МОЛДОВА ПАРЛАМЕНТИ
Молдова Республикаси парламенти 2026 йил 24 сентябрда энергетика ҳамжамиятлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Ҳужжат Энергетика вазирлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг маслаҳат кўмагида ишлаб чиқилган.
Энергетика ҳамжамиятлари Молдова қонунчилигида аввал ҳам назарда тутилган бўлса-да, улар учун алоҳида ташкилий-ҳуқуқий шакл белгиланмаган эди. Янги қонун фуқаролар, маҳаллий бошқарув органлари ва тадбиркорлик субъектларига, энг аввало, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда энергияни биргаликда ишлаб чиқариш, истеъмол қилиш, сақлаш ва бошқариш мақсадида бирлашиш имконини беради.
Қонун лойиҳасига кўра, энергетика ҳамжамияти нотижорат уюшмаси шаклида ташкил этилади. Унинг аъзолари жисмоний шахслар, маҳаллий бошқарув органлари, муниципал корхоналар, кўп квартирали уйлардаги мулкдорлар уюшмалари, шунингдек, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари бўлиши мумкин.
Ҳамжамиятнинг мол-мулки ва даромадлари фақат уставда белгиланган мақсадларга йўналтирилади. Олинган фойда аъзолар ўртасида тақсимланмайди, балки ҳамжамиятни ривожлантиришга сарфланади. Агар маҳаллий бошқарув органи ҳамжамият аъзоси бўлса, унга кўчмас мулк ва энергетика инфратузилмаси объектларини ҳамжамият фойдаланишига бериш ҳуқуқи берилади.
Қонун лойиҳасига кўра, қонун расмий эълон қилинганидан бир ой ўтгач кучга киради. Илгари қайта тикланувчи энергия соҳасидаги ҳамжамият ёки фуқаролик энергетика ҳамжамияти мақомини олган юридик шахсларга янги ташкилий-ҳуқуқий шаклга қайта ташкил этилиш учун 24 ой муддат берилади.
Ўзбекистонда “Қуёшли хонадон” дастури амал қилмоқда. Мазкур механизм асосан якка тартибдаги истеъмолчиларга мўлжалланган бўлиб, “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунда энергияни жамоавий ишлаб чиқариш учун алоҳида ташкилий-ҳуқуқий шакл назарда тутилмаган.
Шу билан бирга, 2026 йилда 300 та маҳаллада аҳоли билан кооперация асосида умумий қуввати 107 МВт бўлган қуёш электр станцияларини ўрнатиш ва улар орқали 30 мингта кам таъминланган оилани қўллаб-қувватлаш режалаштирилган. 2030 йилга қадар эса қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини 40 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Шу нуқтаи назардан, Молдова тажрибаси аҳолининг энергетика соҳасидаги иштирокини кенгайтириш, энергияни жамоавий ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш механизмларини ривожлантириш ҳамда “яшил” иқтисодиётга ўтишнинг ҳуқуқий воситаларидан бири сифатида қизиқиш уйғотади.



















