Илмий тадқиқотлар қонунчиликни такомиллаштиришга хизмат қилади

ИНСТИТУТ ЯНГИЛИКЛАРИ
Парламент тадқиқотлари институтида илмий тадқиқотлар натижаларини қонун ижодкорлиги жараёнига татбиқ этиш, мустақил изланувчилар ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, ёшлар томонидан интернет тармоғидан фойдаланиб содир этилаётган гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласини аниқлаш ва фош этиш механизмларини такомиллаштиришга доир илмий таклифлар ҳам қонунчиликни ривожлантириш нуқтаи назаридан ўрганилмоқда. Дилшод Файзуллаевнинг юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрлаётган диссертацияси доирасида “Наркотиклар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Лойиҳада наркотиклар, психотроп ва янги психофаол моддалар, кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда прекурсорлар муомаласини тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, наркожиноятларга қарши курашувчи давлат органларининг вазифа ва ваколатларини аниқ белгилаш, интернет тармоғи орқали содир этиладиган ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, профилактика чоралари ва халқаро ҳамкорлик механизмларини ривожлантиришга оид нормалар назарда тутилган.
Қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган яна бир таклиф Тошкент давлат юридик университети таянч докторанти Мавлуда Жўраева томонидан илгари сурилган. Унинг “Адвокат томонидан юридик ёрдам кўрсатишнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари” мавзусидаги диссертацияси доирасида “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш таклиф этилган.
Таклифлар, аввало, кам таъминланган фуқароларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш жараёнида давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган. Хусусан, уларнинг давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифасига киритилиши, Конституциявий суд орқали адвокат жалб этишнинг аниқ процессуал тартибини белгилаш ҳамда бу жараёнда ваколатли давлат органлари ва Адвокатлар палатаси ўртасидаги ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш назарда тутилган. Ушбу таклифларни ишлаб чиқишда АҚШ, Германия, Буюк Британия, Россия Федерацияси ва Хитой тажрибаси ҳам ўрганилган.
Шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети мустақил изланувчиси Шарафатдин Шамшетовнинг “Рақамлаштириш шароитида фуқаролик ҳуқуқи тизимида микрокредитлаш механизмларини такомиллаштириш” мавзусидаги юридик фанлар доктори (DSc) диссертацияси доирасида ишлаб чиқилган илмий таклифлар қонунчиликни такомиллаштиришда амалий аҳамият касб этган.
Хусусан, мазкур тадқиқот натижаларидан тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган 2025 йил 17 апрелдаги ЎРҚ–1058-сон Қонун ҳамда кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини такомиллаштиришга оид 2025 йил 22 апрелдаги ЎРҚ–1060-сон Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида фойдаланилган.
Мазкур таклифлар микромолия ташкилотларининг молиявий хизматлар кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш, қонунчиликдаги атамаларни бирхиллаштириш, шунингдек, кредит муносабатларида қарз олувчилар ва кредиторлар ҳуқуқлари ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилган. Жумладан, Фуқаролик кодекси янги 746¹-модда билан тўлдирилиб, кредитни муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш шартлари аниқлаштирилган.
💬 Қайд этилган илмий ишланмалар Институт фаолиятида назарий тадқиқотлар натижаларини амалиёт билан боғлаш, қонунчиликдаги долзарб масалаларга илмий асосланган ечимлар ишлаб чиқиш ҳамда қонун ижодкорлиги жараёнининг таҳлилий таъминотини кучайтириш муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади.
📸 ФОТОЛАВҲА
























