Иш ўрни – аввало ўз фуқаромизга: миллий меҳнат бозорини ҳимоя қилиш – давр талаби
МАҚОЛА

Салимбой ҒАЙРАТОВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти етакчи илмий ходими
Миллий меҳнат бозорини ҳимоя қилиш давр талаби
Ўзбекистон глобал меҳнат бозорининг фаол иштирокчисига айланиб бормоқда. Иқтисодиёт ўсиб, турмуш даражаси ошгани сари юртимизнинг хорижликлар учун жозибадорлиги ҳам ортмоқда. Бугун мамлакатимизда узоқ муддат яшаётган чет элликлар сони 250 мингга яқинлашди.
Ўз меҳнат бозорини ҳимоя қилиш ривожланган давлатларда ҳам кенг тарқалган амалиётдир. Шу боис давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги “Интил” халқаро тил ва касбга ўқитиш марказида меҳнат миграцияси соҳасидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда янги иш ўринларини яратишда, аввало, ўзбекистонлик фуқароларни иш билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Демак, гап хорижий ишчи кучини жалб қилишдан воз кечиш ҳақида эмас, балки бу жараёнда миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда аниқ тартиб ўрнатиш ҳақида бормоқда.
Масала нега долзарб?
Буни, аввало, статистик маълумотлар тасдиқлайди. Ишсизлик даражаси сўнгги йилларда изчил пасайиб, 2026-йилнинг III чорагида 4,5 фоизни ташкил этди. Бироқ бу ҳамон тахминан 700 минг нафар иш излаётган фуқаро демакдир.
Ҳар йили меҳнат бозорига қарийб 600 минг нафар ёш кириб келмоқда, 2030-йилга бориб бу кўрсаткич 1 миллионга яқинлашади. Иқтисодиётда эса йилига тахминан 300 минг янги иш ўрни яратилмоқда ва бу ёшларнинг фақат ярмини қамрайди. Рақобат кескинлигини hh.uz платформаси маълумотлари ҳам кўрсатади. 2026-йилнинг II чорагида битта бўш иш ўрнига ўртача 18,4 нафар номзод тўғри келган.
Бунга ташқи меҳнат миграцияси ҳам қўшилади. Бугун 1,2 миллион нафар юртдошимиз 40 га яқин давлатда меҳнат қилмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатимизда узоқ муддатдан буён яшаётган хорижий фуқароларнинг 36 минг нафари меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома олган, 24 минг нафари талаба. Президентимиз қолган хорижий фуқароларнинг машғулоти ва даромад манбалари ҳақида ҳам аниқ маълумотлар шакллантирилиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Асосий муаммо шундаки, ишлашга рухсат олганларнинг 80 фоизи қурилиш, қурилиш материаллари, тўқимачилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида юқори малака талаб қилмайдиган ишларда банд. Мавжуд маълумотлар хорижий ишчи кучининг асосий қисми юқори технологияли ва малакали мутахассислар тақчил бўлган тармоқларга нисбатан маҳаллий фуқаролар ҳам бажара оладиган иш ўринларига кўпроқ жалб этилаётганини кўрсатади.
Ноқонуний меҳнат фаолияти ҳам жиддий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Хусусан, 2026-йил 1-май ҳолатига кўра, солиқ тўлаётган хорижий фуқароларнинг қарийб тўртдан уч қисми, яъни 26,6 минг нафари меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномасиз ишлаган.
Натижада қуйидаги ҳолат юзага келмоқда. Бир томонда 700 минг нафар иш излаётган ва 1,2 миллион нафар хорижда меҳнат қилаётган юртдошимиз, иккинчи томонда ички бозордаги оддий иш ўринларини эгаллаётган хорижий ишчи кучи. Бундай шароитда меҳнат бозорини ҳимоя қилиш танлов эмас, заруратдир.
Ички меҳнат бозори хорижда қандай ҳимоя қилинади?
Хорижий тажриба шуни кўрсатадики, маҳаллий меҳнат бозорини ҳимоя қилиш механизмлари асосан қонун даражасида белгиланади ва уч йўналишда намоён бўлади.
Биринчи механизм – ички меҳнат бозорида номзод излаш мажбурияти. Қозоғистон, Грузия, Жанубий Корея, Беларус, Озарбайжон, Германия, Қатар, Уммон ва Хитойда иш берувчи бўш иш ўрни учун дастлаб ички бозордан номзод излаши шарт. Масалан, Жанубий Кореяда иш берувчи хорижлик ишчига рухсат сўрашдан олдин бандлик маркази орқали 3 кундан 7 кунгача маҳаллий фуқароларни бўш иш ўрни ҳақида эълон бериш орқали ишга олишга ҳаракат қилиши лозим. Қозоғистонда эса квота сўраган иш берувчи мутахассисни нега мамлакат ичидан топа олмаганини асослаши керак. Маҳаллий кадрни қайта тайёрлаб ишга олиш мумкин бўлса, ариза рад этилиши мумкин.
Иккинчи механизм – чет эллик ходимлар улушини чеклаш. Россия, Қозоғистон, Сингапур, Саудия Арабистони, Қувайт, Қатар, Уммон ва Полшада чет эллик ходимларнинг йўл қўйиладиган улуши белгиланган. Қозоғистонда рухсатнома раҳбарлар орасида маҳаллий кадрлар камида 70 фоиз, мутахассислар ва малакали ишчилар орасида камида 90 фоиз бўлгандагина берилади. Сингапурда эса чегара тармоқларга қараб табақалаштирилган. Чет эллик ишчилар улуши хизмат кўрсатишда 35 фоиз, ишлаб чиқаришда 60 фоиз, қурилишда 83,3 фоиздан ошмаслиги керак.
Учинчи механизм – рухсатномасиз меҳнат учун қатъий жавобгарлик. Сингапурда рухсатномаси йўқ хорижликни ишга олган иш берувчига биринчи марта 5 мингдан 30 минг Сингапур долларигача (4-23 минг АҚШ доллари атрофида) жарима ёки 12 ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси (ёхуд иккаласи) қўлланади. Қозоғистонда бундай ҳуқуқбузарлик учун иш берувчига 100 дан 700 гача ойлик ҳисоб кўрсаткичи миқдорида жарима солинади.
Муҳими, бу механизмлар очиқликни инкор этмайди. Улар асосан маҳаллий кадрлар билан тўлдириш мумкин бўлган иш ўринларига қаратилган, юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш имконияти эса сақланиб қолади.
Қонунчиликка қандай ўзгартишлар киритиш лозим?
Бизнингча, миллий меҳнат бозорини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш учун қуйидаги ҳуқуқий механизмларни жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Биринчидан, бўш иш ўринларини тўлдиришда Ўзбекистон фуқароларига устуворлик бериш механизмини қонун билан мустаҳкамлаш. Чет эллик ходимни жалб қилишдан олдин иш берувчи бўш иш ўрни ҳақидаги маълумотни маҳаллий вакансиялар базасига (ish.mehnat.uz) жойлаштириб, белгиланган муддат давомида фуқароларимиз орасидан номзод излаши шарт бўлсин. Муносиб номзод топилмаган тақдирдагина тасдиқнома берилиши лозим. Юқори малакали ва малакали мутахассисларни бу талабдан озод қилиш эса инвесторлар ва кадрлар танқис соҳалар учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш имкониятини сақлаб қолади.
Иккинчидан, чет эллик ходимларнинг йўл қўйиладиган улушини ҳар йили ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари кесимида белгилаш. Бу улуш ҳудудий меҳнат бозори ҳолати ва фуқароларни устувор иш билан таъминлаш заруратига боғланиши керак. Ишсизлик юқори ҳудудларда пастроқ, кадрлар танқис тармоқларда юқорироқ. Умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатишнинг айрим йўналишлари каби маҳаллий кадрлар етарли соҳаларда хорижий ишчи кучини жалб қилиш чекланиши, кадрлар танқис тармоқлар эса устувор деб белгиланиши мумкин.
Учинчидан, штат қисқарганда фуқарога устунлик бериш. Ходимлар сони ёки штати қисқартирилганда малакаси ва меҳнат унумдорлиги тенг бўлса, ишда қолиш учун имтиёзли ҳуқуқ Ўзбекистон фуқаросига берилиши лозим.
Тўртинчидан, рақамли назоратни кучайтириш. Президентимиз топшириғи билан бир ойда ишга тушириладиган, хорижликларнинг яшаш ва иш жойини кузатувчи мониторинг платформасини солиқ, рўйхатга олиш ва тасдиқномалар базалари билан интеграция қилиш эса солиқ тўлаётган, аммо тасдиқномаси йўқ хорижликларни автоматик аниқлаш имконини беради.
Энг муҳими, бу механизмлар қонун даражасида (масалан, Меҳнат кодекси ва “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунда) мустаҳкамланиши зарур. Қонун даражасидаги тартибга солиш иш берувчилар учун барқарор ва аниқ ҳуқуқий тартибни яратади.
Миллий меҳнат бозорини ҳимоя қилиш халқаро ҳамкорлик ва очиқликдан воз кечишни англатмайди. Аксинча, аниқ ва шаффоф қоидалар ҳалол иш берувчилар, инвесторлар ва юқори малакали хорижий мутахассислар учун ҳам ишончли муҳит яратади.
❝ Таклиф этилаётган механизмлар юртимизда яратилаётган ҳар бир янги иш ўрни, аввало, ўз фуқароларимиз учун имконият бўлишини таъминлайди, юртдошларимизнинг хорижда иш излаш заруратини камайтиришга хизмат қилади ва Президентимиз илгари сурган очиқлик ҳамда тартиб-интизом тамойилларини уйғун тарзда амалга ошириш имконини беради. ❞
Салимбой ҒАЙРАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти етакчи илмий ходими





















