Уругвайда рақамли платформа хизматларида банд бўлган ишчиларни ҳуқуқлари муҳофаза қилинади

Уругвай парламенти қуйи палатаси томонидан Uber, PedidosYa ва шу каби бошқа рақамли платформа хизматларида хайдовчи ва етказиб берувчи сифатида банд бўлган ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Лойиҳа ташаббускорларига кўра, ушбу қонун рақамли платформалар орқали иш бажараётган барча шахсларга минимал кафолатлар тақдим этиб, уларга рақамли платформалар эгалари билан меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича музокаралар юритиш учун асос яратади.
Қонун лойиҳасига кўра, рақамли платформага эга компаниялар рақамли платформа алгоритмларида тенглик ва камситмаслик тамойилларини назарда тутишлари лозим. Шунингдек, бундай компаниялар барча ишчиларни уларнинг фаолияти устидан ўрнатилган автоматлаштирилган мониторинг тизими мавжудлиги ҳақида огоҳлантиришлари лозим.
Шу билан бирга, рақамли платформалар орқали ишловчи ходимларга автоматлаштирилган тизим томонидан уларнинг иш шароитига таъсир қилувчи ҳар қандай қабул қилинган қарорни (мисол учун, етказиб берувчига рейтинг бериш) асослантириб беришни талаб қилиш ҳуқуқи тақдим этилмоқда.
Бундан ташқари, ишчи муайян рақамли платформада хафтасига
48 соатдан ортиқ ишлаши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
Бундай платформаларда ишловчи ўзини ўзи банд қилган шахслар билан ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар юз берса ёки улар касб касалликларига чалинишса, рақамли платформага эга компаниялар уларга нисбатан иш берувчи сифатида тан олинади, яъни ушбу ҳолатда уларнинг муносабатлари меҳнат қонунчилиги билан тартибга солинади.




















