Парламент тадқиқотлари институти ҳузуридаги илмий-эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди




Жорий йилнинг 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти Илмий-эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда кун тартибидаги биринчи масала – Институт томонидан ишлаб чиқилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари учун амалий қўлланма лойиҳаси муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бу йилги сайлов айнан “нисбий кўпчилик овоз” принципи асосида ўтказилади, бунда нисбатан кўпроқ овоз олган номзод сайланган ҳисобланади. Бу эса, қайта сайлов ўтказилмаслигини ва сайлов натижалари расман эълон қилинган куннинг эртасидаёқ депутатлар ўз иш фаолиятини бошлаши мумкинлигини англатади.
Депутатлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқилган амалий қўлланма лойиҳаси имкон қадар содда ва тушунарли тарзда, қонун нормаларига асосланган ҳолда тайёрланганлиги, расм, инфографика шакллар, визуал кўрсаткичлардан кенг фойдаланилганлиги, батафсил маълумот учун QR-код берилганлиги қайд этилди.
Қўлланмада Қонунчилик палатасида қонун лойиҳасининг ҳаракатланишига оид барча жараёнлар қадам-бақадам схематик шаклда кўрсатиб берилган. Лойиҳани тайёрлашда Германия, Латвия, Россия, Қозоғистон каби давлатларнинг тажрибаси ўрганилганлиги эътироф этилди.
Шунингдек, йиғилишда Институт бўлим бошлиғи, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Ш. Жолдасовани катта илмий ходим илмийунвонига тавсия этиш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Унинг илмий ва педагогик фаолияти Олий аттестация комиссияси томонидан белгиланган талабларга тўлиқ мос келиши қайд этилди.
Айни пайтда, Илмий-эксперт кенгаши аъзолари томонидан мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётига оид долзарб масалалар ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.




















