Процессуал ҳаракатларни қайд этишда замонавий ахборот технологияларини қўллаш масалалари муҳокама қилинди

2026 йил 9 июль куни Парламент тадқиқотлари институти томонидан Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси билан биргаликда «Жиноят-процессуал ва маъмурий жавобгарликка оид ишларга замонавий ахборот технологияларини жорий этиш истиқболлари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари, Парламент тадқиқотлари институти ва Криминология тадқиқот институти илмий ходимлари, Тошкент давлат юридик университети, Жамоат хавфсизлиги университети, Одил судлов академияси ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси олимлари ва экспертлари иштирок этди.
Давра суҳбатида Криминология тадқиқот институти илмий ходими Алишер Шарофутдинов томонидан жиноят-процессуал ва маъмурий иш юритишда процессуал ҳаракатларни қайд этишнинг замонавий механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасининг асосий концептуал ёндашувлари тақдим этилди.
Тақдимотда таъкидланганидек, қонун лойиҳаси жиноятларни тергов қилиш амалиётида мавжуд айрим муаммоларни бартараф этиш, процессуал ҳаракатларни қайд этишда замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, тергов жараёнларининг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.
Муҳокамалар давомида иштирокчилар қонун лойиҳасининг айрим нормалари юзасидан фикр ва таклифларини билдириб, процессуал ҳаракатларни рақамли технологиялар асосида қайд этишнинг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш бўйича мулоҳазаларини баён этдилар.
Тадбир якунида билдирилган таклиф ва тавсияларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олдилар.



















