Очиқлик сиёсати ва миллий манфаат
МАҚОЛА

Ойбек ҚЎШБОҚОВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори
Меҳнат бозорида мувозанат қандай таъминланади?
Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари турибди. Умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз Ўзбекистонни ижтимоий давлат деб белгилади. Асосий қонунимизнинг 42-моддасида ҳар кимнинг муносиб меҳнат қилиш ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Бу ҳуқуқни амалда таъминлаш давлатнинг энг асосий вазифаларидан биридир. Президентимиз 2 ноябрь куни меҳнат миграцияси масалаларига бағишлаб ўтказган йиғилишда шу масалани давлат сиёсати даражасида кун тартибига қўйди.
Йиғилишда асосан хорижда ишлаётган юртдошларимиз ҳақида сўз борди. Бироқ давлатимиз раҳбари масаланинг иккинчи томонини ҳам четлаб ўтмади. Айтиб ўтилган маълумотларга кўра, мамлакатимизда узоқ муддат яшаётган чет элликлар сони 250 мингга яқинлашган. Уларнинг 36 минг нафари ишлашга рухсатнома олган, 24 минг нафари талабадир. Президентимиз қолганларнинг бандлиги ва даромад манбалари ҳақида аниқ маълумот бўлиши зарурлигини, янги иш ўринларига эса биринчи навбатда ўз фуқароларимизни жойлаштириш кераклигини таъкидлади. Бу талаб ижтимоий давлат тамойилидан бевосита келиб чиқади.
Сўнгги йилларда юртимиз дунёга ўз эшикларини кенг очди. Виза ва рўйхатга олиш тартиблари соддалаштирилди, шунингдек хорижий инвестор ва мутахассислар учун янги имкониятлар яратилди. Давлатимиз раҳбари йиғилишда очиқлик сиёсатини давом эттирган ҳолда, бу масалада қатъий тартиб-интизом бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу талаб давлатимизнинг аниқ позициясини ифодалайди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш мақсади белгиланган. Фикримизча, ўз юртида муносиб иш топиш имконияти бу мақсаднинг пойдеворидир. Масалани қонун даражасида ҳал қилиш эса парламент зиммасига тушади. Парламент тадқиқотлари институти ҳам хориждан ишчи кучини жалб қилиш тартибини ана шу нуқтаи назардан ўрганиб чиқди. Биз очиқлик сиёсатидан воз кечмаган ҳолда ички меҳнат бозорини ва фуқароларимизнинг меҳнат ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилиш мумкин, деган саволга жавоб изладик.
Икки томонга йўналган оқим
Шу куни Президентимиз Учтепа туманидаги “Интил” халқаро ўқув марказида ҳам бўлди. Марказни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ташкил этган. Бу ерда хорижда ишламоқчи бўлган фуқаролар чет тилини ва касбни ўрганади, малакасини тасдиқлатади ва ишга жойлашишда кўмак олади. Ҳозир марказда олтита халқаро лойиҳа бўйича 240 нафар тингловчи ўқимоқда. Давлатимиз раҳбари марказдаги учрашувда ўз мақсадини очиқ айтди: “Мен ёшларимизни чет элга оддий ишчи эмас, малакали мутахассис сифатида юбормоқчиман”.
Ташқи меҳнат миграциясидаги рақамлар ҳам ўзгармоқда. Келтирилган маълумотга кўра, сўнгги ўн йилда чет элда ишлаётган юртдошларимиз сони икки баробар камайган, улар оилаларига юбораётган маблағ эса тўрт баробар кўпайган. Марказий банк маълумотига кўра, ҳозир хорижда 1,4 миллионга яқин ҳамюртимиз меҳнат қилмоқда. Йил бошидан буён 1 миллион 116 минг нафар фуқаро хориждан қайтиб келди. Йиғилишда улардан 250 минг нафарини йил охиригача муносиб иш билан таъминлаш ёки тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш вазифаси белгиланди.
Тескари йўналишдаги оқим эса кучаймоқда. 70 дан ортиқ давлат фуқаролари учун 30 кунгача визасиз тартиб жорий қилинди, рўйхатга олиш қоидалари соддалаштирилди. Натижада республикамизда вақтинча рўйхатдан ўтган чет эл фуқаролари сони 2022 йилда 1 759 984 нафар бўлган бўлса, 2024 йилда 2 828 359 нафарга етди. Йиғилишда келтирилган маълумотга кўра, ишлашга рухсатнома олган хорижликларнинг 80 фоизи қурилиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд. Уларнинг аксарияти юқори малака талаб этилмайдиган лавозимларда ишламоқда.
Шу икки маълумотни ёнма-ён қўйсак, ўйлантирадиган манзара ҳосил бўлади. Бир томонда иш излаётган юз минглаб юртдошларимиз бор. Иккинчи томонда эса малака талаб этмайдиган ўринларнинг бир қисмини хорижликлар эгаллаб турибди.
Масаланинг ижтимоий томони ҳам бор. Хориждан қайтган ҳар бир юртдошимиз ортида оила ва фарзандлар турибди. Ўз юртида муносиб иш топа олмаган фуқаро яна чет элга йўл олишга мажбур бўлиши мумкин. Давлатимиз раҳбари йиғилишда хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳақида “Улар ҳам бизнинг фуқароларимиз, бизнинг фарзандларимиз!” деди. Шундай экан, улар ватанга қайтганда ҳам давлат эътиборида бўлиши, аввало, муносиб иш билан таъминланиши керак. Шу маънода ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш ижтимоий адолат ва барқарорлик масаласидир.
Амалдаги тартибда нима етишмаяпти?
Ҳозир юртимизда чет эллик фуқарони ишга олмоқчи бўлган иш берувчи унга тасдиқнома, яъни иш рухсатномаси расмийлаштиради. Иш берувчи бунинг учун Давлат хизматлари марказига ёки онлайн платформага мурожаат қилади. Юқори малакали ва малакали мутахассисларга тасдиқнома 3 йилгача, бошқа тоифаларга 1 йилгача берилади. Ҳужжат фақат унда кўрсатилган иш берувчи ва лавозим учун амал қилади. Оддий лавозимлар учун йиғим 30 базавий ҳисоблаш миқдорига тенг бўлиб, 2026 йил 1 сентябрдан у 13,2 миллион сўмни ташкил этади. Малакали кадрлар, педагог ва шифокорлар учун йиғим анча паст.
Хуллас, амалдаги тизим “рухсат бер ва кейин назорат қил” тамойилига асосланади. Қонунчилигимиз иш берувчидан чет эллик ходимни олишдан олдин ички бозордан номзод излашни талаб қилмайди. Битта корхона нечта хорижликни ишга олиши мумкинлиги, уларнинг штатдаги улуши ёки соҳа ва ҳудудлар бўйича йиллик квота белгиланмаган. Умумий овқатланиш, чакана савдо каби соҳалар учун ҳам бирор чеклов йўқ.
Яна бир бўшлиқ иш ҳақи билан боғлиқ. Тасдиқнома берилаётганда хорижликка таклиф қилинган маош шу касбдаги маҳаллий ходимникидан кам эмаслиги текширилмайди. Бу эса арзон ишчи кучи ҳисобига маҳаллий номзодни рақобатдан сиқиб чиқариш хавфини туғдиради. Иш ҳақини солиштириш учун эса хорижликларнинг ҳақиқий даромади ҳақида ишончли маълумот керак бўлади. Оддий лавозимлар учун йиғим эса барча соҳа ва ҳудудлар учун бир хил. Корхонада хорижликлар улуши ошгани сари йиғим миқдори ўзгармайди, ундан тушган маблағ маҳаллий кадрларни тайёрлашга йўналтирилмайди.
Назорат механизмлари ҳам кутилган самарани бермаяпти. Тасдиқномасиз ишлаш ҳолатлари учраб турибди, аммо бу соҳада маъмурий жазо қўлланилган шахслар сони жуда оз. 2022 йилда улар атиги 3 нафар, 2023 ва 2024 йилларда эса биттадан бўлган. Давлатимиз раҳбари йиғилишда узоқ муддатга келган хорижликларнинг яшаш ва иш жойини кузатиб борадиган мониторинг платформасини бир ой ичида ишга туширишни топширди. Бу платформа уларнинг бандлиги ва даромад манбалари ҳақида тўлиқроқ маълумот бериши кутилмоқда.
Бошқа давлатлар ўз бозорини қандай ҳимоя қилмоқда?
Парламент тадқиқотлари институти томонидан ўрганилган 20 та давлатнинг деярли барчасида ички меҳнат бозорини ҳимоя қилишнинг аниқ қоидалари амал қилади. Хорижда асосан уч хил восита қўлланилади. Айрим давлатлар иш берувчидан аввал маҳаллий номзод излашни талаб қилади. Бошқалари маҳаллий ва хорижий ходимлар нисбатини белгилайди. Учинчи гуруҳ давлатлар эса миллий квота жорий қилган.
Масалан, қўшни Қозоғистонда иш берувчи рухсатнома сўрашдан олдин бўш иш ўрнини Электрон меҳнат биржасига жойлаштиради ва 15 календарь кун кутади. Рухсатнома олган корхонада раҳбар ходимларнинг камида 70 фоизи, мутахассис ва ишчиларнинг камида 90 фоизи маҳаллий фуқаролар бўлиши шарт. Бу талаб 20 нафаргача ходими бор кичик корхоналарга нисбатан қўлланилмайди. Хорижликни рухсатномада кўрсатилмаган лавозимда ишлатган иш берувчига 12 ой давомида янги рухсатнома берилмайди.
Грузия ҳам шу йўлдан борди. 2026 йил 1 мартдан у ерда иш берувчи бўш ўринни мурожаат қилишдан камида 10 иш куни олдин меҳнат бозори ахборот тизимига жойлаштиради. Курьерлик, йўловчи ташиш ва туристик гид хизматларида хорижликлар учун квота нолга тенг қилиб белгиланган. Рухсатсиз ишлаганлик учун иш берувчига ҳам, муҳожирнинг ўзига ҳам 2 000 ларидан жарима солинади.
Туркияда корхонада ҳар бир хорижлик ходимга камида 5 нафар Туркия фуқароси тўғри келиши керак. Хорижликнинг маоши эса лавозимига қараб энг кам иш ҳақидан 5 баробаргача юқори бўлиши талаб қилинади. Россияда Ҳукумат ҳар йили тармоқлар бўйича чет эллик ходимларнинг йўл қўйиладиган улушини белгилайди. 2026 йилда бу улуш қурилишда 50 фоиз, алкоголь, тамаки ва дори воситаларининг ихтисослашган чакана савдосида ҳамда бозорларда нол фоиз қилиб белгиланган. Ҳудуд раҳбарлари эса патент асосида ишлайдиган хорижликларни айрим соҳаларга жалб қилишни тақиқлаши мумкин. Жорий йилда бундай тақиқлар 52 та ҳудудда амал қилмоқда.
Форс кўрфази давлатлари бу масалада янада қатъий. Саудия Арабистонида соҳа, касб ва корхона ҳажмига қараб маҳаллий кадрлар учун 30 фоиздан 70 фоизгача мажбурий улуш белгиланган. Талаб бажарилмаса, корхонага хорижлик ходимлар учун рухсатнома ёки виза берилмайди. Бирлашган Араб Амирликларида 50 ва ундан ортиқ ходими бор компаниялар 2026 йил охиригача штатидаги БАА фуқаролари улушини 10 фоизга етказиши шарт. Ҳар бир тўлдирилмаган ўрин учун уларга йилига 120 минг дирҳам йиғим ҳисобланади. Малайзияда эса иш берувчи хорижликни ишга олиш учун маҳаллий ходимни ишдан бўшата олмайди. Штат қисқарганда аввал шу лавозимдаги хорижликлар билан шартнома бекор қилинади.
Шу билан бирга, кўпчилик давлатлар малакали мутахассис билан оддий ишчига бир хил муносабатда бўлмайди. Японияда юқори малакали мутахассислар баллар тизими орқали соддалаштирилган тартибда қабул қилинади, ўрта малакали ишчилар учун эса 19 та соҳа бўйича квота амал қилади. Германия малакали мутахассислар учун устуворлик текширувини бекор қилган, квота асосида келадиганлар учун эса уни сақлаб қолган. Польша 2025 йил 1 июндан умумий меҳнат бозори текширувидан воз кечди. Унинг ўрнига туманлар даражасида рухсатнома берилмайдиган касблар рўйхати ва тенг иш ҳақи талаби жорий этилди. Бу мисоллар янги талабларни рақамли шаклда, асосан малака талаб этилмайдиган лавозимларга қаратиб, босқичма-босқич жорий этиш кераклигини кўрсатади.
Нималарни ўзгартириш керак?
Ўрганиш натижаларига таяниб, бир қатор ўзгаришлар таклиф этилади. Уларнинг мақсади янги иш ўринларига биринчи навбатда ўз фуқароларимизни жойлаштириш ҳақида Президентимиз таъкидлаган устуворликни аниқ ҳуқуқий механизмларга айлантиришдир. Таклифлар очиқлик сиёсатини сақлаган ҳолда унга тартиб олиб киради. Аввало, иш берувчи чет эллик ходимни жалб қилишдан олдин ички меҳнат бозорида муносиб номзод излаши керак. Бу жараён онлайн платформа орқали автоматик тарзда кечиши, унинг муддати эса 10 кундан 15 кунгача бўлиши лозим. Муддат қисқа ва жараён рақамли бўлса, иш берувчига ортиқча маъмурий юк тушмайди, маҳаллий номзодлар эса биринчи навбатда кўриб чиқилади.
Шунингдек, юқори малакали мутахассислар билан махсус малака талаб этмайдиган ижрочи лавозимларни бир-биридан аниқ ажратиш зарур. Менежмент, ахборот технологиялари ва инвестиция лойиҳалари мутахассислари, хорижий инвесторлар учун ҳозирги қулай тартиб сақланиб қолиши керак. Официант, сотувчи, хизматчи каби стандарт кўрсатма асосида ишлайдиган лавозимлар учун эса ички бозорни ҳимоя қилувчи талаблар қўлланилиши мумкин.
Умумий овқатланиш, чакана савдо каби соҳалар учун соҳавий квота механизмини жорий этиш ҳам мақсадга мувофиқ. Корхонадаги хорижий ходимларнинг энг юқори улушини Вазирлар Маҳкамаси меҳнат бозори ҳолатидан келиб чиқиб ҳар йили белгилаши мумкин. Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Жанубий Корея ва Сингапурда шундай тартиб амал қилади.
Оддий лавозимлар учун тасдиқнома йиғимини ҳам қайта кўриб чиқиш керак. Йиғим соҳага ва корхонадаги хорижликлар улушига қараб ошиб борадиган шкала асосида белгиланса, тушумнинг бир қисми маҳаллий кадрларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашга йўналтирилса, бу восита ички бозорга хизмат қила бошлайди. Масалан, Сингапурда хизмат кўрсатиш соҳасида хорижликлар улушига қараб ойига 450 дан 800 Сингапур долларигача йиғим ундирилади. Бундан ташқари, хорижликка таклиф этилаётган иш ҳақи ва меҳнат шароитлари шу касб ва ҳудуддаги маҳаллий ходимникидан кам бўлмаслиги тасдиқнома бериш пайтида автоматик текширилиши лозим.
Қоидабузарлик учун жавобгарлик ҳам аниқ бўлиши керак. Тасдиқнома шартларини бузган ёки хорижликни тасдиқномасиз ишлатган иш берувчига 12 ой давомида янги тасдиқнома берилмаслигини, жавобгарлик эса ҳар бир ноқонуний жалб қилинган ходим бўйича ҳисобланиши таклиф этилади. Қозоғистон, Грузия, Беларусь ва Қатарда шундай ёндашув қўлланилади.
Амалдаги тасдиқномалар сонини соҳа, ҳудуд, касб ва фуқаролик кесимида ҳар чоракда эълон қилиб бориш ҳам зарур. Давлатимиз раҳбари топширган мониторинг платформаси бу ишда қўл келади. Янги талабларни жорий этишдан олдин уларнинг инвестиция муҳитига таъсирини баҳолаш, тадбиркорлар билан муҳокама қилиш ва талабларни дастлаб умумий овқатланиш, чакана савдо ҳамда маиший хизмат соҳаларида жорий этиш маъқул.
Бу ўзгаришлар тадбиркорлик эркинлигига дахлдор. Конституциянинг 21-моддасига кўра, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ чекланиши мумкин. Шу сабабли асосий қоидаларни қонунда, аниқ фоиз ва муддатларни эса Ҳукумат қарорида белгилаш тўғри бўлади. Бунинг учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиб, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Бироқ ҳуқуқий асос яратиш ишнинг ярми, холос. Парламент бу жараёнда назорат ваколатидан ҳам тўлиқ фойдаланиши керак. Президентимиз йиғилишда бир қатор аниқ топшириқлар берди. Хориждан қайтган 250 минг фуқарони йил охиригача муносиб иш билан таъминлаш ёки уларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш шулар жумласидандир. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари бу топшириқлар ижросини парламент ва депутатлик назорати орқали кузатиб бориши, масъул вазирлик ва ҳокимликлар ахборотини эшитиши мумкин. Шундагина қабул қилинган қарорлар фуқароларимиз ҳаётида сезилади.
Мувозанат нимада?
Таклиф этилаётган чоралар хорижий инвестор ва юқори малакали мутахассис учун ҳозирги тартибни мураккаблаштирмайди. Улар асосан малака талаб этилмайдиган лавозимларга қаратилган. Бу ёндашув фуқароларимиз, айниқса ёшларнинг ишга жойлашиш имкониятини кенгайтиради. Миллий кадрлар тайёрлашга бўлган талаб ҳам ортади.
“Интил” марказидаги учрашувда Президентимиз чет тили ва касб ўргатишни мактабдан бошлаш зарурлигини айтди. Йиғилишда эса 20 та техникумни хорижий иш берувчилар талабларига мослаб қайта ташкил этиш топширилди. Бизнингча, худди шундай ёндашув ички бозор учун ҳам керак. Бугун хорижликлар кўпроқ ишлаётган қурилиш, тўқимачилик ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун ҳам ўз ёшларимизни иш берувчилар билан ҳамкорликда тайёрлаш мумкин.
Давлатимиз раҳбари йиғилишда “Миграцияда бизга рақам эмас, сифат керак!” деди. Бу талаб хорижга кетаётган юртдошларимизга қандай тааллуқли бўлса, мамлакатимизга кириб келаётган ишчи кучига ҳам шундай тааллуқли. Таклиф этилаётган тартиб юқори малакали мутахассис ва инвестор учун эшикни очиқ қолдиради, оддий иш ўринлари учун эса иш берувчини аввал ўз фуқаромизни излашга мажбур қилади.
Конституциямиз Ўзбекистонни ижтимоий давлат деб белгилаган экан, фуқаронинг ўз юртида муносиб меҳнат қилиш ҳуқуқи давлат сиёсатининг марказида туриши табиий. Очиқлик сиёсати ва ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш бир-бирига зид келмайди.
❝ Юртимизга кириб келаётган сармоя ва билим ҳам, яратилаётган ҳар бир янги иш ўрни ҳам аввало халқимиз фаровонлигига хизмат қилиши керак. Давлатимиз раҳбари 2 ноябрдаги йиғилишда белгилаб берган йўналиш ҳам айнан шунга қаратилган. ❞
Ойбек ҚЎШБОҚОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори





















