ПОЛЬША ПАРЛАМЕНТИ
Польша Республикаси Сенати 24 сентябрь куни “Ноҳалол бозор амалиётларига қарши курашиш тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчилар ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонунни қабул қилди.
Қонуннинг асосий мақсади истеъмолчиларни товар ва хизматларнинг экологик хусусиятлари ҳақидаги асоссиз, ноаниқ ёки чалғитувчи маълумотлардан ҳимоя қилиш. Бундай амалиёт халқаро тажрибада “greenwashing”, яъни маҳсулот ёки компанияни ҳақиқатдаги экологик кўрсаткичларидан кўра “яшилроқ” ва экологик масъулиятлироқ қилиб кўрсатиш сифатида баҳоланади.
Янги тартиб фақат нотўғри рекламани умумий тарзда тақиқлаш билан чекланмайди. Қонун ноҳалол бозор амалиётлари рўйхатини кенгайтириб, экологик маркетинг билан боғлиқ 12 та янги тақиқланган амалиётни белгилайди.
Хусусан, расмий сертификатлаш тизимига асосланмаган ёки ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланмаган “барқарорлик” белгиларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, “экологик”, “яшил”, “атроф-муҳитга зарарсиз” каби умумий даъволарни фақат тадбиркор уларни ишончли ва текшириладиган далиллар билан асослай олган ҳолларда қўллаш мумкин бўлади.
Қонун маҳсулотнинг фақат бир қисмига хос экологик хусусиятни бутун маҳсулотга ёки компаниянинг умумий фаолиятига татбиқ этиб кўрсатишни ҳам чеклайди. Масалан, фақат қадоқ экологик талабларга жавоб бергани маҳсулотнинг ўзи тўлиқ “экологик” эканини англатмайди.
Шунингдек, иссиқхона газлари чиқиндиларини бошқа лойиҳалар орқали компенсация қилишга таяниб, маҳсулотни “углерод-нейтрал” ёки “иқлимга ижобий таъсир қилувчи” деб тақдим этишга нисбатан ҳам чекловлар киритилмоқда.
Шундай қилиб, янги қоидалар экологик маркетингни умумий реклама талабларидан аниқ ва текшириладиган мезонларга асосланган махсус ҳуқуқий тартибга солишга ўтказишга қаратилган.
Ўзгартиришлар фақат “яшил реклама”ни тартибга солиш билан чекланмайди. Қонун истеъмолчига маҳсулотнинг бутун хизмат цикли ҳақида тўлиқроқ ахборот бериш талабларини ҳам кучайтиради.
Хусусан, тегишли ҳолларда харидор маҳсулотни таъмирлаш имконияти, зарур эҳтиёт қисмларнинг мавжудлиги ва тахминий нархи, уларни буюртма қилиш тартиби, таъмирлаш бўйича йўриқномалар ҳамда мавжуд чекловлар ҳақида олдиндан маълумот олиши керак бўлади. Шунингдек, айрим товарлар учун уларнинг таъмирланиш даражасини акс эттирувчи махсус рейтингни кўрсатиш назарда тутилган.
Рақамли элементларга эга маҳсулотлар бўйича эса дастурий таъминот қанча муддат давомида янгиланиши ҳақида маълумот бериш талаб этилади. Фақат янги функция қўшадиган янгиланишни истеъмолчига “мажбурий” деб тақдим этишга йўл қўйилмайди.
Қонун, шунингдек, маҳсулотнинг хизмат муддатини сунъий равишда қисқартиришга қаратилган ёки истеъмолчини чалғитувчи айрим амалиётларни ноҳалол деб баҳолайди. Жумладан, товарни ҳақиқатга зид равишда осон таъмирланадиган деб кўрсатиш, сарф материалларини техник жиҳатдан зарур бўлганидан олдинроқ алмаштиришга ундаш, шунингдек, маҳсулотнинг реал хизмат муддати ҳақида нотўғри тасаввур уйғотиш шундай амалиётлар қаторига киради.
Шу тариқа, янги қоидалар истеъмолчининг харид вақтида фақат товарнинг нархи ва ташқи хусусиятларини эмас, балки уни қанча вақт ишлатиш, таъмирлаш ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мумкинлигини ҳам ҳисобга олиши учун кенгроқ ахборот олиш имкониятини яратади.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Польша тажрибаси Ўзбекистон учун экологик маркетингни янада аниқ тартибга солиш нуқтаи назаридан долзарб. Чунки мамлакатимизда чалғитувчи рекламага қарши умумий нормалар ва “Yashil belgi” экологик маркировка тизими мавжуд бўлса-да, “эко”, “яшил”, “углеродсиз” каби даъволарни қўллаш учун қандай далиллар талаб қилиниши алоҳида ва батафсил белгиланмаган. Шу жиҳатдан экологик даъволарни аниқ, текшириладиган мезонлар асосида тартибга солиш тажрибасини ўрганиш мақсадга мувофиқ.



















