Экологик саноат паркларини жорий этиш бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди

ИНСТИТУТ ЯНГИЛИКЛАРИ
2026 йил 9 ноябрь куни Парламент тадқиқотлари институтида “Ўзбекистонда экологик саноат паркларини ривожлантириш: давлат сиёсати бўйича мулоқот ва хабардорликни ошириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО) Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан биргаликда амалга ошираётган пилот лойиҳа доирасида ташкил этилди.
Тадбирда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Миллий статистика қўмитаси, Солиқ қўмитаси, Энергетиклар миллий ассоциацияси, шунингдек, илмий тадқиқот муассасалари вакиллари ва соҳа экспертлари иштирок этди.
Давра суҳбатидан кўзланган мақсад экологик саноат паркларининг ҳуқуқий мақоми, фаолиятини ташкил этиш хусусиятлари ҳамда уларнинг афзалликларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Тадбирни Парламент тадқиқотлари институти директори Акром Тошпулатов, GIZнинг Барқарор иқтисодий ривожланиш дастури менежери Корнелия Скоков, Ўзбекистондаги лойиҳа компоненти раҳбари Игорь Ероменко ва ЮНИДО лойиҳаси раҳбари Татьяна Чернявская кириш сўзи билан очди.
Таъкидланганидек, экологик саноат парки деганда корхоналар ўзаро ҳамда маҳаллий аҳоли билан ҳамкорлик қилиш орқали иқтисодий, экологик ва ижтимоий самарадорликни оширишга интиладиган саноат ҳудуди тушунилади. Амалда бу хизматлар ва ресурслардан биргаликда фойдаланиш, энергия ва сув истеъмолини камайтириш, корхоналар ўртасида материаллар алмашинувини йўлга қўйишни англатади. Бундай паркларга қўйиладиган халқаро талаблар ЮНИДО, Жаҳон банки гуруҳи ва GIZ томонидан ишлаб чиқилган «Экологик саноат парклар бўйича халқаро асосий мезонлар»да белгиланган.
Қайд этиш жоизки, лойиҳанинг 2023–2025 йилларда амалга оширилган биринчи босқичида баҳолаш ишлари, манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашувлар ва институционал таҳлиллар ўтказилди. Ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича амалий тажриба тўпланди, мавжуд бўшлиқлар таҳлил қилинди. Шунингдек, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида Фарғона ва Ургутдаги пилот саноат зоналарини қўллаб-қувватлаш давом эттирилади, Навоий эркин иқтисодий зонасида экологик саноат парклари ёндашувларини қўллаш имкониятлари ўрганилади. Бундан ташқари, янги ташкил этиладиган саноат зоналаридан бирини экологик саноат парки концепцияси асосида режалаштириш имконияти баҳоланади.
Биринчи сессияда экологик саноат паркларини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жорий ҳолати ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. ЮНИДО халқаро эксперти Дик ван Бирс экологик саноат паркларини ривожлантириш бўйича хорижий тажриба ҳақида маълумот берди. Бу жараёнда давлат органлари, саноат парклари маъмуриятлари ва бошқа манфаатдор томонлар қандай вазифаларни бажаришига тўхталди. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти вакили Сергей Чепель экологик саноат паркларини ҳудудий ривожланиш нуқтаи назаридан кўриб чиқиш ва бу йўналишда илмий тадқиқотлар ҳамда далилларга асосланган маълумотлар зарурлигини қайд этди.
💬 Тадбир якунида иштирокчилар мамлакатимизда экологик саноат парклари фаолиятини йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этиши, шу боис унинг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш зарурлигини қайд этиб, бу борада илмий тадқиқотларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
📸 ФОТОЛАВҲА
































