“Қизлар академияси” платформаси ишга туширилади

Халқимиз азал-азалдан хотин-қизларга алоҳида ҳурмат билан эътибор қаратган. Аёлларимиз аввало, она сифатида қадрланган, эъзозланган. Сабаби бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам бевосита уларга боғлиқ.
Бугун хотин-қизларимиз фарзанд тарбиясида, турли соҳаларда, маҳаллаларда фидойилик кўрсатмоқда. Уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда бир қатор қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Аёлларга давлат ва жамият тақдирига дахлдор қарорларни ҳаётга татбиқ этиш, хусусан, қонунларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш, ислоҳотларни амалга ошириш жараёнларида бевосита қатнашишлари учун кенг йўл очилди.
Жорий йилда бу ишлар янада жадаллашади. Чунки айни пайтда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида бу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтариш бўйича қатор вазифалар ўз аксини топган.
Хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, касб-ҳунарга ўқитиш ва ўзини ўзи банд қилишга устувор аҳамият қаратилгани бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади, минг-минглаб ишсиз опа-сингилларимиз тайинли иш жойига, даромад манбаига эга бўлади, дегани.
Дастур лойиҳасида хотин-қизларни меҳнат бозорида рақобатбардош касб-ҳунарларга ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда улар ўртасида тадбиркорликни кенг ривожлантириш масаласи ҳам белгиланмоқда. Ушбу вазифалар партиямиз мақсад ва ғояларига уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, бу аёллар бандлигини таъминлаш, маълум бир касбга йўналтиришга замин яратиши билан аҳамиятлидир.
Ҳужжатда ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” платформаси ишга тушириш ва бу орқали ёш хотин-қизлар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этиш асосий мезон этиб белгиланган. Ушбу эзгу ишлар аҳоли ижтимоий муҳофазасини кучайтириш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда яна бир муҳим қадам бўлади.
Бинобарин, мамлакат равнақи, халқ фаровонлиги ва инновацион лойиҳалар амалга оширилишига салмоқли ҳисса қўшаётган фаол, тадбиркор хотин-қизлар ва фермерларни рағбатлантиришга, уларнинг фаолияти ва илғор иш тажрибасини оммалаштиришга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш кечиктириб бўлмас вазифа ҳисобланади.
Бугунги кунда дастур лойиҳаси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда қўмиталар йиғилишларида кенг муҳокама этилиб, лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар берилмоқда. Энг муҳими, бугун ушбу жараёнга ҳеч ким бефарқ эмас. Барча юртдошларимиз лойиҳа муҳокамасида фаол иштирок этиб, унда назарда тутилаётган бандларни қўллаб-қувватламоқда.
Буни дастур лойиҳасига билдираётган таклифлар сони кун сайин ошиб бораётгани, фуқароларимиз, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларимиз бу жараёнга фаол иштирок этаётганлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу юртларимизнинг эртанги кунга, юртимизнинг яна обод ва фаровон бўлишига, мамлакат келажагига ўзларини бевосита дахлдор, деб билаётганини англатади.
Умуман олганда, Дастур лойиҳасида ҳар бир соҳа ва тармоқ ривожига оид кўплаб янгиликлар акс этган. Лойиҳада белгиланган кенг кўламли мақсад ва вазифаларни жорий йилда самарали амалга ошириш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Одинахон ОТАХОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


















