Янгиланган Конституция: ҳар бир шахснинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланди

Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга эътибор ҳар қачонгидан юксак даражага чиқмоқда, десак айни ҳақиқатдир.
Бир йил муқаддам қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда асосий эътибор шахснинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган, деб ишонч билан айтишимиз мумкин. Масалан, Конституциянинг 55-моддасида ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи белгиланди.
Маълумки, маъмурий суд ишларини юритишнинг ўзига хос хусусияти сифатида давлат органи бир тарафда доимо иштирок этади. Зеро, мазкур иш юритувининг ўзига хос хусусияти шундаки, давлат органи ўз хатти-ҳаракат ёки қарорларининг қонунийлигини асослашга мажбур.
Ўтган даврда ушбу конституциявий нормани ҳаётга татбиқ этиш мақсадида фуқароларнинг давлат томонидан кафолатланган суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқларини кенгайтиришни назарда тутувчи қонун қабул қилинди.
Унга кўра 2024 йил 1 январдан бошлаб, маъмурий судларга шикоят қилишда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларидан давлат божини ундирмаслик, бунда давлат божини ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича айбдор тарафдан ундириш тартиби жорий этилди.
Мазкур Қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади. Фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини оширишга хизмат қилади.
Парламент тадқиқотлари институти
бош илмий ходими
Дмитрий РАХМАНОВ




















