ЛАТВИЯ ПАРЛАМЕНТИ
Крипто-активларни солиққа тортиш тартибини такомиллаштириш таклиф этилмоқда
Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Латвия Сеймининг Бюджет ва молия (солиқ) қўмитаси крипто-активларни солиққа тортиш тартибини такомиллаштириш ҳамда илгари декларация қилинмаган крипто-активларни ихтиёрий равишда декларация қилиш имкониятини жорий этишга қаратилган “Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи тўғрисида”ги қонунга ўзгартишларни концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлади.
Ўзгартишларга кўра, крипто-активларга акция ва облигацияларга инвестиция киритишда қўлланиладиган инвестиция ҳисобварағи принципини татбиқ этиш таклиф этилмоқда. Бунда солиқ ҳар бир алоҳида операция бўйича эмас, балки инвестиция ҳисобварағидан ечиб олинган маблағ киритилган маблағдан ортиб кетган пайтда ҳисобланади. Шунингдек, Европа Иттифоқида лицензияга эга крипто-активлар бўйича хизмат кўрсатувчиларга мижозлар учун инвестиция ҳисобварағи хизматини кўрсатиш имкониятини бериш назарда тутилган.
Қонун лойиҳасида илгари декларация қилинмаган крипто-активларни қонуний тартибга солиш учун махсус ихтиёрий декларация механизми ҳам белгиланмоқда. Унга кўра, резидентлар 2026 йил 31 декабрь ҳолатига тегишли крипто-активларини декларация қилиб, уларнинг бозор қийматининг 10 фоизи миқдорида солиқ тўлаши мумкин.
Декларация қилинган крипто-активларнинг кўрсатилган қиймати кейинчалик солиқ мақсадларида уларнинг харид қиймати сифатида қабул қилиниши режалаштирилган. Ушбу имкониятдан фойдаланиб, солиқни тўлаган шахсларга илгари декларация қилинмаган тегишли даромадлар бўйича пеня, маъмурий жазо ва жиноий жавобгарлик қўлланилмаслиги назарда тутилмоқда.
Бироқ мазкур енгилликлар крипто-активлардан олинган даромадлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган, солиқ текшируви бошланган ёки маъмурий иш юритилаётган шахсларга татбиқ этилмайди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси инвестиция ҳисобварағи хизматини кўрсатмоқчи бўлган крипто-активлар бўйича хизмат кўрсатувчиларга қўйиладиган талабларни белгилаши назарда тутилган. Қонун лойиҳаси кучга кириши учун Сейм томонидан уч ўқишда қабул қилиниши лозим.
Латвиядаги қонун лойиҳаси икки асосий механизмни назарда тутади:
1) крипто-активлардан олинган даромадни инвестиция ҳисобварағидан ечилган маблағ киритилган суммадан ошган тақдирда солиққа тортиш;
2) илгари декларация қилинмаган крипто-активларни бозор қийматининг 10 фоизи миқдорида солиқ тўлаш орқали бир марталик легаллаштириш.
Ўзбекистонда эса крипто-активлар билан боғлиқ операциялардан олинган даромадлар амалда солиққа тортилмайди. Шу боис, Латвиядаги ҳар бир операция бўйича солиқ ҳисоблаш билан боғлиқ мураккаблик ёки декларация қилинмаган даромадларни легаллаштириш каби масалалар ҳозирча Ўзбекистон учун долзарб эмас. Давлат сиёсати асосан криптобозорни институционал ривожлантириш, жумладан, стейблкоинлар ва токенлаштирилган молиявий активларни тартибга солишга қаратилган.
Шу билан бирга, бозорнинг кенгайиши ва халқаро солиқ шаффофлиги талабларининг кучайиши келгусида криптодаромадларни солиққа тортиш масаласини кун тартибига олиб чиқиши мумкин. Ҳозирги босқичда амалдаги имтиёзни сақлаш мақсадга мувофиқ. Кейинчалик солиқ режими қайта кўриб чиқилганда, фақат амалда олинган соф даромадни солиққа тортиш ва мавжуд активларни ихтиёрий декларация қилиш механизмларидан фойдаланиш мумкин.
Муқобил ёндашув сифатида имтиёзни лицензияланган маҳаллий платформалар орқали амалга оширилган операциялар билан чеклаш ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Маҳаллий сайловларда сайловчиларни рўйхатга олиш муддати қисқартирилиши мумкин
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Латвия Сеймининг Давлат бошқаруви ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш масалалари қўмитаси маҳаллий кенгашлар сайловини ташкил этиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қўллаб-қувватлади.
Ўзгартиришларга кўра, маҳаллий сайловларда иштирок этиш учун сайловчи тегишли муниципалитетда сайлов кунидан камида 45 кун олдин рўйхатдан ўтган бўлиши талаб этилади. Амалда ушбу муддат 90 кунни ташкил этади. Бу сайловчилар рўйхатини аниқроқ шакллантириш ва фуқароларнинг сайловларда иштирок этиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.
Қонун лойиҳасида, шунингдек, номзодлар рўйхатини тақдим этиш, номзодлар ҳақидаги маълумотларни расмийлаштириш, сайлов гаровини тўлаш, муддатидан олдин овоз бериш ва почта орқали овоз бериш тартибларига аниқлик киритилмоқда. Амалиётда аниқланган айрим камчиликларни бартараф этиш ва сайлов жараёнларини соддалаштириш ҳам назарда тутилган.
Янги сайланган маҳаллий кенгашларнинг биринчи мажлисини ўтказиш учун ягона сана белгилаш таклиф этилмоқда. Унга кўра, маҳаллий сайлов комиссияси раиси янги сайланган депутатларни июль ойининг биринчи пайшанбасида кенгашнинг биринчи мажлисига чақириши лозим бўлади.
Бундан ташқари, муддатидан олдин овоз бериш жараёнида сайлов комиссияси аъзоларининг энг кам сони тўрт нафардан уч нафарга қисқартирилади, депутат ваколатининг бошқа шахсга ўтиши ва сайлов натижаларини тасдиқлаш тартиблари аниқлаштирилади.
Ўзгартиришлар кучга кириши учун қонун лойиҳаси Сейм томонидан якуний ўқишда қабул қилиниши лозим.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Ўзбекистонда сайловчилар рўйхати Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) орқали давлат ахборот тизимларидаги яшаш жойига оид маълумотлар асосида шакллантирилади. Сайловчи ўз маълумотларини текшириш ва хатолик юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Шу боис, Латвиядаги узоқ муддатли олдиндан рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ муаммо Ўзбекистон учун бевосита хос эмас ва мазкур ечимни имплементация қилиш зарурати мавжуд эмас.
Бироқ лойиҳанинг ташкилий жиҳати, яъни янги сайланган маҳаллий кенгашлар биринчи мажлисини ўтказиши учун ягона муддат белгилаш масаласи эътиборга лойиқ. Бу ҳудудларда кенгашлар фаолияти бошланишини бир хиллаштириши мумкин. Муқобил йўналиш сифатида янги норма киритишдан кўра, СЯЭРда манзил ўзгаришларининг тезкор акс этишини мунтазам баҳолаш ва заруратга қараб тизимни техник такомиллаштириш мақсадга мувофиқ.
Латвияда одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилмоқда
Латвия Сейми 24 сентябрь куни одам савдоси қурбонларини эрта аниқлаш, ҳимоя қилиш ва уларга зарур ёрдам кўрсатишни такомиллаштиришга қаратилган янги қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқуллади.
Қонун лойиҳаси одам савдоси қурбонларининг Латвияда бўлишига оид амалдаги қонунчиликни кенгайтиради ҳамда Европа Иттифоқининг одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш бўйича талабларини миллий қонунчиликка жорий этишни назарда тутади.
Янги қонуннинг асосий мақсади одам савдоси қурбонларини эрта аниқлаш ва ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш. Шу мақсадда миллий йўналтириш механизми жорий этилади. Шунингдек, жабрланувчилар учун 30 кундан 180 кунгача бўлган кутиш даври белгиланиши таклиф этилмоқда.
Ушбу даврда жабрланувчига ўзини тиклаб олиш, эҳтимолий зўравон ёки эксплуатация қилувчи шахслар таъсиридан чиқиш ҳамда тергов билан ҳамкорлик қилиш ёки қилмаслик ҳақида қарор қабул қилиш имконияти берилади.
Қонун лойиҳасида Давлат полицияси, ижтимоий реабилитация хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар ва одам савдоси қурбони билан биринчи бўлиб мулоқот қиладиган муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни аниқ белгилаш назарда тутилган.
Агар одам савдоси ҳолати бўйича шубҳа пайдо бўлса, тегишли маълумотлар Давлат полициясига хабар қилиниши мумкин. Масалан, эҳтимолий жабрланувчи полиция ёки ижтимоий реабилитация хизмати билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган тақдирда ҳам, биринчи бўлиб у билан мулоқот қилган муассаса мавжуд маълумотларни полицияга тақдим этиши лозим бўлади. Бунда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш талабларига риоя этилади.
Шунингдек, одам савдоси қурбони бўлган чет эл фуқаросига, агар унинг Латвияда бўлиши тергов ёки суд жараёнига ёрдам берса, белгиланган шартлар асосида вақтинчалик яшаш рухсати берилиши мумкин.
Латвия Ички ишлар вазирлиги одам савдосига қарши курашишда иштирок этувчи ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиради, статистик маълумотларни жамлайди, ҳаракат режаларини ишлаб чиқади ва услубий раҳбарликни таъминлайди.
Қонун лойиҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳам назарда тутилган. Бунинг учун давлатлараро йўналтириш бўйича алоқа марказини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Мазкур механизм орқали одам савдоси ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ўртасида янада самарали алмашиш имконияти яратилади.
2025 йилда Латвияда жами 22 нафар одам савдоси қурбони аниқланган. Бироқ ушбу кўрсаткич амалда содир бўлаётган ҳолатларнинг фақат бир қисмини акс эттириши мумкин. Аниқланган қурбонлар орасида Латвия фуқаролари билан бир қаторда учинчи давлатлар фуқаролари ҳам бўлган. Улар Латвия ҳудудида ёки хорижий давлатларда эксплуатацияга дучор қилинган.
Қонун лойиҳаси ҳали иккинчи ва учинчи ўқишларда Сейм томонидан кўриб чиқилиши ва қабул қилиниши лозим.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Латвияда одам савдоси қурбонларини эрта аниқлаш ва уларни тегишли хизматларга йўналтиришнинг миллий механизмини такомиллаштириш таклиф этилмоқда. Бу тажриба Ўзбекистон учун ҳам аҳамиятли, чунки “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида” ги Қонун ҳамда 2021 йил 8 февралдаги 60-сон Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида одам савдоси қурбонларини идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тизими шаклланган. Шу боис Латвия ёндашувини Ўзбекистондаги мавжуд механизмлар билан қиёсий ўрганиш мумкин.
Латвия қонун лойиҳасида одам савдоси қурбонлари учун 30 кундан 180 кунгача бўлган кутиш даврини белгилаш назарда тутилмоқда. Ўзбекистоннинг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни 22-моддасига мувофиқ, жабрланувчига жисмоний ва руҳий жиҳатдан тикланиши ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш ҳақида қарор қабул қилиши учун камида 30 сутка берилади. Шунингдек, мазкур Қонуннинг
26-моддасига кўра, жабрланувчининг жиноят процессида иштирок этишни рад этиши уни ёрдам олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Латвияда трансчегаравий ҳамкорликни кучайтириш учун давлатлараро қайта йўналтириш бўйича алоқа марказини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Ўзбекистоннинг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни
15-моддасида хорижда одам савдосидан жабрланган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг Ўзбекистонга қайтишига кўмаклашиш, 33-моддасида эса халқаро ҳамкорлик ва хорижий ваколатли органлар билан ахборот алмашиш механизмлари белгиланган. Шу нуқтаи назардан, Латвия тажрибасини ўрганиш мазкур механизмларни янада такомиллаштиришда фойдаланилиши мумкин.




















