Илмий тадқиқот натижалари асосида тайёрланган таклифлар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 16 июль куни Парламент тадқиқотлари институтида миллий олий таълим ташкилотларида диссертация тадқиқотларини олиб бораётган изланувчиларнинг таклифлари муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари, Жамоат хавфсизлиги университети, Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси илмий изланувчилари иштирок этди.
Тақдимотда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги, ташқи иқтисодий фаолият, божхона иши ҳамда болалар ҳуқуқларини таъминлаш соҳаларида амалга оширилган тадқиқотлар натижалари ва улар асосида ишлаб чиқилган илмий-амалий таклифлар билдирилди.
Тадқиқотларда жиноий жавобгарлик механизмларини такомиллаштириш, ҳуқуқий институтларни либераллаштириш, коррупцияга қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини янада кучайтиришга қаратилган илмий ёндашувлар асослаб берилди.
Муҳокамалар давомида тадқиқотлар доирасида ишлаб чиқилган бир қатор илмий таклифлар қонун ижодкорлиги жараёнида фойдаланиш учун амалий аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Таъкидланганидек, илмий тадқиқотлар натижаларининг қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топиши уларнинг амалий қийматини белгилайди.
Тадбир якунида диссертация тадқиқотлари самарадорлигини баҳолашда уларнинг натижаларини қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига татбиқ этиш муҳим мезонлардан бири экани таъкидланди.
Шунингдек, соҳага оид илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш ва илмий ишланмаларнинг амалий аҳамиятини ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.




















