносиблиги. Ягона сиёсат доирасида педагогларга эҳтиёжни, ўқув ресурслари ва инфратузилма ҳолатини ўзаро боғлиқ ҳолда таҳлил қилиш мумкин. Бу чекка ҳудуддаги боланинг ҳам қобилиятини намоён этиши, зарур билим ва касбни эгаллашига кўмаклашувчи қарорлар қабул қилиш учун муҳим.
Айниқса, жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш мақсади қўллаб-қувватлашга муносиб. Ота-она таълим сифатидаги ўзгаришни, ўқитувчи касбий ривожланиш имкониятини, жамият эса сарфланаётган маблағнинг самарасини кўра олиши керак. Шу мақсадда ўқувчиларнинг билим ва кўникмалари, битирувчиларнинг касбий тайёргарлиги, илмий натижаларнинг амалиётда қўлланилиши каби мезонлар бўйича очиқ муҳокамаларни йўлга қўйиш фойдали бўлади. Парламент ва жамоатчилик назорати ҳам бу жараёнда амалий натижага эътибор қаратиши муҳим.
Фармонда янги вазирлик фаолиятини натижадорлик ва самарали бошқарув тамойиллари асосида ташкил этиш белгиланган. Бу вазифанинг ҳаётга татбиқи ваколатларни аниқ тақсимлаш, таълим муассасаларининг ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва педагоглар фикрини эшитишни тақозо этади. Ана шунда ягона сиёсат ҳар бир босқичнинг ўзига хос эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Мазкур фармон замирида фарзандларимиз келажагига дахлдор катта мақсад мужассам. Боғчада уйғонган қизиқиш мактабда билимга, олийгоҳда касбий маҳоратга, илм-фанда янгиликка айланиши учун узлуксиз имконият яратиш зарур. Таълим ва илм-фаннинг ҳамжиҳат ривожи ана шу мақсадга эришишга, юртимизнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Тошпулатов Акром Икромович,
Парламент тадқиқотлари институти директори




















