Қозоғистонда экология соҳасига оид қонунчилик такомиллаштирилмоқда

Жорий йилнинг 28 май куни Қозоғистон Мажилиси депутатлари экология масалаларига оид қонунчиликка киритилаётган тузатишларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқулладилар. Лойиҳа экологик қонунчиликни такомиллаштириш, рақамли мониторинг воситаларини жорий этиш, шунингдек, экологик назорат ва чиқиндиларни бошқариш механизмларини ривожлантиришни назарда тутади.
Мажлиснинг Экология масалалари қўмитаси раиси таъкидлашича, таклиф этилаётган ўзгартиришлар Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган стратегик вазифаларни, жумладан, 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш ва мамлакатнинг экологик барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадларини амалга оширишга қаратилган.
Қонун лойиҳасида экологик кадастрлар, реестрлар ва автоматлаштирилган мониторинг маълумотларини ягона рақамли тизимга интеграция қилувчи Атроф-муҳит ва табиий ресурслар ҳолати тўғрисидаги миллий маълумотлар банкини модернизация қилиш назарда тутилган. Таъкидланишича, бу экологик ҳисоботларнинг шаффофлигини ошириш ва давлат назорати самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасига ўрмон ва яйлов углерод офсетлари тушунчаларини киритиш таклиф этилмоқда. Инвесторлар давлат ўрмон фонди ерлари ҳамда захира ерларда янги ўрмонзорлар барпо этиш учун ўрмон эгалари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш имкониятига эга бўладилар. Бундай лойиҳалар доирасида шаклланган углерод бирликлари бозорда муомалага чиқарилиши мумкин бўлади.
Қонун лойиҳасининг бошқа нормалари рухсат этилмаган чиқиндихоналарни бартараф этиш ва қаттиқ маиший чиқиндилар бўйича чекланган тарифларни тасдиқлаш ваколатларини ҳокимликларга беришни, миллий гидрометеорология хизматини қўшимча бюджетдан ташқари даромад манбаларини шакллантириш мақсадида ислоҳ қилишни, шунингдек, “яшил” молиялаштириш ва экологик суғурта механизмларини такомиллаштиришни назарда тутади. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнида Қозоғистонда ишлаб чиқарилган, қайта ишланган иккиламчи хомашёнинг камида 30 фоизидан фойдаланилган тақдирда, мойлар, қадоқлар ва аккумуляторлар ишлаб чиқарувчиларини кенгайтирилган мажбуриятлар талабларидан озод қилиш таклиф этилмоқда.
https://mazhilis.parlam.kz/kk/multimedia-center/news/17230




















