Парламент сўрови: ахборотдан амалий натижага
МУНОСАБАТ

Дмитрий РАХМАНОВ
Парламент тадқиқотлари институтининг Суд-ҳуқуқ соҳасида тадқиқотлар бўлими бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ҳудудларда хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнларини мониторинг қилиш, инвестициявий самарадорликни баҳолаш ҳамда инвесторлар билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш юзасидан парламент сўровига жавоби муҳокама қилинди.
Мазкур масала 3 ноябрь куни Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида ҳам кўриб чиқилди.
Фракция йиғилишида депутатлар томонидан жалб этилган инвестициялар ҳажми билан бир қаторда, уларнинг амалдаги натижадорлигини баҳолаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, хорижий инвестициялар иштирокида қайси лойиҳалар амалга оширилгани, уларнинг дастлаб белгиланган мақсадларига қай даражада эришилгани, сарфланган маблағларнинг иқтисодий қайтими ва ҳудудлар ривожига қўшаётган ҳиссаси юзасидан саволлар билдирилди.
Шунингдек, фракция аъзолари томонидан инвестиция лойиҳаларига киритилган маблағлар ва эришилган натижаларни ўзаро таққослаш, уларнинг иқтисодий самарасини аниқ кўрсаткичлар асосида баҳолаш, қайта тикланувчи энергия манбалари, экологик тоза технологиялар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга йўналтирилган инвестицияларнинг натижадорлигини ўрганиш масалалари кўтарилди.
Вазирлик томонидан тақдим этилган жавобда инвестиция лойиҳаларини рақамли мониторинг қилиш механизмлари, махсус иқтисодий зоналар фаолияти, хорижий кредитлар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда уларнинг иқтисодий натижаларига оид батафсил маълумотлар келтирилган.
Шу билан бирга, фракциядаги муҳокамалар парламент назорати амалиёти учун муҳим бўлган яна бир масалани кўрсатди. Парламент сўровининг натижадорлиги, аввало, унинг аниқ мақсадга йўналтирилгани, олинган жавоб ва маълумотларнинг шу мақсадга эришишдаги амалий аҳамияти ҳамда улардан келиб чиқадиган хулосалар билан белгиланади.
Эътиборлиси, фракция йиғилишларида депутатлар томонидан бу каби масалалар илгари ҳам кўтарилган. Бу ҳолат парламент сўровларининг мақсади, предмети ва кутилаётган натижаларини янада аниқ белгилаш заруратига эътибор ортиб бораётганини кўрсатади.
Дарҳақиқат, парламент сўрови давлат органлари фаолияти тўғрисида маълумот олиш воситасигина эмас. У муайян соҳадаги муаммоларни аниқлаш, қабул қилинган қарорлар ижросини баҳолаш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда зарур ҳолларда қонунчиликни такомиллаштиришга хизмат қилувчи парламент назорати механизмларидан биридир.
Шу нуқтаи назардан, парламент сўровига жавоб олиниши билан назорат жараёни ўз ниҳоясига етмайди. Тақдим этилган маълумотлар таҳлили янги саволларни юзага келтириши, айрим масалаларни чуқурроқ ўрганиш ёки кейинги парламент сўровлари орқали уларга аниқлик киритиш заруратини келтириб чиқариши мумкин.
Ўзбекистон Экологик партияси фракциясида бўлиб ўтган муҳокама ҳам парламент сўровларини тайёрлашда аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаш, олинган жавобларни эса дастлаб кўзланган натижалар нуқтаи назаридан баҳолаш муҳимлигини яна бир бор намоён этди.
❝ Бундай ёндашув парламент назоратининг изчиллигини таъминлаш, унинг амалий натижадорлигини ошириш ҳамда давлат органлари билан мулоқотни янада аниқ мақсадларга йўналтиришга хизмат қилади. ❞
Дмитрий РАХМАНОВ,
Парламент тадқиқотлари институтининг Суд-ҳуқуқ соҳасида тадқиқотлар бўлими бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)




















