“Schienen-Control GmbH”нинг 2024 йилги ҳисоботи тақдим этилди
Жорий йилнинг 14 август куни Австрия парламентининг расмий сайтида “Schienen-Control GmbH”нинг 2024 йилги ҳисоботи жойлаштирилди.
Маълумот учун: Schienen-Control GmbH – Австрияда темир йўл транспорти соҳасидаги назорат органи ва йўловчилар ҳуқуқлари бўйича расмий арбитраж (NEB) сифатида фаолият юритади.
Schienen-Control назорат органи сифатида темир йўл соҳасида адолатли рақобат тамойилларига риоя этилишини таъминлайди. У барча темир йўл компанияларига темир йўл тармоғига холис ва очиқ кириш имконини кафолатлайди.
Schienen-Control соғлом рақобатга кўмаклашади. Бозорни чуқур билиши, темир йўл компаниялари, муассасалар ва халқаро назорат органлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик тармоғи орқали темир йўл соҳасидаги инновацияларни қўллаб-қувватлайди ва замонавий ҳамда самарали темир йўл тизимининг ривожланишига ҳисса қўшади.
Транспорт вазирининг маълум қилишича, Австрияда темир йўлда йўловчи ташиш соҳасида ўсиш кузатилмоқда. Хизматларнинг кенгайиши, маҳаллий йўналишлардаги қулайликлар ва рақобатнинг ошиши Австрияни Европада пешқадамлар қаторига олиб чиқишга ҳисса қўшган.
Rail Control (Темир йўллар бошқармаси) тақдим этган маълумотларга кўра, йўловчи ташишда 2024 йилда ўсиш динамикаси қайд этилиб, йўловчилар сони 6 %га ортгани ва 348,7 млн нафарни ташкил этгани қайд этилган.
Ҳар бир йўловчининг ўртача сафар масофаси 42,9 кмни ташкил қилгани, бунга хизматларнинг кенгайиши, қатновлар сонининг кўпайгани, хусусан, тундаги ва маҳаллий қатновлар улушининг ошгани, шунингдек, бир нечта янги йўналишлар ишга туширилгани сабаб бўлгани қайд этилган.
Бироқ юк ташиш поездлари ҳаракат километри бўйича ўсиш кузатилмаган, нетто ва брутто тонна-километр кўрсаткичларида эса нисбатан енгил ўсиш қайд этилган. Шунингдек, Rail Cargo Austria илдамликни сақлаб қолган бўлса-да, унинг бозор улуши 57,3 %га тушгани (2023 йилга нисбатан 0,3 %га камайган), энг йирик хусусий рақобатчи бўлган Ecco-Rail, Lokomotion ва CargoServнинг биргаликдаги улуши 27,6 %ни ташкил этган.
Юк ташишнинг 1/3 қисмидан ортиғи қисқа масофали йўллар орқали амалга оширилгани, бунда хусусий операторлар улуши 40 %дан зиёдни ташкил этгани таъкидланган.
Юк ташишдаги асосий тўсиқлар сифатида йўл таъмирлаш ишлари, хусусан, 2024 йил сентябрь ойида Германия ва Австриядаги тошқинлар сабабли йўлларнинг ёпилганлиги келтириб ўтилган.
Шунингдек, маълумотда Австрия темир йўл бозорида 2024 йилда 92 та темир йўл компанияси фаолият юритгани ва бу ўтган йилга нисбатан 5 тага кўп эканлиги таъкидланган.
Яна бир янгилик сифатида, маълумотда Штирия⃰⃰ давлат темир йўллари 2024 йил октябрь ойида трансфер хизматлари учун хавфсизлик сертификатини олгани, бу ҳисобот йилида жами 68 та компанияга (улардан 4 таси Австрия федерал темир йўллари гуруҳи таркибига кирган, 9 таси хорижий компаниялар бошқарувида бўлган, 44 таси хусусий ва 11 таси давлатга тегишли) Австрия федерал темир йўллари тармоғидан фойдаланишга рухсат берилганлигини англатиши таъкидланган.
Schienen-Control темир йўл бозори муҳитини баҳолаш мақсадида 2006 йилдан бери 41 та мезон бўйича соҳа иштирокчиларининг фикрлари ўрганилиши, бунда темир йўл тармоқлари ҳолати, бинолар, қатнов жадвали сифатига алоҳида эътибор қаратилиши билдирилган.
Соҳадаги тўсиқлар сифатида автомобиль юк ташиш транспорти билан рақобатга кириша олиш, техник талабларни яхшилаш, янги технологияларни соҳага жорий этишдаги мураккабликлар келтириб ўтилган.
Шунингдек, 2024 йилда “Темир йўллар тўғрисида”ги Қонунга киритилган муҳим ўзгартириш – темир йўл инфратузилмаси компанияларини юқори тирбандликка эга бўлган линиялар учун сиғим моделини ишлаб чиқиш ва ушбу сиғим моделига мос келадиган поезд йўналишларига бўлган сўровларга устунлик бериш лозимлиги таъкидланди.
Маълумот учун: Штирия Австрия жануби-ғарбида жойлашган федерал ер бўлиб, унинг маркази Грац шаҳри ҳисобланади.





















